Тенглар ичра тенг мамлакат тараққиётида демократия ва ижтимоий адолат — устувор мезон

/
Ватанимиз озодлигининг илк кунида “Мустақиллигимиз абадий бўлсин!” дея янграган ёрқин сўзлар халқимизнинг пок қалбидан айтилган қутлуғ тилак эди. Ўзига ишонган, юртимизнинг буюк келажагини яратишга қодирлигини англаган озод миллат мустақилликнинг абадий ва порлоқ йўлига чиққан кундаёқ ана шундай олий мақсад билан дадил ва залворли, тарихий қадамларини бошлади.
Замоннинг мураккаб, бир-биридан чигал синовлари, не-не таҳдидларидан заволсиз ўтиб, ўз йўлини йўқотмай олдинга одимлаш осон кечмаганини бугунги кекса ва ўрта авлод вакиллари яхши билишади. Дунё бир қадам бўлиб турган глобаллашув шароитида бу синовлар янада оғирлашиб, қийинчиликлар ортгани ҳам бор гап. Ўша пайтда дунё харитасидан эндигина мустақил давлат сифатида ўрин олган Ўзбекистон қисқа фурсат ичида тенглар ичра тенг бўла олганлиги, йилдан-йилга тез ва барқарор суръатларда ривожланиб, унинг нафақат ўз тақдири, балки инсоният тақдирига дахлдор мустақил қарашлари тарихий ҳақиқатга айланганига дунё жамоатчилиги ҳайрат ва ҳавас билан гувоҳ бўлиб келмоқда.
Мустақилликнинг абадий ва мунаввар йўлида муваффақият билан одимлаётган мамлакатимиз тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида барча соҳаларда босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган туб ислоҳотлар натижасида бир-биридан салмоқли ва муҳим тарихий ютуқларга эришди. Кейинги ўн бир йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида ялпи ички маҳсулотимиз 8 фоиздан кам бўлмаган суръатларда ўсаётгани, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганлиги Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, албатта, ҳаёт ҳақиқатига айланишини, бу мақсад тўла асосли эканини яққол кўрсатмоқда.
Бугун мустақилликнинг чорак асрлик довонида туриб халқимиз босиб ўтган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли йўлга назар ташлар эканмиз, аввало, мустақиллик нақадар олий неъмат эканлиги, меҳнаткаш халқимизнинг улкан бунёдкорлик ишлари, фаровонлик, озод ва обод Ватанимиз манзаралари кўз олдимизда намоён бўлади.
Халқимиз улуғ тарихий сана — Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, “ўтган давр мобайнида она юртимиз, барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш” мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан кенг қамровли амалий ишларга киришилди. Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигини юксак савияда, муносиб тарзда нишонлаш юзасидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида амалга оширадиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлари ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича чора-тадбирлар Режаси асосида барча бўғиндаги тузилмалар, партия депутатлари, ҳар бир сафдошимиз аниқ вазифаларни ўз олдига қўйган ҳолда ғоят кўтаринки руҳда байрам тадоригини бошладилар.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, истиқлол туфайли эришилган ҳар бир ютуқ, у мамлакат ёки бир вилоят, туман миқёсида бўладими, маҳалла, оила фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладими, унинг моҳиятида юртдошларимиз учун қадрли ва ғурурбахш куч бор, албатта. Партиямиз фаоллари, ёш сафдошларимиз ҳудудларда ўтказиладиган тарғибот тадбирларида айнан шу жиҳатга, одамларнинг кўз олдида кечаётган янгиланишлар, ўзлари баҳраманд бўлаётган ҳаёт ҳақиқатларига янада кўпроқ эътибор қаратадилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида амалга оширилган туб ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, иқтисодий тараққиётга замин бўлаётган улкан лойиҳалар ва уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан узвий боғлиқлиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизими, спорт ва бошқа ижтимоий соҳаларда эришилган ютуқлар халқимиз фаровонлиги, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётганини қайд этиш айни муддаодир.
Партиянинг “Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида “Ёш адолатчилар кексалар ҳузурида” акциясининг ўтказилиши ёши улуғ инсонларга ҳурмат кўрсатишга, шу билан бирга, истибдод даврининг оғир мусибатларини бошдан кечирган кексаларнинг ўгитлари орқали ёшлар қалбида бугунги дориламон кунларга шукроналик, мустақилликни қадрлаш, халқимизга садоқат туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади, албатта.
Шуни таъкидлаш лозимки, кўп миллатли юртимизда барча миллат ва элатлар учун тенг шароитлар яратилиб, уларнинг тили, урф-одатлари, анъаналари ва диний эътиқодлари ҳурмат қилиниши таъминланганлиги халқимизнинг азалий қадриятларига мос ва тараққиётимизнинг асосий омилларидан бири саналади. Партиянинг “Буюк ва муқаддассан, ҳур Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида “Бирдамлик – юрт тинчлигининг тамал тоши” мавзусида жойларда фаолият юритаётган байналмилал маданият марказлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган кўргазмали оммавий, маданий-маърифий тадбирлар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Бирдамлик — социал-демократиянинг шиорларидан бири эканлигини назарда тутсак, бу эзгу ишлар “Адолат” партияси учун янада муҳим аҳамиятга эга эканини англаймиз.
Мустақилликка эришганимизнинг ўзи тарихий адолатнинг қарор топиши бўлса, давлатимизнинг одилона сиёсати, узоқни кўзлаб иш тутиши, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ижтимоий адолатни қарор топтириш саъй-ҳаракатларимизда асосий мезон бўлиб келаётганлиги бежиз эмас. Нега айнан шундай? Тарғибот тадбирларида бу фикрнинг амалий тасдиғини мисоллар воситасида тушунтиришга мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишни сиёсий куч сифатида бош мақсад қилиб белгилаган партиямиз фаоллари ўзларини масъул, деб биладилар. Шу мақсадда, жумладан, “25 йил: Адолат барқарор давлат” мавзусида ташкил этиладиган фотокўргазмалар ҳам Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий адолат принципи жамият ҳаётида қарор топганлиги, адолат бор жойда тараққиёт бўлиши, одамлар ҳаётдан рози, эртанги кунига комил ишонч руҳида яшаётганлигини ёрқин далиллар орқали кўрсатишга қаратилган.
Юртимиз фарзандлари замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганлиги, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятли, ўз фуқаролик позициясига эга ёшлар жамиятимизда ҳал қилувчи кучга айланганлиги дунё тан олган яна бир асосий ютуғимиздир. Партиямизнинг байрамолди режасида ёшлар ўртасида олиб бориладиган тарғибот тадбирлари ва амалий ишлар асосий ўрин тутганлигини айтиш жоиз. “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Келажак бизники, марра бизники”, “Ёшлар – жамият таянчи, эртанги кун суянчи” ва бошқа бир қатор мавзулардаги тадбирларда баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида эътибор юксак натижалар бераётгани кенг тарғиб этилади. Шу билан бирга, глобаллашув даврининг турли таҳдидларидан ёшларимиз маънавиятини асраб-авайлаш, навқирон авлоднинг мустақиллигимизни мустаҳкамлашдаги иштирокини кучайтириш, иқтидорли, ташаббускор ёшларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, юртимиз фарзандларининг ҳар бирида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишга бўлган иштиёқ ва ишончини мустаҳкамлаш диққат марказимизда бўлади.
Тарғибот тадбирларида барча турдаги марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, партиямизнинг бугунги кунда жадал оммалашиб бораётган расмий веб-сайти www.adolat.uz ҳамда “Adolat” ижтиоий сиёсий газетасида “Мустақиллик — ўзбек халқининг энг буюк маънавий жасорати”, “Мустақил Ўзбекистоннинг давлат сиёсати инсонийлик ва эзгулик қонунларига асосланади” каби қатор мавзулар қизиқарли тарзда мунтазам ёритилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда энг улуғ ва энг азиз байрамимизга бағишланган яна бир қанча оммавий-маданий, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари уюштиришни ва уларда аҳолининг кенг қатламларини қамраб олишни мақсад қилганмиз.
Истиқлолнинг чорак асрлик даври тарих зарварағида ҳар бир йили асрларга татигулик улкан ютуқлар мундарижасини битмоқда. Бугун гўзал юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, ҳатто, энг чекка жойларида ҳам катта-катта ўзгаришлар давом этаяпти.
Инсоният юксак тараққиётга эришган, бироқ таҳликали ва мураккаб замонамизда дунёнинг қай бир нуқталарида йўқотишлар, моддий ва номоддий бойликларнинг завол топаётгани, хунрезликлар содир этилаётганлиги ҳақидаги хабарлар билан танишганимизда беҳад таассуфга тушамиз. Шундай нотинч даврда давлатимизнинг оқилона сиёсати, халқимизнинг юксак тафаккури ва маънавий жасорати боис биз ҳар куни мамлакатимиздаги бунёдкорликлар, ютуқлар, соҳалар ривожи, истиқболдаги режалар хусусида сўз юритишдан, моддий ва номоддий бойликларни яратаётганимиздан фахрланамиз.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган янги иншоотлар ҳадемай чорак асрлик бунёдкорлик мўъжизалари қаторидан жой олади. Буларнинг барчаси, аввало, халқимиз азалдан қадрлаб келган тинчлик билан боғлиқ эканини таъкидлаб, буни ўз муваффақиятларимиз мисолида дунёга ибрат қилиб кўрсатмоқдамиз. Шунинг баробарида тинчлик буюк неъмат эканини халқимизнинг давомчилари — ўсиб келаётган ёш авлод онг-шуурига сингдириб, келажагимиз ворисларини инсоният тараққиётига зид ғоялар, маънавий таҳдидлар таъсиридан асраяпмиз, фарзандларимизни огоҳ этаяпмиз. Ватан келажаги ишончли қўлларда, дея ўз ишончимизни уларнинг садоқатли, ватанпарвар қалбига жо этаяпмиз. Бу фикрлар Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан ташкил этилаётган турли тадбирлар мазмунида мужассам бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимиз тараққиётига, ҳар бир ҳудуднинг замон билан ҳамнафас ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги барча ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган партия депутатлари, “Аёллар” қаноти, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари буюк тарихий давримизнинг бу ёрқин ҳақиқатларини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг, таъсирчан тарзда тарғиб этиб келмоқдалар.
Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан бу борада ҳамкорликдаги ишларимиз янги мақсад ва режалар билан тубдан кучаймоқда. Улуғ тарихий сана муносабати билан амалга оширадиган барча эзгу ишларимиз партиямизнинг дастурий мақсадларига, “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони. Адолат — ҳар бир инсон учун” деган бош тамойилига ҳамоҳанглиги билан бирга мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг халқчил ғояларини кенг тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Адвокатлар иштирок этиши шарт бўлган жиноят ва фуқаролик ишлари ҳақида билмоқчи эдим?...
01 янв 1970
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий ҳимоя масаласига ало...
01 янв 1970
Наманган давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
– Уйда ўзаро маслаҳатлашиб, оила пудрати тузиш қарорига келдик. Бизни оила пудратининг ҳуқуқий меъёрлари ҳақидаги маълумотлар қизиқтиради. Шу...