Экологик тоза маҳсулот нима?

/
Бозор иқтисоди шароитида маҳсулот ёки хизматни истеъмолчиларга кўрсата билиш ҳам маҳорат, билим ва ўзига хос ёндашувни талаб этади. Кейинги пайтларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари реклама қилинганида “экологик тоза маҳсулот” жумласи қулоғимизга тез-тез чалиниб қолаяпти. Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади? Экологик тоза маҳсулот нимаю, тоза бўлмагани қанақа? Уларни истеъмолчи бир-биридан қандай ажратиб олиши мумкин? Экологик тоза маҳсулотнинг афзаллиги нимада?
Шу ва шу сингари саволлар кўплаб истеъмолчиларни қизиқтиришини инобатга олиб, Тошкент давлат аграр университети “Ўсимликшунослик” кафедраси ўқитувчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Рихсибой ТИЛЛАЕВ билан суҳбатлашдик.

– Айтинг-чи, экологик тоза маҳсулот нима? Унинг ўзига хослиги нималарда намоён бўлади?
– Аввало, айтиш керакки, экологик тоза маҳсулотнинг илмий синоними органик маҳсулот, деб аталади.
Органик маҳсулотлар дейилганда органик сўзи “чекланган” маъносини англатиб, қўшимча минерал ўғитларсиз, заҳарли химикатларсиз ва бошқа техноген таъсирларсиз маҳсулот етиштириш ёки табиий тоза хомашёлардан олинган, замонавий технологиялар асосида етиштирилган маҳсулотлардир. Бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш ва унга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Европа бозорларида экологик тоза маҳсулотлар ҳажми 1997 йилда 5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2000 йилда 9,5 миллиард доллар, 2005 йилда Европа ҳудудида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг 10 фоизидан ортиғини ташкил этган. Европа мамлакатларида экологик тоза маҳсулотларга йиллик талабнинг ўсиши Германияда 5–15 фоиз, Дания, Швеция ва Швейцария давлатларида 30–40 фоизга ортганлиги, ушбу мамлакатларда экологик тоза маҳсулотларга катта аҳамият берилаётганлигини кўрсатмоқда.
Органик тоза маҳсулот етиштириш масаласи билан жаҳоннинг кўплаб олимлари шуғулланишмоқда. Улар асосан экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришнинг экологик, агротехнологик ва иқтисодий муаммолари тўғрисида илмий изланишлар олиб бормоқдалар.
Дунё миқёсида аҳвол шундай экан, бизда, Ўзбекистонда экологик тоза, органик маҳсулот нечоғлик ўз ўрнига эга, деган савол туғилиши табиий.
Очиғини айтганда, бизда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятини экологик тоза, яъни ҳозирги дунё ҳамжамияти томонидан номланиши бўйича органик маҳсулот, деб айтсак бўлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, пахта, ғалладан тортиб мева-чева, кўкатларимиз асосан заҳарли кимё воситалари, гербицидлар, стимуляторларсиз етиштирилади. Масалан, пахтамизнинг сифати дунё ҳамжамияти томонидан изчил ўрганилиб, уларнинг навларини оммалаштиришга қизиқиш кучайган. Ёки оддий мисол, Олтиариқнинг бодрингини бир хонага, четдан келтирилган гибрид навли бодрингни бошқа хонага қўйиб кўринг, бизда етиштирилган бодрингнинг ҳиди хонани тутиб кетади, гибрид навли бодринг узоқ муддат сақлансада, таъми ҳам, мазаси ҳам ўзига яраша.
Партия иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланиши тарафдори. Экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган, мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб бориш зарур.
Партия ернинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, барча агротехник тадбирларни зарур даражада ўтказиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, уруғчилик ва селекция ишларини ривожлантириш, ходимлар меҳнатини самарали ташкил этиш ва рағбатлантириш тарафдори.
(Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридан)
Айни пайтда биз, олимлар юртимизда азал-азалдан органик деҳқончилик мавжуд бўла туриб, бундай деҳқончилик шароитида етиштирилган маҳсулотларни муайян мезонлар бўйича таснифлаш юзасидан етарли даражада илмий мезонлар ишлаб чиқмадик. Оддийроқ айтганда, тупроқни бундай экин учун тайёрлаб олишдан тортиб, қандай экишгача, уни парваришлашнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан илмий асосланган тадқиқотлар ўтказиш бўйича жаҳоннинг бошқа давлатлари илгарилаб кетди. Фақат кейинги йилларда Ўзбекистонда экологик тоза маҳсулот етиштириш бўйича дастлабки изланишлар, тажрибалар олиб борилмоқда.
– Тушунишимизча, маҳсулотнинг ўзи бор-у, лекин унинг экологик тоза эканлигини тасдиқловчи меъёрлар ва стандартлар ишлаб чиқилмаган, тўғрими?
– Тўппа-тўғри. Мамлакатимизда ҳали органик қишлоқ хўжалиги ёки органик деҳқончилик тушунчаси тўғрисида маълумотлар етарли эмас. Унинг қонун даражасидаги талаблари ҳам ҳозирча ишлаб чиқилмаган, органик тоза маҳсулот стандартлари ҳамда бундай маҳсулотларни тартибга соладиган ва маркировка қиладиган хуқуқий асослар яратилмаган. Маҳсулотларимизнинг четга, хорижга экспортини кўпайтирсак, бу бизнинг ютуғимиз. Айни пайтда бунинг учун хорижлик истеъмолчиларни маҳсулотларимиз экологик тоза эканлигига ишонтиришимиз муҳим аҳамиятга эга.
Германия, Англия, Франция, АҚШ, Канада ва Япония сингари ривожланган мамлакатлардаги дўконларга кирсангиз, ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотларининг сертификати мавжудлигини кўришингиз мумкин. Демак, харидор сотиб олаётган маҳсулоти ҳақиқатан ҳам саломатликка зарар кўрсатмаслигини билади.
Масалан, харидор махсус сертификатга эга гўшт маҳсулоти табиий озуқа маҳсулотлари билан боқилган қўй ёки сигирники эканлигини, у санитария-гигиена қоидаларига тўғри риоя этилган ҳолатда соғилган, сўйилган ва сақланганлигини билади. Европа мамлакатларида экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, даладан дўкон пештахтасигача бўлган барча жараёнлар сертификатланади. Худди шу тартиб-тизим йўлга қўйилсагина, органик тоза маҳсулотни истеъмолчиларга етказиш имкониятига эга бўлинади.
– Органик деҳқончиликнинг ўзига хослиги нимада намоён бўлади? Алоҳида ёндашув фермернинг кучи, вақти ва маблағи кўп кетишига, ўз-ўзидан маҳсулотларнинг харидорлар учун нархи ошиб кетишига олиб келмайдими?
– Жуда ҳам тўғри. Органик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзига хослиги, анъанавий маҳсулотларга нисбатан харажатларнинг юқорилиги билан фарқланади. Бунда ишлаб чиқариш экологик тоза ҳаво, тупроқ, сув ва бошқа омилларга ҳам бевосита боғлиқдир.
Экологик тоза маҳсулот етиштириладиган ерларда аввало 3 йил давомида тозалаш тадбирлари ўтказилиши талаб этилади. Шундан сўнггина ер текширилиб, органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш учун сертификат берилади. Маҳсулот етиштиришда турли кимёвий воситалар, минерал ўғитлардан фойдаланиш ва генетик модификацияланган экин навларини экиш қатъиян тақиқланади. Бунда асосий агротехник тадбирлар қўл меҳнати эвазига бажарилади. Шундай усулда етиштирилган маҳсулотлар органик ёки экологик тоза маҳсулот номини олади ва таркибида 95 фоизгача органик модда бўлади.
Шуни таъкидлаш лозимки, органик тоза маҳсулот етиштиришни ташкил этиш учун деҳқончилик тизимини бутунлай ўзгартириш шарт эмас. Фақатгина юқоридаги талаблар ва шартларга қаътий риоя этиш керак, холос.
Маҳсулотларнинг нархи ошиши ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам, чет давлатларда экологик тоза маҳсулотларнинг нархи оддий маҳсулотларга нисбатан 3-5 баробаргача қиммат туради. Лекин бугуни ва эртасини ўйлаган ҳар қандай инсон ўз саломатлиги йўлида маблағ, куч-ғайратини аямагани маъқул.
Олимлар экологик тоза маҳсулот инсон соғлиғига зарар етказмаслиги, келажак авлод саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги ва юқори ижтимоий-иқтисодий самарага эга бўлишини асослаб беришган. Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилинганда одамларнинг ўртача умр кўриш ёшининг ортиши, аҳоли орасида ҳар хил касалликлар тарқалиш даражаси ҳамда болалар ўлимининг камайиши ва бошқа муҳим ижобий кўрсаткичларга эришилган.
– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида органик маҳсулотларни илмий асослаш, таснифлаш бўйича тадқиқотлар олиб борилаётганини айтиб ўтдингиз.
– Дарҳақиқат, бу жараён давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Сабзавот, полиз ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида бу борада жиддий изланишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, одатий усулда бодринг етиштиришда минерал ўғитлар қўллашнинг мақбул миқдори азот – 150 кг/га, фосфор – 150 кг/га, калий – 100 кг/га ҳисобланади. Янги технологияда эса, 25 кг/га органик микробиологик “ўғит (ФМКГ)+ 4 л/га, ер малҳами + фосфор – 50 кг/га ҳамда калий 30 кг/га қўлланилади. Азотли ўғитлар умуман солинмайди.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз шароитида экологик тоза маҳсулотлар етиштириш учун барча табиий шароитлар мавжуд. Бундай сифатли маҳсулотларимизнинг экспорт ҳажмини кескин ошириш заруратини инобатга олиб, бу борадаги қонун, қонуности ҳужжатлари, ҳуқуқий асослари, стандартлаш, маркировка масалаларини ҳал этиш мақсадга мувофиқ.
Ўйлаймизки, қишлоқ хўжалиги тараққиётига алоҳида эътибор қаратиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП биз, олимларга бу борада ҳамиша елкадош бўлиб қолаверади.
«Adolat» мухбири
Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида бир вақтнинг ўзида президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...
01 янв 1970
Халқимизда “Илоҳим қўша қаринглар, эл-юрт олдига дастурхон ёзиш насиб қилсин, топганларинг тўйларингга буюрсин, невара-эварали бўлинглар, бош...
01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....