Кўҳна воҳа марказининг янги жамоли

/
Истиқлол йилларида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш йўлидаги бунёдкорлик ишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилди. Мамлакатимиз раҳбари ғоялари асосида ўлкамиздаги йирик шаҳарларда, воҳалар, туманлар марказларида ғоят замонавий ва юртимиз қиёфасига монанд янги шаҳарсозлик маданиятига хос иншоотлар, бинолар, мажмуалар барпо этишга киришилди. Ана шундай янги, кўркам шаҳарсозлик маданияти намунаси Хоразм воҳасининг маркази Урганч шаҳри қиёфасида ҳам намоён бўлди.
Урганчнинг географик жиҳатдан қулай ўринда, воҳанинг марказида, тарихий савдо йўллари ўртасида жойлашиши, бир томони сув йўли — Амударёга яқинлиги, шаҳар марказидан катта каналнинг оқиб ўтиши унинг кўп асрлар давомида ўзига хос тарзда шаклланишига замин тайёрлади. Лекин шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий маркази вужудга келиши осон кечмади. Тор кўчалар, ҳар хил бунёд этилган турар жойлар, қурилиши талабга жавоб бермайдиган иншоотлар шаҳар маркази юзага келишига тўсқинлик қиларди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин шаҳар маркази инфратузилмасини янгидан шакллантиришга киришилди. Аввало, марказий кўча ҳам энига, ҳам бўйига кенгайтирилди. Унинг марказий қисмида Урганч куранти, Огаҳий номидаги мусиқали драма театри, вилоят Кенгашлар уйи, вилоят ҳокимияти биноси, молия бошқармаси, банклар ва яна бошқа ташкилотлар учун муҳташам иншоотлар қурилди. Бу маъмурий бинолар, иншоотлар нафақат ушбу марказий кўчанинг кўркига кўрк қўшди, балки шаҳар марказини ҳам вужудга келтирди. Кўчага урганчликлар буюк мутафаккир Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий номини беришди. Шаҳар кенгайгани учун кўча ҳам икки томонга узайтирилди. Шундай қилиб Ал-Хоразмий кўчаси шаҳарнинг икки дарвозаси — шарқда Урганч темир йўл вокзали ва шимолда Урганч халқаро аэропортини бир-бирига туташтирди. Кўчанинг икки томонида янги иншоотлар қуриш учун имкониятлар юзага келди.
Ҳар бир шаҳар қиёфасида, табиий равишда, шу шаҳар жойлашган ҳудуд ва унда яшайдиган халқнинг ҳаёт тарзига хос муҳим хусусиятлар, белгилар ўз инъикосини топади. Маълумки, Хоразм мамлакатимизнинг олис ўтмиш тарихидан гувоҳлик берувчи, дунё илм-фанига катта ҳисса қўшган улуғ алломалар яшаб ўтган, қадимий ёдгорликларга бой ўлкалардан бири ҳисобланади. Шу маънода воҳанинг олис ўтмиш билан боғлиқ тарихи Урганч шаҳрининг замонавий қиёфасида ҳам аксини топиши керак эди. Мамлакатимиз Президенти бу шаҳар қурилишида ана шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хоразмга ташриф буюрганида Ал-Хоразмий кўчасининг аэропорт билан туташган нуқтаси яқинида буюк мутафаккирлар Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий ва Абу Райҳон Берунийга бағишлаб ёдгорликлар ўрнатиш ҳақида кўрсатма берди. Қисқа вақт ичида кўчанинг икки томонида боғ-ёдгорликлар мажмуалари қад ростлади. Бу ёдгорликлар Хоразмнинг қадим меъморчилик анъаналари асосида барпо қилинди. Ёдгорликларнинг баланд пештоқлари, пештоқлардаги китобалар, мовий кошинлар, улардаги ислимий гуллар, турли шакллар, бурчаксимон тарзда тикланган гумбазлар, устунли ярим очиқ айвонлар, айвонларнинг гулдор кошинлар билан безатилган деворлари улуғ алломалар яшаб ўтган даврларга монанд яратилди. Бу ёдгорликлар эндиликда замонавий шаҳарсозликда Хоразм қадим меъморчилигининг янги тимсолларига айланди.
— Ал-Хоразмий шоҳкўчасининг шарқий қисмини замонавий тарихий асосда шакллантиришда ҳам мамлакатимиз Президентининг кўрсатмалари муҳим роль ўйнади. Юртбошимиз саъй-ҳаракати билан Шовот каналининг чап соҳилида Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги муносабати билан кўркам ёдгорлик боғ яратилди, — дейди Урганч давлат университети проректори Икром Абдуллаев. — Боғ тўрида буюк ватанпарвар аждодимизнинг маҳобатли ҳайкали қад ростлади. Унинг қиёфасида халқ бахт-саодати учун курашган инсоннинг мардлиги ифодасини топди. Мамлакатимиз раҳбарининг таклифига кўра Шовот каналининг ўнг соҳилида дунё адабиёти, тарихи ва китобат санъатининг илк намунаси ҳисобланган, инсониятни эзгу орзу, эзгу ғоя, эзгу амал йўлида бирлаштирган, Хоразмда яратилган “Авесто” асарининг 2700 йиллигига бағишлаб “Авесто” ёдгорлик-мажмуаси тикланди. Ёдгорлик тимсолида халқимизнинг юксак маънавияти, олис ўтмиш тарихи улуғланди.
Бу ёдгорликларга туташ нуқтада, кўчанинг марказий қисмида улуғ аллома, буюк мутафаккир Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг муҳташам ҳайкали ўрнатилди. Бу ҳайкал нафақат шу кўчанинг, ундаги тарихий ва замонавий мажмуаларнинг марказига айланди, балки шаҳарнинг барча нуқталарини, кўчаларини ўз пойида бирлаштирди. Шундан кейин Урганч шаҳрини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш мақсадида умумий қиймати 112 миллиард сўмни ташкил этадиган дастур ишлаб чиқилди. Кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Ҳозирги пайтга келиб, бу марказий кўчада биринчи қаватини савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаллаган 20 дан ошиқ кўп қаватли турар жой биноси, 10 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилди. Булардан ташқари, бу ерда ҳар бири 25 ўринли юқори даражали 3 та меҳмонхона барпо этилди. Ал-Хоразмий кўчасининг марказий чорраҳасида 4 та замонавий супермаркет ҳамда 38 та сервис ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали учун бунёд этилган муҳташам янги ўқув биноси шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Унинг яқинида талабалар учун 160 ўринли турар жой биноси қурилди. 2012 йилда 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ ҳисобидан шаҳарнинг канализация тармоқлари қайта таъмирланди. Ал-Хоразмий кўчасининг икки томонида яшил йўлаклар яратилди. Дарахтлар, гуллар экилди. Яшилликка бурканган хиёбонлар, болаларнинг дам олиши учун майдонлар, атрофга салқинлик таратадиган фавворалар шаҳарга гўзаллик, кўркамлик бағишлади. Хуллас, марказий кўчадаги бу қайта қуриш, бунёдкорлик ишлари Урганчда шаҳарсозликнинг янги, замонавий қиёфасини яратди.
— Шаҳарнинг ҳар бир қарич ерини яхши биламан. Илгари бу ерда бирор янги иморат, иншоот қуриш ниҳоятда қийин кечарди. Аввал юқоридан рухсат берилмасди, рухсат берилган тақдирда ҳам қуриш қийин эди. Иншоот асосини қуриш учун ерни сал қазсангиз сизот суви чиқиб кетарди. Сизот сувни бартараф этиш учун канализация йўқ эди. Натижада битта иншоот 10-15 йил ичида зўрға қуриларди, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи Рустам Султонов. — Энди эса уч-тўрт йил ичида нафақат битта иморат ёки иншоот барпо этилмоқда, балки бутун бошли шаҳарнинг беш-ўнта кўчаси, кўчанинг икки томонидаги кўп қаватли юзлаб бинолар, янги мавзелар, даҳалар, спорт иншоотлари, коллежлар, лицейлар, олий ўқув юртларининг бинолари янгидан бунёд қилинмоқда. Бунёд қилинганда ҳам аждодларимиз анъаналарига мос равишда миллий ва жаҳон меъморчилигига хос замонавий асосда яратилмоқда. Биз ана шундай шаҳар қуришни орзу қилгандик. Бу орзуларни рўёбга чиқариш фарзандларимизга насиб этди. Шундан хурсандмиз.
Ал-Хоразмий кўчасидаги замонавий шаҳарсозлик маданияти асосида барпо этилган янги турар жой бинолари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш уйлари, корхоналар жойлашган иншоотларнинг ҳар бири кўркамлиги, гўзаллиги, ободлиги билан эътиборни тортади. Уларни кўрган ҳар қандай одам қалбидан шундай обод масканни, гўзал, муҳташам иморатларни яратиш бунёдкор халқимиз қўлидан келар экан-ку, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, деган фахр-ифтихор туйғулари ўтиши, шубҳасиз. Ҳақиқатан ҳам, бу ердаги ҳар бир иншоот, бино замонавий меъморчиликнинг янги усуллари, лойиҳалари асосида яратилган. Шунинг учун иншоотларнинг тархи, қурилиш техникаси, ранглар уйғунлигида ўзаро яхлитлик бор. Бир иморатдаги гўзалликни иккинчи иншоотдаги кўркамлик тўлдириб боради. Биноларнинг олд қисмидаги нақшлар, безаклар ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Маълумки, аждодларимиз арклар, мадрасалар, саройларнинг пештоқларини турфа рангдаги гулдор кошинлар, ўйма ва бўртма майоликали нақшлар, арабий ёзувлар, тасвирий санъат намуналари билан безаганлар. Бу ердаги иншоотларнинг пештоқларида ҳам аждодлардан мерос гулдор кошинлар билан безаш усули кенг қўлланилган. Ушбу усул биноларнинг ташқи гўзаллигини оширган, воҳага хос миллий руҳни ёрқин намоён қилган. Шу тариқа бу иншоотларда тарихий меъморчиликнинг энг яхши анъаналари билан замонавий меъморчилик ютуқлари ўзаро уйғунлашиб кетган. Кўчанинг кенглиги, очиқлиги атрофдаги бинолар бор кўрки, маҳобати билан намоён бўлишига хизмат қилган.
Мамлакатимиз раҳбари 2012 йилнинг кузида Хоразмга ташриф буюрганида Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий кўчасида шаҳарни қайта қуриш, ободонлаштириш, замонавий шаҳарсозлик маданиятини яратиш борасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди. Шу билан биргаликда шаҳарни келгусида қайта қуриш, ривожлантириш йўлида қурилиш ва бунёдкорлик ишларини босқичма-босқич давом эттириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу борада қурилиш жараёнида Хоразмнинг ўзига хос табиий иқлим шароитини ҳисобга олиш, ер остидаги сизот сувларни қочириш, унинг сатҳини пасайтириш учун коллекторлар тизимини такомиллаштириш, шаҳар бағридан ўтган канал ва сув йўлларининг қирғоқларини иҳоталаш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, замонавий шаҳарсозлик маданиятини шакллантиришда муҳим бўлган кўкаламзорлаштириш ишларини воҳанинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб ташкил этиш, бу ерда ландшафт архитектурасидан кенг фойдаланиш хусусида амалий маслаҳатлар берди. 2013 йилдан кейин шаҳарда қайта қуриш борасида катта ишлар амалга оширилди. Айни пайтда, Урганч темир йўл вокзали капитал реконструкция қилинди. Марказий биноси қайта қурилди. Янги перрон, ёзги павильон яратилди. Вокзал олди ободонлаштирилди, кўркам хиёбон, фавворалар барпо этилди. Вокзал тўла маънода замонавий қиёфа касб этди.
Ал-Хоразмий кўчасида бошланган қайта қуриш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари шаҳарнинг Мустақиллик, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд ва бошқа кўчаларида ҳам давом этди. Урганчнинг темир йўл вокзалига туташ бўлган шарқий-жанубий қисми бутунлай қайта қурилди. Бу ердаги замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган эски турар жойлар, корхоналар бинолари, турли иншоотлар бузилди. Эски, тор кўчалар ўрнига автомобиллар қатнови учун имкон берадиган кенг йўллар қурилди. Йўллар атрофида тўрт қаватли 30 га яқин турар жойлар барпо этилди. Шаҳар бағрида янги даҳа вужудга келди. Гўзал, муҳташам, воҳа иморатсозлиги ютуқлари асосида, тарихий ва замонавий шаҳарсозлик анъаналарига амал қилган ҳолда қурилган бу иншоотлар шаҳар қиёфасини тубдан янгилади. Айни пайтда, даҳада янги таълим масканлари — мактаблар, коллежлар, болалар учун тарбия масканлари ҳам ишга туширилди. Янги даҳа бағрида яна бир улуғвор иншоот — воҳада ягона бўлган спорт манежи барпо этилди. Салкам 10 гектар ерни эгаллаган бу спорт мажмуасида спортнинг барча турлари билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилди.
— Янги даҳа аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Бу ерда барпо этилган иншоотлар, спорт мажмуаларининг барчаси ёшлар учун хизмат қилмоқда. Таълим муассасаларида ёшлар билим олмоқдалар. Шунинг учун урганчликлар янгидан қурилган даҳани “Ёшлар шаҳарчаси”, деб атадилар. Бу шаҳарчада Урганчнинг замонавий ва навқирон қиёфаси ўз аксини топмоқда, — дейди шаҳардаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Малоҳат Оллаберганова.
Аждодларимиз шаҳарсозликда бир анъанага қатъий амал қилганлар. Улар шаҳарларни ё сув йўллари бўйларига қурганлар, ё шаҳарлар бағридан ўтадиган кўплаб сув тармоқлари барпо этганлар. Бу шаҳарларни оби-ҳаёт билан таъминлашдан ташқари уларга салқинлик, кўрк бағишлаб, обод ва гўзал бўлишига хизмат қилган. Урганч шаҳри бағрини ҳам Шовот канали, бир неча анҳорлар кесиб ўтган. Уларни шаҳарга ҳаёт бағишловчи қон томирлар, дейиш мумкин. Афсуски, кўп йиллар давомида бу сув йўлларига эътибор берилмай келди. Шаҳарга гўзаллик, кўркамлик, ободлик бағишлайдиган бу масканлар ахлат ва чиқиндилар ташланадиган жойларга айланди. Баъзан сув сатҳининг кўтарилиши натижасида канал соҳилларида заҳланиш кучайди. Шу сабабли Урганч шаҳрини қайта қуриш, бунёдкорлик жараёнида канал соҳилларини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада канал тўла равишда тозаланди. Унинг шаҳар бағрини кесиб ўтувчи 6 километрга яқин соҳиллари гранит тошлар билан қопланди. Қирғоқлар иҳоталанди. Соҳилларда кўплаб хиёбонлар, боғлар, дам олиш масканлари пайдо бўлди. Болалар учун турли оромгоҳлар ишга туширилди. Бу ишларни амалга оширишда республикамизнинг барча вилоятларидан муҳандислар, ҳунармандлар, боғбонлардан тортиб, турли соҳа вакиллари иштирок этдилар. Шу тариқа бу ерда республикамиз вилоятларига хос бўлган шаҳарсозлик анъаналари, меъморчилик усуллари, боғ яратиш санъати намуналари пайдо бўлди. Эндиликда канал соҳиллари туну кун урганчликларнинг қадами узилмайдиган масканлардан бирига айланган.
— Урганч шаҳрида авваллари гул, дарахт экиб кўкартириб бўлмасди. Ернинг шўрлиги, сувнинг захлиги сабабли қуриб қоларди. Шаҳримизда бунёдкорликлар бошланганидан кейин уни кўкаламзорлаштиришнинг ҳам иложи топилди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раиси Баҳодир Бобожонов. — Аввало, шаҳарда канализация тармоқлари тўла ишга тушди. Зах сувлар йўқ қилинди. Дарахтлар, гуллар экиладиган, кўкаламзор қилинадиган масканларнинг тупроқ қатламлари алмаштирилди. Натижада шаҳар бағри гулларга тўлди, унинг турли нуқталарида Беруний, Хоразмий, Нажмиддин Кубро, Авесто, Жалолиддин Мангуберди номларида боғлар пайдо бўлди. Шаҳарнинг 300 гектардан ошиқ ҳудудида эколандшафт тизими яратилди. Буларнинг бари шаҳримизга гўзаллик билан бирга мусаффолик ҳам бағишлади.
Урганч шаҳрининг замонавий қиёфасини намоён қилувчи масканлардан яна бири Ёшлар боғи ва кўли ҳисобланади. Ўтган икки йил ичида шаҳар марказидаги собиқ истироҳат боғининг бир қисми ёшларнинг дам олиш маскани, Ёшлар боғи сифатида қайтадан бунёд этилди. Унга кириб боришдаги миллий асосда қад ростлаган арка, кўлдаги кема, фавворалар, кўл атрофидаги анвойи гуллар ҳар қандай одамда хуш таассурот уйғотади. Кўл ўртасидаги иккита оролда халқимиз тарихига оид кўринишлар, аждодларимиз яшаган ғорлар, шаҳарларимизда барпо этилган қадимий машҳур ёдгорликлар, обидаларнинг кичрайтирилган макетлари ўрин олган. Умуман, бу ердаги барча иншоотлар шаҳарсозликда тарих ва замонавийликни ўзаро боғлаш учун хизмат қилган. Бу эса ёшлар ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутади.
Урганч шаҳрида, ҳақиқатан ҳам, катта миқёсда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу улуғвор ишлар кўлами шаҳарнинг кечаги қиёфаси билан бугунги қиёфасини ўзаро солиштирганда яққол кўзга ташланади. Халқимизнинг бугунги бунёдкорлик қудрати намоён бўлади. Урганч шаҳрида бошланган қайта қуриш ишлари эндиликда кенг кўламда давом этмоқда. Унинг ҳудуди ҳозирги пайтда “Наврўз” йўлдош шаҳарчаси билан биргаликда 3325 гектарга етди, аҳолиси эса 135 мингдан ошди. Мамлакатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида бугунги кунда Урганч шаҳрини икки босқичда ривожлантириш истиқболли режаси ишлаб чиқилган. Режага кўра, биринчи босқич 2017 йилгача давом этади. Бу босқичда шаҳар тўла қайта қурилади. Бундан ташқари, янги даҳалар, марказлар, кўчалар барпо этилади. 2017 йилга бориб шаҳар ҳудуди 6600 гектарга етиши, аҳолиси икки баробарга ошиши кутилмоқда. Саноат корхоналари шаҳарнинг жануб қисмида барпо этилади. Аҳоли яшаш масканлари, даҳалар, марказлар эса шаҳарнинг шимолий-ғарб томонида бунёд қилинади. Шаҳар қурилишининг иккинчи босқичи 2030 йилгача давом этади. Бу даврда шаҳар ҳаёти ҳам, қиёфаси ҳам тубдан ўзгаради, у йирик мегаполисга айланади. Шу тариқа Урганч тимсолида воҳанинг бағридаги жавҳар — гўзал шаҳар қад ростламоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Келажакка юз очаётган шаҳар
Урганчга бугунги кунда юксакроқ нуқтадан назар ташласангиз, шаҳарнинг тўрт тарафида бунёдкорлик, қайта қуриш, яратувчилик, кўкаламзорлаштириш, ободончилик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз.
Шарқ ва жануб томонларида янгидан қад ростлаётган саноат корхоналари, микрофирмалар, қўшма ва кичик корхоналар иморатлари намоён бўлади. Шимол ва ғарб томонларида эса янги турар жойлар, спорт иншоотлари, савдо расталари, “Наврўз” йўлдош шаҳарчанинг бинолари барпо этилмоқда. Шаҳар марказида дам олиш, истироҳат боғлари, маданият масканлари қад ростламоқда. Хусусан, Амир Темур номидаги истироҳат боғи ниҳоятда кўркам қиёфа касб этмоқда. Бу боғнинг бир томонидаги дам олиш масканлари унинг иккинчи тарафидаги Ёшлар кўли ва боғига мувофиқ қайтадан таъмирланмоқда. Шовот канали соҳилларидаги дам олиш масканлари аллақачон аҳолининг севимли масканига айланиб улгурди.
Тунда Урганчни айлансангиз, турфа рангда ёритувчи чироқлардан кўчалар чароғон ва гўзал ҳолатда кўзга ташланади. Кўчалардаги чироқлар безалиши, кўриниши, нур таратиши, ранг-баранглиги жиҳатдан бири иккинчисини такрорламайди. Барчаси ўзига хос тарзда намоён бўлади. Бинолар пештоқларидаги ёритқичлар ҳам алоҳида эътиборни тортади. Тун қўйнида Шовот канали соҳиллари янада ўзгача чирой очади. Икки соҳилдаги гринлянд сифат чироқлар, фонарлар қирғоқларни, бу ерда жойлашган дам олиш масканларини ёритади. Кечки пайтларда соҳиллар янада гавжум бўлади. Шаҳарнинг турли тарафларидаги атрофга турфа ранг таратиб товланувчи фавворалар болаларнинг, ёшларнинг севимли масканларига айланади. Чорак аср илгари биз бундай гўзал турмуш тарзини, шарт-шароит, имкониятларни хаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Энди эса шундай ҳаётни кўриб турибмиз. Бундай пайтда қалбингизда ажиб бир туйғу — қувонч ва ғурур, бахтли ҳаётдан энтикиш, келажакка ишонч каби адоқсиз ҳислар уйғонади. Яна шундай юртда яшаётганингизга беадад шукр қиласиз!
Шаҳарнинг бугунги замонавий гўзал қиёфасини, обод манзарасини саноат корхоналарисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Эндиликда Урганчда 20 га яқин йирик саноат корхоналари фаолият юритмоқда. Шулардан бири UzXCMG корхонаси ҳисобланади. Бу корхона аввалги Урганч экскаватор заводи ўрнида Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси сифатида иш олиб бормоқда. Уни барпо этишда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ яқиндан ёрдам берди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган экскаваторларга нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам талаб катта бўлмоқда. Корхона иншоотлари, бинолари эса ниҳоятда кўркам, чиройли қилиб қурилгани билан ҳам шаҳар ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Урганч, айни пайтда, илм-фан, маданият, санъат маскани сифатида ҳам эътироф этилади. Шаҳардаги олий ўқув юртлари — Урганч давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университетининг Урганч филиали, ўнлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, кўплаб мактаблар, санъат масканлари, кутубхоналар, маънавият марказларининг аксарият қисми бутунлай янгидан барпо этилди, бир қисми қайта қурилиб, таъмирланди. Шаҳарнинг бугунги ҳаётига мос янги замонавий қиёфа касб этди. Бошқача айтганда, шаҳарнинг бугунги жамолида унинг келажак қиёфаси бўй кўрсатмоқда.
Рустам БОЛТАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Урганч шаҳар кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни ҳамда жамиятимизда таъминланаётган қонун устуворлигини ички ишлар органлари ва уларнинг фидойи ходимлари...
01 янв 1970
“Cамарқанд — ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир”. ...
01 янв 1970
“Инсон бу дунёда яшар экан фақат яхшилик қилиши зарур, халққа хизмат қилиши керак. Инсонийлик ҳиммати ҳамма нарсадан устун бўлмоғи шарт!&rdqu...
01 янв 1970
Муқаддас динимиз инсон шаъни ва қадрининг дахлсизлигини эътироф этган. Қуръони каримга кўра, Бани Одам мукаррамдир. Бани Одам азиздир. У гўзал сура...