АНГРЕН — ПОП ЭЛЕКТРЛАШТИРИЛГАН ТЕМИР ЙЎЛИ — СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИКНИНГ ЮКСАК САМАРАСИ

/
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари мазкур ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун катта ютуқ, муҳим ва унутилмас тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
Қурилиш давомида Ўзбекистон ва Хитой қурувчилари, муҳандислари, мутахассислари аҳил ҳамкорликда меҳнат қилиб, юксак касб маҳоратини намоён этди. Ушбу иншоот энг юксак халқаро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир. Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади, деди Президентимиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўл тизимида ҳаракатланадиган “Ўзбекистон” йўловчи поездининг Қамчиқ туннелидан ўтишига рухсат берувчи семафорни ёқиш учун махсус тугмани босдилар...
Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан дунё бозорига янги йўллар очиш, мамлакатимизни бошқа минтақалар билан боғлайдиган замонавий транспорт коммуникациялари барпо этиш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилди. Асосий эътибор янги темир йўллар қуриш, мамлакатимизнинг ягона ва яхлит темир йўл тизимини барпо этишга қаратилди.
Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий—Учқудуқ—Султон Увайстоғ—Нукус темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди.
Кейинроқ “аср мўъжизаси” дея ном олган ноёб иншоот – Тошгузар—Бойсун—Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу бунёдкорлик иншооти мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Темир йўл транспорти барча давлатлар иқтисодиётининг асосий қон томири ҳисобланади. Эътиборлиси, темирйўлчиларимизнинг куч-ғайрати билан кейинги йилларда 1 минг 200 километрдан зиёд янги темир йўл тармоғи барпо этилди, 3 минг 800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Натижада темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 минг 500 километрга етди ва улар мамлакатимизнинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилган даврдан буён юк ташишлар 1,5 баробар, йўловчи ташиш 1,3 баробар ўсди. Умуман, 2015 йилда темир йўллар орқали қарийб 82 миллион тонна юк ташилгани ва 20,1 миллион йўловчи ўз манзилига етказилгани юртимизда мазкур тармоқнинг салоҳияти ва имкониятлари тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир. Бугунги кунда мамлакатимизда юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда.
Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда. Зеро, мамлакатимиз магистрал темир йўл тармоқлари орқали Шарқ ва ўарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган катта транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳалар қатори транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорлик ҳам юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Хитойда ишлаб чиқарилган энг юқори техник хусусиятлар ва қатор афзалликларга эга, замонавий ва юксак самарали электровоз ва тепловозларнинг мамлакатимизга етказиб берилгани ўзаро манфаатли ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши бу борада “кўприк” вазифасини ўтайди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига умумий қиймати 455 миллион долларлик маблағ йўналтирилди.
Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.
Бунёдкорлик ишларида “China Railway Tunnel Group” компаниясининг мингдан зиёд ишчи-мутахассислари, уч мингдан зиёд темирйўлчиларимиз, уч юздан ортиқ электрмонтажчи иштирок этди. Моҳир қурувчилар 32 ой мобайнида мураккаб табиий шароитларда – ёз жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам ишни бир меъёрда олиб борди. Бу ўз самарасини берди.
Узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен—Поп темир йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида 19,2 километрлик туннель очилди. Туннелдан ташқари бу ерда 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғулаш, портлатиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 285 сунъий иншоот ва сув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километр, ўртача баландлиги 25 метрлик 15 темир йўл кўприги ва 6 йўл ўтказгич барпо этилди. 4 станция, 4 разъезд ва 2 вокзал қуриб битказилди, 2 ним тортиш станцияси қурилди. Умумий қиймати қарийб 1 миллиард 635 миллион долларлик маблағга тенг бўлган мазкур улкан лойиҳа доирасида темирйўлчилар учун ўнга яқин турар жой бинолари барпо этилди.
– Темир йўл қурилиши соҳасида узоқ йиллардан бери ишлаб келаётганим боис Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти ҳақида кўп эшитганман, – дейди “China Railway Tunnel Group” қурилиш компанияси масъул ходими Ху Зенг Пинг. – Қурилиши ниҳоясига етган мазкур темир йўл Ўзбекистон иқтисодиёти учун нечоғли аҳамиятли эканини таърифлаш қийин. Темир йўл борган жойда ўсиш, ривожланиш бўлади. Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли нақадар тўғри экани ҳаётда ўз исботини топмоқда.
Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўли мамлакатимиз тараққиёти ва фаровонлигининг янада юксалишида алоҳида аҳамият касб этади. Буни мутахассисларнинг қуйидаги таҳлиллари ҳам тасдиқлайди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур темир йўл орқали шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин. Қурилиш даврида 4 минг киши иш билан таъминланган бўлса, темир йўлдан доимий фойдаланила бошлагач, яна 1,5 минг янги иш ўрни яратилади.
– Бундан 25-30 йил илгари бу ерлардан темир йўл ўтади, деса биров ишонмасди. Боиси, Қамчиқ довонининг улкан қоялари, чуқур жарликлари, пасту баланд адирлари узра поезд қатновини йўлга қўйиш ақлга сиғмас иш эди-да, – дейди Тошкент вилояти Паркент туманида истиқомат қилувчи 79 ёшли меҳнат фахрийси Солиддин Салоҳиддинов. – Бунёдкор халқимизнинг азму шижоати, Президентимизнинг узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқил сиёсати ва ташаббуси билан бундай хаёллар ҳақиқатга айланди. Мустақиллик даври кишиларининг ўткир зеҳни, собит қадами, қатъий хоҳиш-иродаси ва меҳнатсеварлиги эвазига халқимизнинг яна бир орзуси ушалди.
– Мазкур йўл иқтисодий тараққиётнинг белгиси бўлмиш қурилиш ва саноат, транспорт ва алоқа, хизмат соҳаларини ривожлантиришга, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, умуман, янги-янги маданий ўчоқлар очилишига, ҳаётни жонлантиришга, унинг суръатларини тезлаштиришга мустаҳкам замин яратади, – дейди Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўли қурилишини топшириш гуруҳи раҳбари Наврўз Эркинов. – Ўзбекистоннинг чет давлатларга чиқиш ва экспорт имкониятини, шу билан бирга, юртимизнинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади.
Айни пайтда қурилиш ишларининг мураккаблиги бўйича дунёда саккизинчи, узунлиги жиҳатидан ўн учинчи, МДҲ мамлакатлари орасида ягона бўлган Қамчиқ туннели Тошкент вилояти билан Наманган вилояти ўртасида робита вазифасини ўтайди.
...Дастлабки поезд Қамчиқ туннелини – Сардаладан бошланиб Чодак қишлоғигача бўлган масофани 16 дақиқада босиб ўтди.
“Ўзэкспомарказ” билан Қамчиқ туннели ўртасида тўғридан-тўғри видеоалоқа ўрнатилди.
“China Railway Tunnel Group” компанияси раиси Юй Баоулин ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Очилбой Раматов Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннелининг ишга туширилишга тайёр эканини маълум қилди.
– Биласиз, 2013 йилнинг апрель ойида Президентимиз халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлаган, – дейди Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Бирлашган” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари соҳиби Тожибархон Йўлдошева. – Сессияда мен ҳам қатнашганман. Ўшанда давлатимиз раҳбари бир янгиликка эътиборимизни қаратди: Ангрен—Поп йўналишида электрлаштирилган темир йўл қуришни мўлжалламоқдамиз. Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш масаласини эътибордан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Насиб этса, 2016 йилда ана шу темир йўл қуриб битказилиши билан водийга, жумладан, Андижонга поезд билан бемалол қатнаш имконига эга бўламиз, деди Президентимиз қатъий ишонч билан. Ўшанда давлатимиз раҳбарининг бу гапи наинки Андижон, бутун водий аҳлининг юксак олқишига сазовор бўлганди. Бугун ана шу гапларнинг амалдаги исботи, тарихий воқеанинг гувоҳи бўлаётганимиздан беҳад бахтиёрмиз.
Маросимда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг улкан самараси, халқларимиз ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
Хитой ва Ўзбекистон аҳил қўшни, яқин дўст ва ишончли ҳамкор, мамлакатларимиз ўзаро муносабатлардаги самимият руҳини юксак қадрлайди. Келгусида биргаликда халқларимиз манфаатларига хизмат қилувчи янада катта ютуқларга эришамиз. Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлик йўллари янада кенг ва порлоқ бўлишига ишонамиз, деди Си Цзиньпин.
Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли қурилишидек улкан ва ғоят муҳим лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, транзит ва сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш ва темир йўл тармоғини янада ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги серқирра, стратегик муносабатларни тобора юқори босқичга кўтаришга ва муттасил ривожлантиришга хизмат қилади.
Ирода УМАРОВА, Бекзод ҲИДОЯТОВ,
ЎзА мухбирлари
Т.МАМАДАМИНОВ, О.ҒУЛОМОВ (ЎзА) олган суратлар
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка бу борада аниқ ва холис ахборот етказиб бериш юзасидан кенг кўламли чо...
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан
01 янв 1970
Таҳлиллар эса, ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмаётган, ажрашиш туфайли кўчада қолаётган аёллар сони тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда....