Водийнинг бунёдкорлик фасли

/
Фарғона нафақат вилоятнинг, балки водийнинг марказий ва гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу шаҳарнинг бунёд этилиши, ташкил топган вақти хусусида тарихий манбаларда турли хил маълумотлар келтирилади. Айрим тарихчилар унинг ташкил топган вақтини 1877 йил деб белгилайдилар ва шаҳар чор Россияси босқинидан кейин қурила бошланган, деган фикрни илгари сурадилар. Бу мутлақо нотўғри маълумот. Чунки шаҳарнинг бунёд этилиши олис қадимият билан боғлиқ. Унинг қадимий шаҳар эканлиги хусусида “Табақати Тоҳирий”, “Мулаҳақот ус-суроҳ”, “Қомус ул-аълом”, “Ажойиб ул-булдон”, “Шоҳнома” каби асарларда аниқ маълумотлар ўрин олган.
Жумладан, Исҳоқхон Жунайдулло хожа ўғли Ибрат “Фарғона тарихи” асарида юқоридаги маълумотларга асосланиб бундай деб ёзади: “Низом ут-тарихи” Қозий Байзовийдан “Равзат ус-сафо” ҳикоя қиладур: Қубод ва Афросиёб вақтида Фарғона бино бўлган бўлса, ҳазрати Сулаймон вақтлари экан. Ҳазрати Сулаймон хилқати Одамдан беш минг йил кейин эди. Алҳолда хилқати Одамдан етти минг тўрт юз йил кўпроқ ўтди. Бу ҳисобда Фарғонани бино бўлганига икки минг беш юзларга яқин бўлса керакдур. Баҳархол бу Фарғона Қубод, Нўширвон, Афросиёб ва Искандарлардан қолғон эски шаҳарлиги маълум бўладир”. Фарғонанинг шаҳарсозлик тарихи олис ўтмиш билан боғлиқлигини археолог олимлар Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги муносабати билан бу ерда олиб борган археологик қазишмалари натижасида аниқладилар. Шаҳар бағридаги тепаликлар ва тарихий иншоотлар остида Фарғонанинг қадимий қалъа, қўрғонлари вайроналари кўмилиб ётганлиги маълум бўлди. Яъни, бу ерда шаҳарсозлик маданияти милоддан олдинги даврларда бошланганлиги ва у ўрта асрларга қадар давом этиб келганлиги археологик тадқиқотлар натижасида исботланди.
Фарғонанинг энг қадимги шаҳарсозлик мажмуалари, қалъа ва қўрғонлари бузилиб, йўқ бўлиб кетганлиги сабабли ўша даврларга оид бирорта ёдгорлик, обида ёки иншоот қолдиқлари сақланиб қолмаган. Шунинг учун XIX асрнинг 70-йиллари оҳирларига келиб шаҳар қайтадан қурила бошланди. Марғилонга туташ нуқтада бунёд қилинган бу шаҳар аввалги қалъа ва шаҳристондан иборат Фарғонадан фарқли равишда чор Россияси қўшинлари жойлашиши учун ярим ҳарбий шаҳарча тарзида тикланди. Кейинчалик шаҳарга Европа меъморчилиги анъаналари кириб келади. Шаҳарда модерн, эклектика, антик услублардаги ғарб архитектурасига хос бинолар, иншоотлар қад ростлайди. Зобитлар уйлари, ҳарбий бўлинмалар учун казармалар, почта, телеграф ва бошқа маъмурий бинолар барпо этилади. Шу тариқа ўша даврда янги Фарғона шарқона қиёфага эга бўлмаган, миллий шаҳарсозлик маданиятидан йироқ кўринишдаги шаҳарга айланади ХХ асрнинг 60-йилларидан кейин, собиқ шўролар даврида шаҳарда бетон қопламали, бир хил қолипдаги каталаксимон турар жойлар, бинолар кўплаб қурилади. ХХ асрнинг охирларига келиб шаҳар замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб бера олмай қолади.
Мустақилликка эришилганидан кейин мамлакатимиз Президенти Фарғона шаҳрини ободонлаштириш ишларини шаҳарнинг қадим қадриятларини қайта тиклаш, бу ерда яшаб ўтган буюк алломаларнинг номини, меросини улуғлашдан бошлади. 1998 йилда фарғоналик улуғ аллома, дунё илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшган мутафаккир Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан шаҳар марказида катта боғ барпо этилди. Боғ ичидаги хиёбонда буюк алломанинг маҳобатли ҳайкали қад ростлади. Боғ атрофи кўркам ҳолатда бунёд қилинди. Миллий асосда яратилган иншоотлар тикланди. Бу келгусида шаҳарни қайта қуриш учун асос бўлди.
Фарғона шаҳрини тубдан қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари 2011 йилдан бошланди. Республикамиз Президенти ўша йилнинг 11 октябрида Фарғонага ташриф буюрар экан, вилоят марказини қайта қуриш, кўчалар, майдонлар, хиёбонларни кенгайтириш, обод қилиш, шаҳар қурилиши бош режаси асосида унинг марказий қисмини барпо этиш, турар жойлар, маъмурий иншоотларни замонавий асосда яратиш хусусида мулоҳазалар билдирди ва тавсиялар берди. Ана шулар асосида Фарғона шаҳрида 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Бу дастур асосида шаҳарни тубдан қайта қуриш бош режаси ҳам яратилди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун мамлакатимиз хазинасидан 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шаҳарни қайта қуриш ишлари унинг марказини шакллантиришдан бошланди. Аввало, шаҳар марказидаги ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Соҳибқирон Амир Темур, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳор, Мустақиллик, Сайилгоҳ, Нурафшон, Қувасой, Маърифат каби ўндан ортиқ кўчалар энига кенгайтирилиб, бўйига узайтирилди. Кўчалар четлари ва ўрталари панжаралар билан иҳоталанди. Уларнинг четларига анвойи гуллар экилди. Шаҳар бағрида кенглик, кўркамлик пайдо бўлди.
Шаҳарнинг шарқий ва ғарбий нуқталарини боғловчи марказий Мустақиллик кўчаси машиналар қатновидан холи қилиниб, сайилгоҳ сифатида аҳолининг дам олиши учун мўлжаллаб қайта қурилди. Ушбу кўчанинг икки томонида савдо ва маиший хизмат уйлари, “Ёшлар” маркази, илм-фан даргоҳлари, кичкинтойлар боғи, турар жой бинолари, тадбиркорлик мажмуалари барпо этилди. Шаҳарнинг кўчаларидаги эски бинолар бузилди, ғарб архитектураси асосида модерн, антик услубда қурилган тарихий иншоотларнинг бир қисми реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этди. Улар меҳмонхоналар, олий ўқув юртлари, коллежлар биноларига айлантирилди. Фарғонанинг марказидаги маъмурий иншоотлар, банклар, савдо ва маиший хизмат мажмуалари замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирланди. Бу эса шаҳар маркази янгидан шаклланишига имкон яратди.
Фарғона шаҳрини тубдан қайта қуриш ва реконструкция қилиш махсус дастурига кўра, 2012 йилдан бошлаб бунёдкорлик борасида катта ишлар амалга оширилди. Шаҳарда 15,3 километрдан иборат кичик ҳалқа йўли, салкам 35 километрлик катта ҳалқа йўли барпо этилди. Бундан ташқари, 3 километрлик автомобиль йўлининг янги йўналиши ҳам ишга туширилди. Шаҳарга об-ҳаёт элтувчи ва салқинлик бағишловчи Марғилонсой тўла таъмирланди. Унинг салкам 6 километрлик ўзани ва қирғоқларига тош ётқизилди. Соҳилларида янги хиёбонлар, сайилгоҳлар, дам олиш масканлари яратилди. Бир йил ичида ўнлаб кўп қаватли уй-жой бинолари, 2 та бозор, 225 дан ортиқ ижтимоий-маиший бино ва хизмат кўрсатиш объектлари, 5 та истироҳат боғи ва хиёбонлар, 8 та фаввора янгидан қурилди.
Шаҳарда 16 мингта оила ва минглаб ижтимоий соҳа объектларининг ичимлик суви, табиий газ, электр ва иссиқлик энергияси билан таъминланиши яхшиланди. Қисқа вақт ичида шаҳарда 28 та болалар майдончаси, болалар спорт мажмуаси, аквапарк қурилди. 9 та замонавий аттракцион ўрнатилди. Ёшлар маданият ва спорт маркази, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят драма театри, банклар бинолари замонавий шаҳарсозлик талабларига мос равишда таъмирланди.
— Фарғонада замонавий ва миллий шаҳарсозлик асосида бошланган қайта қуриш ва бунёдкорлик ишлари шаҳар аҳлининг онгида янгича фикрлашни, янгича дунёқарашни шакллантирди, — дейди мамнуният билан меҳнат фахрийси Омонжон Ҳошимов. — Бугун одамлар нафақат ўз шахсий уйларини, балки кўчаларини, маҳаллаларини ҳам шаҳарнинг ҳозирги бўй-бастига монанд гўзал, кўркам, обод тарзда барпо этмоқдалар. Шаҳарнинг бирор ерида эътибордан четда бўлган ёки унинг ҳуснига доғ бўлиб тушадиган жой қолмади. Ҳамма жойда қурилиш, янгиланиш, ободлик. Ҳамма қалбан бу шаҳар, бу юрт меники, уни гўзал, обод, кўркам ҳолда бунёд этишга ҳисса қўшмоғим керак, деган туйғу билан яшамоқда. Ана шундай кунларга етказганига шукр!
Фарғона шаҳрида 265 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Шаҳар Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Қиргули каби бир неча даҳаларга бўлинган. Эндиликда шаҳарнинг жанубий қисмида янги Мустақиллик даҳаси бунёд этилмоқда. Бу ерда қурилаётган 34 та янги, кўп қаватли бир-бирига ўхшамайдиган, барча шароитларга эга турар жойлар, маъмурий иншоотлар, бинолар замонавий шаҳарсозликни ўзида тўла намоён этади. Шаҳарда ҳозирги пайтда 70 та маҳалла мавжуд. Бу маҳаллалар ободлиги, гўзаллиги, барча қулайликлари билан кечаги маҳаллалардан тубдан фарқ қилади. Шаҳардаги 42 та мактаб, 19 та коллеж, 6 та академик лицей, 4 та олий ўқув юрти, 16 та маданият муассасаси, 40 дан ошиқ кутубхона биноларининг аксарияти янгидан қурилган, бир қисми қайта тикланиб, таъмирдан чиқарилган. Фарғона, айни пайтда, саноат шаҳри ҳам ҳисобланади. Бу ердаги 30 дан ошиқ йирик корхона, 450 га яқин кичик корхона, 30 дан зиёд қўшма корхона, 3500 та микрофирмалар ҳам шаҳар ҳаётини янгилашга, уни обод мегаполисга айлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Фарғонага ташриф буюрганида “Фарғона шаҳрида барпо этилган айланма йўлни кўриб хурсанд бўлдим. Бу йўл тимсолида мен Фарғонани янгидан кашф қилдим. Бу йўл Фарғона шаҳри ривожига ҳар томонлама кучли туртки бериши шубҳасиз. Коммуникация пайдо бўлса, албатта, унинг атрофида дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, гўзаллик салонлари, дам олиш жойлари, энг муҳими, янги-янги иш жойлари ҳам пайдо бўлади”, деб қилинган ишларга юксак баҳо берди. Дарҳақиқат, шаҳар атрофидаги айланма йўл, аниқроғи, кичик ва катта ҳалқа йўллари Фарғонанинг замонавий шаҳарсозлик маданиятининг юксалишига хизмат қилмоқда. Бу йўллар атрофида янги уйлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, корхоналар барпо этилди. Фарғона аэропорти қайтадан таъмирланди. Шаҳар кўчалари ҳалқа йўллар орқали ўзаро туташди ва транспорт қатнови учун кенг имкониятлар туғилди. Бу ҳалқа йўлларининг қурилиши шаҳар атрофида йирик иншоотларнинг бунёд этилишига ҳам замин ҳозирлади. Шаҳарнинг шимолий қисмида Юртбошимиз ташаббуси билан ниҳоятда катта спорт мажмуаси қурилди. 50 гектардан ошиқ майдонни эгаллаган бу мажмуа бағрида стадион ва болалар футбол мактаби барпо этилди. Стадион 20 минг томошабинни бағрига сиғдиради. Томошабинларнинг спорт мусобақаларини кўриши, дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Замонавий талабларга жавоб берадиган бу ўйингоҳда халқаро миқёсда мусобақалар ўтказиш имконияти юзага келди. Шу маънода стадион нафақат Фарғона шаҳрининг, балки водийнинг марказий спорт мажмуаларидан бирига айланди. Мажмуада футбол мактабининг барпо этилгани бежиз эмас. Бу Фарғона футболининг ривожи учун замин тайёрлайди. Бу ерда эколандшафтнинг юзага келиши, манзарали дарахтларнинг ўтқазилиши, футбол мактаби ва стадионнинг барпо қилиниши мажмуани Фарғонанинг гўзал масканларидан бирига айлантирди.
— Бу жойлар бир пайтлари шаҳарнинг чеккаси, эътибор берилмайдиган, қаровсиз масканлар эди. Бу ҳам етмагандек, баъзан шаҳардан чиқиндилар олиб чиқилиб, шу жойларга ташланарди. Оқибати эса маълум. Бу шаҳар аҳли учун ҳам, шу ерга яқин яшовчилар учун ҳам ноқулайликлар туғдирарди, — дейди Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси Раъно Сулаймонова. — Дастлаб ана шу жойда стадион қурилармиш деганда унчалик ишонмагандик. Кейин бу ерда нафақат стадион қурилди, балки ниҳоятда катта, 50 гектардан ошиқ майдонни эгаллаган спорт мажмуаси барпо этилди. Стадион ва болалар футбол мактаби атрофида яшил зона — арчазор боғ яратилди. Бу мажмуа эндиликда футболчиларнинггина эмас, бутун шаҳар аҳлининг соғломлаштириш, дам олиш масканига айланди. Бундай ободлик кимни қувонтирмайди, дейсиз?
Фарғона шаҳрининг жанубий-шарқ томонига қараб юрсангиз, Марғилонсой бўйларида салкам 80 гектарлик ҳудудда яна бир улуғвор бунёдкорлик ишлари амалга оширилганига гувоҳ бўласиз. Бу ерда мамлакатимиз Президенти ғоясига мувофиқ муҳташам Санъат саройи ва амфитеатр барпо этилди. Санъат саройи қад ростлаган маскан, унинг атрофида яратилган эколандшафт билан бирга 40 гектардан ошиқни ташкил қилади. Бу сарой қай томондан назар ташламанг, кенглик ва очиқлик фонида ниҳоятда маҳобатли иншоот сифатида намоён бўлади. Мукаммал лойиҳа, мураккаб муҳандислик ечими асосида ниҳоятда гўзал қилиб барпо этилган бу саройга қараб, унинг юртимиз меъморлари, муҳандис-техник ходимлари, қурувчилари ақл-идроки, иқтидори, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг бунёдкорлик қудрати эвазига тикланганини кўриб, қалбингиз ғурурга тўлади. Улуғвор бунёдкорлик ишлари Санъат саройидан ташқари, унинг атрофида ҳам олиб борилди. Саройнинг шарқий томонида болалар учун очиқ ва ёпиқ турдаги сув спорти ҳавзаси, меҳмонхоналар, коллежлар, мактаблар бинолари қурилган бўлса, шимол томонида молия муассасалари ва бошқа маъмурий ташкилотларнинг кўп қаватли иншоотлари қад ростлади. Саройнинг ғарб томонида аҳоли учун янги турар жойлар, маиший хизмат корхоналари, савдо шохобчалари тикланган бўлса, жануб томонида Мустақиллик даҳаси барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси ушбу масканни шаҳарнинг маданий марказига айлантирди.
— Мамлакатимиз Президенти 2011 йилда Фарғонага келган пайтида шаҳар ҳаёти билан боғлиқ жараёнларни яхши эслайман. Ўшанда шаҳарнинг икки-уч нуқтасида кичик доирада қурилиш ишлари олиб борилаётганди. Баъзи жойлардаги эски иморатлар, корхоналарнинг талабга жавоб бермайдиган бинолари, собиқ иттифоқ давридан мерос қолган, эгаси кўчиб кетган уйдай ҳувиллаб ётган иншоотлар шаҳарнинг қиёфасини жуда ғариб кўрсатарди, — дейди шоира, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Энахон Сиддиқова. — Юртбошимиз ўшанда, биринчи навбатда, шаҳарнинг қиёфасини ўзгартиришга, тарихий биноларни, турар жойларни қайтадан таъмирлашга, талабга жавоб бермайдиган иморатларни бузиб, улар ўрнида янгиларини бунёд этишга, шаҳар марказини янгича асосда шакллантиришга алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, шаҳар атрофида ва унинг кунчиқар қисмида ҳам замонавий, ҳам миллий асосда маданий марказлар вужудга келтириш масаласини ўртага ташлади. Биз ўшанда бу ишлар камида ўн йиллар атрофида амалга ошса керак, деб ўйлагандик. Амалий ишлар ўйларимизни ортда қолдирди. Икки-уч йил ичида шаҳар таниб бўлмас даражада ўзгарди. Энг муҳими, шаҳарнинг ободлиги одамлар қалбига ҳам кўчди. Фарғона аҳли қалбида, ҳаётида бунёдкорлик, яратувчилик, ободлик аъмоллари давом этмоқда.
Водий аҳли гўзалликда тенгсиз бўлган Фарғона шаҳрида яқинда ўтказилган “Универсиада — 2016” спорт ўйинларига ниҳоятда катта тайёргарлик кўрди. Шаҳарда бунёдкорлик ишлари учун 37 миллиард 215 миллион сўм маблағ сарфланиб, ўнлаб янги спорт иншоотлари, стадионлар, теннис кортлари, сузиш ҳавзалари, спорт заллари ва бошқа объектлар замонавий талаблар асосида барпо этилди. Мусобақалар юксак даражада ўтказилди. Янги иншоотлар эса шаҳарнинг замонавий қиёфасига гўзаллик бағишлади. Шаҳар янада яшарди.
Ижодкорлардан бири Фарғона шаҳрининг кечаги кунини уйқудаги маликага ўхшатган эди. Бугун эса уйқудаги малика ҳақиқатан ҳам уйғониб, ўзининг гўзаллигини намоён қилмоқда. Бу маликанинг бугунги қиёфаси нафақат кундузи, тунда ҳам янада чиройли, латиф кўринади. Нурлар оғушига кўмилган кўчалар, хиёбонлар, дам олиш масканлари, боғлар қўйнида ажиб жозиба касб этади. Муҳташам иншоотлар оғушида янада гўзал тарзда кўзга ташланади. Мусиқали, рангли фавворалар, турфа чироқлар шаҳарга осудалик, шаффофлик бағишлайди. Шаҳар йилдан-йилга кенгайиб, катталашиб, аҳолиси ўсиб бормоқда. Агар шаҳар аввал 9500 гектар жойни эгаллаган бўлса, 2015 йилга келиб унинг ҳудуди яна 600 гектарга ошди. Шаҳарнинг 2030 йилгача ишлаб чиқилган бош режасига кўра, унинг ҳудуди ҳам, аҳолиси ҳам икки бараварга кўпайиши режалаштирилмоқда.
Йилнинг тўрт фаслининг ўзига хос қиёфаси, латофати, гўзаллиги, табиат ато этган саховати мавжуд. Лекин ҳаётда бу тўрт фаслдан ташқари яна бир фасл бор. Бу бунёдкорлик, яратувчилик фаслидир. Бу фаслда жамиятнинг қиёфаси, латофати, гўзаллиги ва саховати бўй кўрсатади. Бугун олтин водийнинг Фарғона шаҳри ана шу бунёдкорлик, яратувчилик фаслида яшамоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

ЯШИЛ ЛИБОС КИЙГАН ШАҲАР
Фарғона водийнинг азал-азалдан дов-дарахтларга, кўкаламзор масканларга, гуллар ва гулзорларга бой шаҳри ҳисобланади. Шаҳарга юксакликдан қарасангиз ҳам, у яшиллик ичра кўзга ташланади.
Аммо шаҳар қайта қурилиб, замонавий ва миллий асосда барпо этила бошлагандан кейин унинг дов-дарахтларга бой, кўкаламзор кўринишида қандайдир ноўхшовлик, шаҳарнинг янги қиёфаси учун нотабиийлик каби ҳолатлар сезила бошлади. Натижада шаҳарнинг обод, кўркам ва замонавий кўринишига мос равишда янги эколандшафт тизимини, кўкаламзор қиёфасини яратиш ҳаётий заруратга айланди. Шу асосда шаҳар бағрида мавжуд дов-дарахтларга шакл берилди, кўкаламзор масканлар тартибга солинди. Янги боғлар, хиёбонлар, кўкаламзор жойлар, гулзорлар яратилди. Янги эколандшафт тизими шаҳарнинг ҳамма томонини қамраб олди.
Бу тизимнинг бир тарафи шаҳарнинг ўртасидаги сайилгоҳга айлантирилган Мустақиллик кўчаси атрофидаги кўкаламзор масканлар ва Марказий боғдан бошланиб, шаҳарнинг жанубий қисмидаги Санъат саройи майдони ва Мустақиллик даҳасига қадар етиб боради. Тизимнинг иккинчи тарафи марказдан бошланиб, шаҳарнинг ғарбий қисмидаги “Хотира” майдони ва унга туташ нуқталар билан боғланади. Кўчалар четидаги гулзорлар, хиёбонлар, дов-дарахтлар, фавворалар янги эколандшафт тизимининг бир қисмини ташкил этади. Тизимнинг учинчи томони марказдан бошланиб, шаҳарнинг шимолий қисмидаги янги қурилган стадион ва унинг атрофидаги арчазорлар билан боғланади. Кенг йўллар, кўчалар атрофларидаги хиёбонлар, гулзорлар, кўкаламзор масканлар кўз ўнгимизда эколандшафт лентасидек намоён бўлади. Тизимнинг тўртинчи тарафи марказдаги бозор олди хиёбонидан тортиб, шаҳарнинг шарқий қисмидаги маҳаллалар бағридаги боғлар, яшил масканлар, дов-дарахтлар тўла кўчалар, гуллар билан безанган хиёбонларни қамраб олади. Бошқачароқ айтганда, шаҳар янгидан ўзига ярашиқли, чиройли кўркам яшил либос кийди. Натижада шаҳар бағрида очиқлик, кенглик, ажиб бир латифлик юзага келди. Шаҳар қиёфасидаги аввалги тундлик ўрнини гўзаллик эгаллади.
Фарғонанинг бағридан оқиб ўтувчи Марғилонсой илгари қаровсиз, қирғоқлари кўримсиз, чиқиндилар тўпланиб ётадиган, суви фойдаланишга яроқсиз ҳолда эди. Бунёдкорлик натижасида сойнинг ўзани ва қирғоқларига тош тўшалиб, атрофи обод қилинди. Соҳилларида дам олиш ва кўнгилочар масканлар, хиёбонлар, боғлар барпо этилди. Эндиликда бу сой нафақат шаҳарнинг гўзаллиги учун, балки унинг бағрида микроиқлим яратиш учун ҳам хизмат қилмоқда. Бугунги кунда дунё меъморлари ҳар бир шаҳарнинг кўркам қиёфасини, мусаффо ҳавосини сақлаш учун ўша ерда 30-35 фоиздан кам бўлмаган кўкаламзор жойлар, боғлар, дарахтлар, эколандшафтлар яратиш фикрини ўртага ташламоқда. Фарғона шаҳрида эса бу кўрсаткич 45-50 фоизни ташкил этади. Бошқача айтганда, уни яшиллик қўйнига чўмган шаҳар, дейиш мумкин.
Бугун Фарғона шаҳрида замонавий ва миллий шаҳарсозликни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ниҳоятда улуғвор. Агар буни Президентимиз сўзлари билан айтадиган бўлсак, “Фарғонанинг кўпни кўрган, ҳаётнинг, одамнинг қадрига етадиган, меҳнаткаш ва меҳмондўст, содда ва самимий инсонлари ўз қўллари билан эртанги кунни, ёруғ келажагини қурмоқдалар”.
Юсуф АҲМАДАЛИЕВ,
халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун қадрли инсон бўлган Ислом Каримов ўз ҳаёти ва тақдирини жонажон Ўзбекистонимиз, халқи...
01 янв 1970
Депутатлик гуруҳимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.
01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўла ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда....
01 янв 1970
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида ястаниб ётибди. ...