Тарихий санани муносиб кутиб оламиз

/
Инсон учун бу ёруғ оламда эркинлик ҳиссини туйиб, тинч-осуда диёрда умргузаронлик қилиш, эртанги кунга комил ишонч билан юксак мақсадлар сари интилиш, ҳалол меҳнат қилиш ва унинг роҳатини, самарасини кўриб яшашдан-да ортиқ бахт бўлмаса керак.
Бугун дунёдаги бахтли мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаган юртимиз фуқароларининг сўзларида ва мамнун чеҳрасида ана шундай ёруғ кунлар шукронаси зоҳир. Зеро, мустақиллик халқимиз ҳаётининг мазмун-моҳиятини бутунлай ўзгартириб, тарихимизда буткул янги саҳифа очган буюк воқеадир.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимиз кўнглига кўтаринкилик бағишлаб, бутун юртимизга ҳозирданоқ мустақиллик байрами шукуҳини олиб кирди. Қолаверса, ушбу ҳужжат ўз мазмун-моҳиятига кўра барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз бўлган истиқлолимизнинг қутлуғ санасига муносиб тайёргарлик кўриш учун муҳим ҳуқуқий асосдир.
Мазкур қарор орқали байрамни кутиб олишда эътибор қаратишимиз лозим бўлган муҳим йўналишларнинг аниқ белгиланиши, байрам бош ғоясининг ўта мафтункор мазмунда ифода этилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Қарорда қайд этилганидек, биз 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало, миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда.
Айнан бу йўлда эришилган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш лозимлиги қарорда кўрсатилди.
Жамият ҳаётининг барча соҳаларида эришилган, кенг жамоатчиликка етказилиши лозим бўлган натижалар ўн бешта устувор йўналишларга ажратилган ҳолда баён этилди.
Улар орасида биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган улкан ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, хусусан, давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошиб бораётганини бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси эканлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий соҳага жуда катта эътибор қаратилди. Ўзбекистонда таълим тизимига давлат бюджетининг 12 фоиздан ортиқ маблағи йўналтирилмоқда. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсатгич 5-7 фоизни ташкил этади. Буларнинг натижасида Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурлар амалга оширилди, мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.
Шунингдек, қарорда мустақиллик даврида эришилган улкан муваффақиятлар билан бирга мамлакатимиз олдидаги мақсадлар ҳақида ҳам теран мулоҳазалар қайд этилган. Хусусан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш каби улкан вазифалар барчамизни қатъият билан илгарилаб боришга, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилишга, тинимсиз ўқиш, ўрганиш ва изланишга чорлайди.
Қарорда яна бир муҳим масала, яъни бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани баён этилган.
Умуман, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш орқали истиқлолимизнинг чорак асрлик тўйини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш барчамизга чексиз ғурур-ифтихор ҳамда юксак масъулият юклайди.
Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига бағишланган байрам тантаналарини юқори савияда ўтказиш, аҳолинг кенг қатлами, айниқса, электоратимиз билан учрашувларда, тарғибот-ташвиқот тадбирларида юртдошларимизнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга оширилаётган ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини аниқ далиллар, ҳаётий воқеалар асосида ватандошларимизга етказиш, уларни янги марралар сари руҳлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги ташкилотлари, фаоллари ҳамда депутатлари ҳам фидойилик ва ҳамжиҳатлик намуналарини кўрсатадилар.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида яқинда архивлар фаолиятини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳи тузилган эди....
01 янв 1970
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Амаким махфий васиятнома расмийлаштирганлигини ва унда менга ҳам баъзи нарсаларни мерос қолдирганлигини, лекин буни ҳозирча ошкор қилмаслигини айтд...