Болаларга беринг дунёни

/
Инсон умрининг кўрки ва мазмуни фарзанддир. Жажжи ва қалби беғубор болажонларни ардоқлаш, соғлом ўстириш, турли хуружлардан асраш, уларга таълим-тарбия бериш катталарнинг муқаддас бурчи ҳисобланади.
Ўзбек халқи азал-азалдан болажон. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг гувоҳи бўласиз. Фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб, қалбингиз фахр ва ғурурга тўлади.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом қилиб вояга етказиш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда, уларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилишда ҳамда миллий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиш, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, спортга жалб қилиш каби масалалар ҳам диққат марказида бўлмоқда.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, хусусан, бола ҳуқуқларига оид бир қатор халқаро битимларга қўшилди. Жумладан, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, “Болаларни омон асраш, ҳимоя қилиш ва камол топтиришни таъминлаш тўғрисида»ги умумжаҳон Декларациясининг ратификация қилинганлиги Ўзбекистонда болалар манфаатларини таъминлаш устувор аҳамиятга эга эканлигининг ёрқин далилидир.
Конституциямизнинг 64-моддасига мувофиқ “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”. Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилган. Мазкур қонуннинг 11-моддасида боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқий кафолатлари ҳақида сўз юритилган бўлиб, унда ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Соғлом она ва бола йилида ҳам болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни уйғун камол топтиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Юртимизда йилларни номлашда келажагимиз бўлмиш болаларнинг манфаатини таъминлашга доир мақсадлар ўз ифодасини топган. Қатор йилларнинг “Оила йили”, “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили” деб номланиши ва шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурларида, аввало, болалар ҳимояси, соғлом насл, оналарнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш, болаларнинг соғлом туғилиши ва баркамол авлодни тарбиялаш масалалари ўрин олган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарқатган хабарда қайд этилишича, дунёда вафот этаёган болаларнинг ҳар учинчиси очлик қурбони бўлмоқда. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ушбу вазиятни янада кескинлаштирди. Натижада бугунги кунда сайёрамиз бўйича 200 миллион нафар бола сурункали тарзда тўйиб овқат истеъмол қилмайди.
Маълумотларга қараганда, ҳозир сайёрамизда 57 миллион нафар боланинг мактабда ўқиш имконияти йўқ, сифатсиз таълим туфайли 250 миллион нафар бола ўқиш ва ёзишни билмайди.
Болалар ҳамиша ҳимояга муҳтож. Бу муаммо, айниқса, бугун янада долзарб аҳамиятга касб этмоқда. Дунёнинг қайсидир нуқталарида нотинчликлар, қонли можаролар содир бўлаётган, қай ўлкаларда очарчилик ҳукм сураётган экан, болаларни асраб-авайлаш, вояга етказиш инсоният учун энг долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
Ана шундай мураккаб даврда юртимиз фарзандларининг тинчлик-осойишталикда, беқиёс ғамхўрликлар оғушида униб-ўсаётганлиги, уларга барча шароитлар муҳайё эканлиги барчамизни чексиз қувонтиради.
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ўтказилаётган байрам тадбирларида ҳам ана шулар ҳақида алоҳида таъкидланмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қоровулбозор туман кенгаши фаоллари ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Жарқоқ” маҳалласидаги “Моҳигул” мактабгача таълим муассасасида “Барча шодлик сенга бўлсин” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирда болажонлар Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар билан иштирок қилишди. Муассасада таълим олаётган болажонларга совғалар топширилди.
Гуллола НОСИРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қоровулбозор туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Милодий 1406 йилда Ҳиротда ўз даврининг етук алломаси Камолиддин Ҳусайн Гузаргоҳийнинг “Мажолис ул-ушшоқ” (“Ошиқлар мажлиси&rdquo...
01 янв 1970
Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” ижтимоий лойиҳаси амалиётга кенг татбиқ ...
01 янв 1970
Яқинда йўлимиз тушиб, эрталаб соат 6:20 да «Қўйлиқ Марказ-2» шоҳбекатига бордик....
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен &m...