ШҲТ БАНКЛАРАРО БИРЛАШМАСИ КЕНГАШИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

/
Тошкентда 22-23 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Банклараро бирлашмаси кенгашининг Ўзбекистон раислигида навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, Қозоғистон тараққиёт банки, Қирғизистон Республикасининг “РСК Банки”, Хитой Давлат тараққиёт банки, Россиянинг Тараққиёт ва ташқи иқтисодий фаолият банки (Внешэкономбанк) давлат корпорацияси, Тожикистон Республикасининг “Амонатбонк” давлат жамғарма банки, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, шунингдек, шерик банклар сифатида “Беларусбанк” жамғарма банки, Покистоннинг “Ҳабиб Банк Лимитед” банки ва Мўғулистон тараққиёт банки раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгашига раислик қилувчи банк раҳбарининг ушбу босқичда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раислигида амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисидаги ҳамда кенгашнинг бошқа аъзолари ва ШҲТ Банклараро бирлашмасининг шерик банклари вакилларининг жорий ҳамда истиқболдаги фаолият масалалари бўйича маърузалари тингланди. Томонлар инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш борасида, ШҲТ маконида ва Осиё минтақасида фаолият кўрсатаётган халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, ШҲТ Банклараро бирлашмасини ўрта муддатли истиқболда янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилди.
ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши йиғилишида томонлар сўнгги йилларда ШҲТда кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шериклар молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан қониқиш ҳосил қилди. Йиғилишда Мўғулистон тараққиёт банкига ШҲТ Банклараро бирлашмасининг шерик-банки мақомини бериш тўғрисидаги қарор имзоланди.
ЎзА

ШҲТ ИШБИЛАРМОНЛАР КЕНГАШИ БОШҚАРУВИ МАЖЛИСИ
Тошкентда 23 июнь куни Ўзбекистон раислигида ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқарувининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Ижрочи котиби С.Канавский, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши миллий қисмлари раислари – Ўзбекистон Республикасидан А.Шайхов, Қозоғистон Республикасидан Р.Баталов, Қирғизистон Республикасидан М.Шаршекеев, Хитой Халқ Республикасидан Х.Мэйцин, Россия Федерациясидан С.Катирин ва Тожикистон Республикасидан С.Шариф иштирок этди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ишбилармонлар кенгаши 2006 йилнинг 14 июнида таъсис этилган бўлиб, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон ва молиявий доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, кўп томонлама лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг бизнес ҳамжамиятлари вакилларини бирлаштирган нодавлат тузилмадир.
ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви мажлисида Ўзбекистон ўз раислиги даврида ШҲТга аъзо давлатлар манфаатларига мос келадиган ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш принципларига қатъий риоя қилгани, халқаро майдонда ташкилот нуфузини муттасил ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттиргани таъкидланди.
Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ШҲТ мамлакатлари бозорларига харидоргир саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, савдо муносабатларини рағбатлантириш бўйича қулай шароитлар яратиш ва бу борада бошқа тадбирларни амалга ошириш тарафдоридир. Шунингдек, ШҲТ давлатлари ўртасида инвестициявий ҳамкорлик тубдан ривожлантирилишига, муҳим тармоқларда ўзаро манфаатли лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишига ишонади.
Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда чет эл инвестицияларини жалб қилиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бошқаришнинг илғор тизимлари кенг жорий этилаётгани, шунингдек, маҳаллий корхоналар рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда жаҳон бўйлаб етказиб бериш жараёнига маҳаллий компанияларни жалб этишга қаратилган чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.
Мажлисда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, хусусан, минтақа давлатларининг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин истиқболда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва логистика, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, кўргазма-ярмаркалар фаолияти, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа турли соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг янада ривожланишига кўмаклашиш учун қўшма тадбирлар ташкил этиш, бизнес вакилларининг ШҲТ давлатларида ўтказиладиган йирик халқаро форумлар, кўргазма ва ярмаркаларда мунтазам иштирок этишини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги мақсадлар изчил...
01 янв 1970
Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича алоҳида имтиёзлар борм...
01 янв 1970
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий манбаи қонундир. 
01 янв 1970
Мамлакатимиз Президенти яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига алоҳида аҳами...