Юксалаётган юртда байрам шукуҳи

/
Ҳар бир халқнинг кечмишида фавқулодда аҳамият ва қимматга молик шонли кунлари, таъбир жоиз бўлса, жамият ҳаётининг кескин бурилиш нуқталари бўлади. Баайни йўлдан адашган, эҳтимол адаштирилган эл ногаҳон ўзга мақсад-манзиллар томон юз тутганини англаб оладию, воқеликдан аччиқ хулосалар чиқарган ҳолда, асл тутумларга амал қилиш тадоригига тушиб қолади. Аммо қандай кечажак бу жараён? Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилиш юз бермайдими? Зеро, ният қанчалик эзгу бўлмасин, уни тўлақонли амалга ошириш тизими ишга тушмас экан, унинг собит раҳнамолари, фидойи йўлбошчилари, ғоя атрофига бирлашган меҳнаткаш эли бўлмас экан, ният юксиз гап, тутуриқсиз ваъдага менгзаб қолаверади.
Биз энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллик кунининг чорак асрлик тўйини кутиб олмоқдамиз. Юртда, элда байрам шукуҳи. Ахир байрам озод ва обод юртга, бугунги тинч-хотиржам ҳаётдан кўнгли тўқ, эртанги кунига ишончи устувор халққа ярашади.
Айём арафаси сабаб, дўппини бундай бир ёнбошга олиб қўйиб, мулоҳаза юритиб кўрадиган бўлсак, айнан 1991 йилнинг 1 сентябри мамлакатимизнинг, миллатимизнинг, халқимизнинг яқин юз-юз эллик йиллик тарихидаги энг муҳим, энг бебаҳо ва энг қадрли кун эканлигига иқрор бўламиз.
Ҳа, дастлаб, гарчанд кўпдан кутилган бўлса-да, сокин кўкда ногоҳ чақнаган чақмоқдай таассурот уйғотган сана бизнинг онг-шууримиз, тафаккуримиз, қолаверса, қалбимизга ўз истилоҳларини олиб кирди.
Қандай бўлар экан расман эркин яшаш?
Ахир биз шундай кунларни кўрдикки, бугун эсласанг, номусдан қизариб кетасан, ҳатто кўнгилдан “Ростданам шундай бўлганди-я. Хўп ғалати замонлар экан-да”, деган юпатгувчи ўй ҳам ўтади. Буни бугунги авлод тасаввур этиши мушкул, аммо йўқчиликка асосланган шўро даврида одамлар ўз камбағалликлари билан, ота-бобоси, авлодлари фақир ўтганлиги билан фахрланишарди, анкеталарда буни ғурур билан қайд ҳам этишарди: баайни ижтимоий келиб чиқиши амал пиллапоясидан кўтарилишнинг кафолатидай. Шўро етмиш йил хусусий мулкни, ириб-чириб бораётган капитализмга хос “хусусий мулкчилик психологиясини” аямай сўкиб келди, мол-мулкдан маҳрум, билак кучидан ўзга бойлиги йўқ, қашшоқ Кўкан батракларни замон қаҳрамонлари қилиб кўрсатди. Бутун бошли мамлакатдаги ер, мулк, завод-фабрикалар — барча-барчаси ҳамманики, яъни аслида ҳеч кимники бўлмай қолди. Ваҳоланки, айнан ўрта қатлам, яъни мамлакатдаги тинчлик-осойишталикдан манфаатдор мулк эгалари жамият тараққиётининг тиргакларидан бири эканлигини бутун башарият ҳаёти кўрсатиб турибди. Мисол излаб узоққа бориб ўтирмайлик, бугунги кунда юртимиздаги иш билан банд аҳолининг деярли 80 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ёхуд кўр-кўрона эътиқодсизлик халқни оломонга айлантиришига, ундан эса байроқдор манқуртлар етишиб чиқишига ҳам мустабид тузум даврида шоҳид бўлиб улгурдик. Ё бўлмаса, эрталаб ўрнимиздан туриб, аввало кимга салом берганимиз кўпларнинг ёдида бордир...
Энди бундай мантиқдан холи, соғлом ақл билан изоҳлаб бўлмайдиган воқеликлар тарих сарқитхонасида қолиб кетганига минг марта шукрона айтсак арзийди.
Чорак аср...
Албатта, бу оқсоч тарих учун киприк қоққунчалик фурсатдир. Аммо бу йиллар мобайнида мустабид тузумдан мерос ўзибўларчилик, бошбошдоқлик, эгасизлик тамойиллари ҳукмронлиги ўрнатилган жафокаш жамият ўрнида бақувват, бардам, илиги тўқ, турфа ижтимоий-сиёсий, иқтисодий бўҳронларга қарши тура оладиган ва уларни енга оладиган жамият шаклланди. Энг муҳими, биз ўзимизни, ўзлигимизни танидик. Дунё бизни таниди, дунё бизни тан олди, биз дунёни танидик. Яшнаб-ўсиб турган бақувват дарахтнинг илдизлари нақадар чуқур кетганлигини тасаввур этиш мушкул эмас. Худди шундай, халқимизнинг мозий қаъридаги неча асрлик бой маданий-маърифий, илмий ва маънавий мероси бизнинг бақувват илдизларимизга айланди.
Шаксиз, ютуқлар осмондан тушмайди. Ёки Истиқлол эълон қилинган куннинг эртасигаёқ ҳамма бир юмалаб бошқача одамга айланиб қолмади. Ўтган йигирма беш йил ичида юртимизда эришилган барча оламшумул, чиндан ҳам дунё ҳайрат-эътирофига сазовор бўлаётган ютуқлар замирида меҳнаткаш халқимизнинг фидойиларча меҳнати, интилиши ётади, албатта. Шукрки, биз мана шу буюк ўзгаришларнинг шоҳиди ва иштирокчиси бўлган авлодмиз. Шукрки, биз мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга, буюк ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаётган авлодмиз.
Шу маънода давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бизнинг фаолиятимиз учун муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.
Инсон табиатида кўникувчанлик унсурлари кўпроқ учрайди, дейишади. Баъзан қулай яшаш муҳитига, хотиржамликка тез кўникиб кетамиз, гўё азалдан шундай бўлиб келгандай ва шундай бўлиб қоладигандек. Ваҳоланки, аслида бундай эмас. Тоғнинг буюклиги узоқдан ёки солиштиришда намоён бўлади.
Бугун дунё молиявий инқироз исканжасида оғир нафас олмоқда. Бунинг оқибати ўлароқ, кўплаб ривожланган давлатларда ижтимой соҳа учун бюджет ажратмалари, иш ўринлари, пенсиялар миқдори қисқармоқда, янги корхоналар ишга тушмаяпти. Шу шароитда мустақил юртимизга бир қаранг. Ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида 8 фоиздан кам бўлмаяпти. Бу жаҳондаги саноқли давлатлар эришаётган натижа. Мана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ халқимизнинг ҳаёт даражаси нақадар юксалаётганидан шоҳидлик бериб турибди-ку.
Биласизми, мен Юртбошимизнинг қарорини ўқирканман, “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиорини такрорларканман, дил-дилимдан яна бир бор шукроналик туйдим. Шундай юртда яшаётганимдан. Шундай халқнинг фарзанди эканлигимдан. Шундай тарихий жараёнларнинг иштирокчиси эканлигимдан...
Вақт ўтади. Йиллар бирин-кетин келиб кетаверади. Эрта-бир кун биз ўз невараларимизга ғурур билан “Биз Мустақиллигимиз эълон қилинганига шоҳид бўлганмиз! Биз мана шу янги жамият қурилишида, янги давлат бунёд бўлишида баҳоли қудрат қатнашганмиз!” деб айта олсак, шунинг ўзи бахт эмасми!..
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2018 йил 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Наманган вилоятида ҳам шу йил май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва у...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП нинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доираси бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.&nb...
01 янв 1970
Ўзбекистоннинг ташқи алоқаларида Россия билан ҳамкорлик алоҳида ўрин эгаллайди....