“RICH MARKET”дан “YALPIZ”гача ёхуд жозиба хориж атамаларидами?

/
Пойтахтимизда замонавий шаҳарсозлик андозалари асосида бунёд этилган кўркам иншоотлар, турар жойлар, спорт-соғломлаштириш марказлари, савдо мажмуалари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари халқимиз фаровонлиги ва ҳаёт даражасини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда шаҳримиз кўчаларидаги ранг-баранг кўриниш ва турфа мазмундаги ёзувлар, яъни бинолар ташқи томонига ўрнатилган лавҳалар, ресторан, дўкон, гўзаллик салонлари пештоқига битилган атамалар, маҳсулотлар ва хизматлар рекламаси жойлаштирилган баннерлар кўпчилик эътиборини жалб этиши билан бирга, айни пайтда, юртимиз тараққиёти, халқимиз маданий-маърифий савиясини кўрсатадиган ўзига хос ойина эканини айтиш жоиз. Узоқ-яқиндан келадиган меҳмонларнинг кўзи, аввало, уларга тушади, фарзандларимизнинг саводи кўча-кўйда кўрганлари асосида ҳам чархланиб боради. Шундай экан, бундай пешлавҳаларда, реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотларда орфографик хатоларга, маънавиятимизга зид маънолар чиқишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада “Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига қатъий риоя этилиши шарт.
Маълумки, ер юзида беш мингга яқин тил ва лаҳжалар мавжуд бўлгани ҳолда атиги юзга яқин тил давлат тили мақомига эга. Ҳар бирида йигирма миллиондан ортиқ одам гаплашадиган тилларнинг умумий сони эса қирққа бормайди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани барчамизга бирдек фахр-ифтихор бағишлайди. Мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси ва Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бири, бу — ўзбек тилидир.
Бугунги кунда она тилимизнинг қўлланилиш доираси тобора кенгайиб бораётгани унинг нақадар бой эканлигидан далолат беради. Хусусан, нуфузли анжуманлар, спорт мусобақаларида ўзбекона каломлар янграётгани, интернет тармоғида ўзбек тилидаги сайтлар, чет элларда ўзбек тилини ўрганувчилар сони ортиб бораётгани ҳам тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеи юксалиб бораётганини англатади.
Аммо...
Аммо шаҳримиздаги баъзи кўчаларга йўлингиз тушса, дўконлар, ошхоналар, ресторанлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ажнабий тилларда ёзиб қўйилган номларини ўқиб, ҳайрон қоласиз. Мисол учун, айрим гўзаллик салонлари — инглиз тилида “Beauty Salon”, француз тилида “La Femme”, итальян тилида “La Perla Cosmetics”, ресторан-кафелар — инглиз тилида “Golden River”, “Dark hall”, француз тилида “Majeur”, немис тилида “Schloss”, мебель дўконлари — инглиз тилида “Elegant”, “Creative Master”, итальян тилида “Viva”, “Savio”, тиббиёт марказлари — инглиз тилида “Star Med Center”, испан тилида “Avisa Med Servis”, итальян тилида “Salus Vita” деб номланганига гувоҳ бўласиз.
Ёдда сақланиб қолиши мушкул, айтилиши қийин бўлган ажнабий тилдаги пешлавҳаларнинг маъно-мазмунини ҳам била олмайсиз. Ҳа, “Келинлар қўзғолони” комедиясидаги Фармонбиби “Хўрозқанд чет элники деса, ётиб олиб ялашади-я”, деб бежиз айтмаган экан-да. Ҳамкорликда чет эл корхона ва муассасалари билан асос солинаётган, фаолияти йўлга қўйилаётган қўшма корхоналар номини тушунса бўлар. Лекин хорижга умуман алоқаси йўқ фирмалар ва масъулияти чекланган жамиятлар, ҳатто каталакдек дўкону суратхоналар чет тилларда номланиши ҳам ажабланарли, ҳам кулгили. Ҳаттоки, “Rich market”, яъни “Бой дўкон”, деб ёзилганига нима деймиз? Дўконларни қўя турайлик, инглизча ном олган бирон тамаддихонага кирсангиз, хўрандаларнинг 90 фоизидан зиёди ўзбек тилида гаплашади, биронта чет эллик кўринмайди. Шундай экан, уларга нима учун бошқа тилдаги ном қўйилганини тушуниш қийин. Бу замонавийликка интилиш, бошқалардан бир поғона юқорида эканини кўрсатиш ёки халқимиз учун умуман ёт бўлган атамаларни кўр-кўрона қўллашми?
Ёхуд...
Ёхуд бу ном бошқа бирон жойда рўйхатга олинмаган бўлса кифоя, тўғри ёзилганми, эстетик жиҳатдан маъқулми, маъноси нимани билдиради, қадриятларимизга алоқаси борми-йўқми, буниси билан ҳеч кимнинг иши йўқ, дея исталган хорижий атамани танлаб, уни тегишли ташкилотга тасдиқлатиб олиш оқибатимикан?
Шу юртда туғилиб, она алласини илк бор ўзбек тилида эшитган, шу элнинг тўй-маъракасидан четда қолмаган, нон-тузидан баҳраманд бўлиб вояга етган дўсту биродаримиз сармоя тўплаб, яхши ниятда ўз бизнесини бошлар экан, нега энди ном танлашга келганда жондек азиз она тилига эмас, инглиз, француз ёки итальян тилига юзланади?
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳар бир юридик шахс, у дўкон, тўйхона, гўзаллик салони ёки маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бўладими, тасдиқлатиб олганман-ку, деб эгаллаб турган биносининг пештоқига исталган хорижий тилда ёзиб қўяверса, у ҳолда она тилимизга ҳурмат-эҳтиром қаёқда қолади? Наҳотки, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”, деб белгилаб қўйилганини билишмаса?
Маълумки, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 2015 йил 19 мартда бино ва иншоотлар ҳамда ёритиш устунларига жойлаштирилган хусусий эълон, реклама ва турли ахборотларни тартибга келтириш бўйича қарор қабул қилиниб, ушбу қарорга биноан, туман ҳокимликларига қатор мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳларини тузиш топширилган. Мазкур ишчи гуруҳлари зиммасига бир қатор вазифалар, жумладан:
тумандаги бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташқи томони ва атрофига жойлаштирилган реклама, эълон ва ахборотлардаги матн, ташқи дизайни ва ҳажмини ўрганиб чиқиш;
орфографик хатолар билан ёзилган, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунлари, архитектура талаблари ва маънавиятимизга зид реклама, эълон ва ахборотларни тартибга келтириш;
тадбиркорлик субъектларига ўрнатиладиган реклама, эълон ва ахборотлар архитектура ва қонун талабларига жавоб бериши, матнларнинг давлат тилида тўғри ёзилиши ҳамда акс эттирилган кўринишлар маънавиятимизга мос бўлиши лозимлигини тушунтириш ҳамда мазкур тарғибот воситаларини жойлаштиришдан аввал матнлар пухта текширилиши лозимлигини тавсия этиш;
қонун ҳужжатларига зид бўлган, бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари пештоқларидаги орфографик хато билан ёзилган ёзувлар, тарғибот воситалари, иккиламчи маъноли сўзлар ва маънавиятимизга тўғри келмайдиган суратлар жойлаштирилишининг олдини олиш чораларини кўриш юклатилган.
Шу ўринда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, давлат тилини менсимаслик белгиланган миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилганини келтириб ўтиш жоиз.
Ушбу чора-тадбирларга қарамасдан шаҳримиз кўчалари, хиёбонлари, бино ва иншоотлари, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотларда “Давлат тили ҳақида”, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларда назарда тутилган талаблар ҳамон бузилаётгани ачинарли ҳолдир.
Бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканини ҳар қадамда учраётган “Двери”, “Буфет”, “Центр обуви”, “Печати и штампы”, “Срочное фото”, “Цветная печать”, “Распечатка”, “Пригласительные”, “Переплет”, “Ламинирование”, “Визитки”, “Учебный центр”, “Подготовка абитуриентов”, “Языковые курсы”, “Бизнес курсы”, “Дошкольное обучение” каби пешлавҳалар, эълонлардан ҳам билиб олиш мумкин.
Албатта, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини ўзбек тилида номлаётган, бинолари пештоқига тилимизга хос ва мос номларни ёзиб қўйиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади. Тўйхона, ресторан, дўкон, гўзаллик салонларига ярашиб турган ўзбек тилидаги номлар шу миллат вакили сифатида дилимизни хушнуд этади.
...Серқатнов кўча бўйида янги тамаддихона очилганига кўзим тушиб қолди. Албатта, катта шаҳарда бунақа умумий овқатланиш шохобчалари кўп. Бир-биридан мазали таомлари, хизмат кўрсатиш сифати, қолаверса, қулай манзилда жойлашгани боис хўрандаларни ўзига жалб этади. У ҳолда, янги тамаддихонанинг бошқаларидан ажратиб турадиган жиҳати нимада, дерсиз?
Менга аввало унинг номланиши хуш ёқди. “YALPIZ”! Илк ўқигандаёқ димоғимга шифобахш ўсимликнинг муаттар ҳиди урилгандек бўлди. Тасаввуримда эса унинг ариқ бўйида ўсиб турган ҳолати гавдаланди. Кишини тўлқинлантирадиган яна бир кўриниш: пешлавҳа юксак маҳорат билан ёзилгани, кўкка бўй чўзиб турган ялпиз тасвири чиройли ҳарфларда, жозибадор яшил ранг жилосида акс этганида. Мана, ажнабий сўзларга ёпишиб олмасдан ўзбек тили имкониятларидан фойдаланса ҳам бўлар экан-ку.
Қонун талабларига риоя этган ҳолда ёзилган бундай ўзбекона номларнинг кўпайиши она тилимизга хос сўзлар оммалашишига, миллий ўзлигимизни англашга, ёшларни давлат тилига ва қонунларга ҳурмат руҳида камол топтиришга хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ва қонуности ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик назоратини амалга ошириш, бу жараёнларда партиянинг барча тузилмалари фаол иштирок этиши Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор вазифаларидан бири саналади.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳрида улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилди...
01 янв 1970
Мен қишлоқ хўжалигида 49 йилдан бери ишлаб келаман. Оддий тракторчиликдан иш бошлаган эдим. ...
01 янв 1970
Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилг...
01 янв 1970
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар....