Иш муҳим, натижалар ҳам...

/
Сиёсий партиянинг жойларда дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда асосий механизмлардан бири саналган депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва масъулиятини ошириш давр талабига айланган. Партиялараро рақобат тобора кучаяётгани, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортаётгани ҳам шуни тақозо қилади. Социал-демократик ғояларнинг туб моҳиятини кенг тушунтириш, фуқароларнинг ишончини оқлаш баробарида уларни партия сафига жалб этишда ҳам маҳаллий вакиллик органларига партиядан сайланган депутатларнинг роли жуда муҳим.
Шуларни назарда тутган ҳолда халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ўз фаолиятида қонуний ваколат ва имкониятларидан фойдаланиб, ҳудуд аҳолиси, жумладан, сайловчилар ишончини оқлаш учун ўз зиммасидаги вазифаларни лозим даражада уддалашга жиддий эътибор қаратиб келишмоқда.
— Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлар ўзларининг масъул эканлигини чуқур англайдилар, — дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Интизор Жуманазарова. — Шу боис партия депутатлари доимий комиссиялар, сессияларда муҳокамага қўйилаётган ҳар бир масалани мукаммал ўрганиш, таҳлил этиш асосида аниқ хулоса чиқаришга ва қабул қилинган қарорлар ижросини пухта назорат қилишга интилмоқдалар. Натижада дастурий вазифалар қачон, қай тарзда, кимлар иштирокида амалга оширилишидан, энг аввало, фуқаролар хабардор бўлишмоқда, камчилик ва нуқсонларга нисбатан ўз муносабатларини билдиришмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, партиямизнинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида жойларда йўлга қўйилган ишлар аҳолининг диққатини жалб этмоқда. Буни фуқароларнинг депутатлик гуруҳимизга қилган мурожаатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, туманнинг “Мухамон”, “Янги ҳаёт”, “Матпири” маҳаллаларида истиқомат қилаётган фуқаролар ушбу маҳаллалардаги 25, 29, 43-сонли умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мактабда қандай кийинишлари мақсадга мувофиқлиги, бу борада улар орасида ижтимоий тенгликка риоя этилишини таъминлаш ҳақида фикр-мулоҳаза билдириб, бу масалани ўрганиш зарурлигини қайд этишди. Фуқароларнинг мурожаати асосида мазкур мактаблар маъмуриятига депутатлик сўрови киритилди. Ҳозирда мутасадди муассасалар билан ҳамкорликда ушбу масала юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
“Бўстон” қишлоғида яшовчи сайловчиларнинг депутатлик гуруҳи аъзоси Манзура Сапаевага қилган мурожаатида тегишли қарорларда белгиланган 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида тарқатишдаги айрим камчиликлар ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, ушбу қишлоқнинг “Қовунчи” маҳалласидаги озиқ-овқат дўкони бир йилдан буён ишламаётганлиги, фуқароларнинг 4-5 километр узоқликда жойлашган “Бўстон” маҳалласидаги дўкондан савдо қилишига тўғри келаётганлиги тилга олинган. Депутат М.Сапаеванинг “Ҳазорасп савдо шўъба” корхонаси раҳбари номига киритган депутатлик сўрови юзасидан амалий чоралар кўришга киришилди.
“Қовунчи” маҳалласи аҳли томонидан билдирилган яна бир таклифга кўра, депутатлик сўрови киритилиб, ички йўлларни обод қилишга мутасадди ташкилотлар эътибор қаратишди, натижада маҳалладаги ички йўлларни таъмирлаш масаласи манзилли дастурда қайд этилди ва жорий йилнинг иккинчи чорагида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Шу каби депутатлик сўрови натижасида Ҳазорасп туманидаги “Овшар”, “Карвак” ва “Мухамон” қишлоқлари ҳудудидан ўтган 2 километр йўл 2016 йилги манзилли дастурга киритилиб, ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Депутатлик гуруҳи туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги бошланғич партия ташкилоти билан биргаликда фуқаролар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Депутатлар томонидан жорий йилда 24 нафар фуқаро ва коллеж битирувчиларини тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштиришга кўмаклашилди.
Депутатлик гуруҳи аъзолари халқ билан ҳамнафас бўлишга, сайлов округи ҳудудида ташкил этилаётган учрашувлар, долзарб мавзуларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида аҳолини ўйлантираётган муаммолар, зарур масалаларни аниқлаб олишга жиддий эътибор қаратмоқдалар. Ўз олдимизга қўйган режаларимизга мувофиқ, эндиликда истеъмолчилар ҳуқуқларини амалга ошириш, тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишнинг аҳволи, аҳолига транспорт ҳамда тиббий хизматлар кўрсатиш масалаларини таҳлилий ўрганиш кўзда тутилган.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатас...
01 янв 1970
Маҳаллалар аҳолиси, ёшлар партия фаолларининг эзгу саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, тадбирда фаол иштирок этишди. ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда давом этаётган ислоҳотлар биз, халқ вакилларининг зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқд...