Партия фаолиятини такомиллаштириш омиллари

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Наманган вилоятида ўтказилган республика ўқув семинарининг иккинчи иш кунида партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари, намунавий туман, шаҳар кенгашлари раислари, масъул ходимлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Семинар-тренинг иштирокчилари дастлабки куни тўрт гуруҳга бўлиниб, Наманган вилоятининг туман, шаҳар ва бошланғич партия ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сайёр семинар давомида партия ташкилотлари етакчилари ташкилий-партиявий ишларни юритиш, аҳоли ва электорат билан ишлаш, депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, БПТларга услубий ва амалий кўмаклашиш борасида ўзаро тажриба алмашдилар.
Семинарнинг асосий иш кунида “Партиянинг мафкуравий-дастурий вазифаларини амалиётга татбиқ этишда партия бўғинларининг ўрни”, “Партия тизимида бошқарув, иш юритиш, ижро интизоми, депутатлар билан ишлаш: талаб ва таҳлил”, “Парламент назоратини амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Сўзга чиққанлар партия ташкилотлари олдида турган энг муҳим вазифаларни рўёбга чиқаришда тўпланган илғор тажрибани ўрганиш ва кенг оммалаштириш катта аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Қайд этилганидек, ўтган йилларда партия фаолиятини ташкилий жиҳатдан такомиллаштириш, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, партия аъзолари сонини ошириш, кадрлар малакаси ва салоҳиятини юксалтириш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилди. Партия фаолиятига доир дастурий ҳужжатлар такомиллаштирилди.
Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Марказий аппарати томонидан ҳудудий ва маҳаллий кенгашларнинг ҳамда бошланғич партия ташкилотларининг моддий-техник базаси, тарқатма материаллар билан таъминланганлик даражаси ўрганилиб, ўтган йил давомида барча ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар офис мебеллари, компьютер жамланмалари, тарқатма материаллар билан таъминланди.
Партия кадрларининг касбий малакаси ва сиёсий салоҳиятини ошириш мақсадида ҳудудий партия ташкилотлари кадрлари, “Ёш адолатчилар” қаноти, “Аёллар қаноти”нинг ҳудудий кенгашлари етакчилари учун сиёсий ўқувлар ўтказилди. Ушбу ўқувларда соҳалар бўйича малакали мутахассислар жалб қилиниб, партия тизимида иш юритиш тартиби, фаолият сифатини ошириш бўйича тегишли билим, кўникма ва кўрсатмалар берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида ўтган йилнинг октябридан бугунги кунга қадар 31 нафар кадрлар малакаси оширилди.
Бу эса, ўз навбатида, партия аъзолари ва БПТлар сонининг ўсиши, тарғибот тадбирлари сони ва сифати ошиб бораётганлигида ўз самарасини намоён қилмоқда. Бугунги кунда барча туман ва шаҳар партия кенгашларида камида иккитадан намунали қуйи ташкилотлар ташкил қилишга эришилди. Республика семинарини ўтказишдан мақсад ҳам ушбу йўналишларда ижобий натижаларга эришаётган партия ташкилотларининг тажрибаларини оммалаштириш, ҳудудий партия кенгашлари фаолларининг ўзаро тажриба алмашишларига имконият яратишга қаратилди.
Семинар давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Рустам Икромов, Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали қошидаги БПТ раиси Ойша Қосимова, Косонсой туман марказий поликлиникаси қошидаги БПТ раиси Муяссар Каримова, Навоий вилоят партия кенгаши раиси Ҳамид Жумаев, Самарқанд вилояти Нуробод тумани партия кенгаши раиси Нодира Ботировалар ўз иш тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зафар Худойбердиевнинг мулоҳазалари тингланди. Иштирокчилар бир қатор муҳим таклифларни ўртага ташлаб, фикр алмашдилар.
Семинардан сўнг биз иштирокчилар билан тадбир таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик.
Валижон ТЎЙЧИЕВ,
Сирдарё вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари:
– Маълумки, партия ташкилотлари фаолиятида аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирлари муҳим ўрин тутади. Бироқ семинарда таъкидланганидек, тарғибот-ташвиқот ишларининг барчаси юқори савияда ташкил этилмоқда, дея олмаймиз. Уларнинг аксарияти эскича услубда ташкил қилинади. Бир неча нотиқларнинг маърузаларини кетма-кет тинглаган иштирокчилар зерикади, албатта. Семинарда айни жиҳатларга жиддий эътибор қаратиш, жойларда ўтказиладиган тадбирларнинг партиямиз дастурий ғояларига ва лойиҳаларга тўлақонли мос келишини таъминлаш, ушбу жараёнда “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Айниқса, барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз бўлган мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масаласи ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди.
Ривож ОТАРБОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари:
— Электоратимиз манфаатларини рўёбга чиқариш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда энг муҳим механизм бу, шубҳасиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпусимиз саналади.
Албатта, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ваколатлари доирасида жуда кўп иш қилиши мумкин. Аммо бу борада мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётганлиги сезилмоқда. Шу нуқтаи назардан семинарда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг мустаҳкам алоқасини таъминлаш, жойларда амалдаги қонунларнинг ижро этилиши устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, сайловчиларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботини тинглаш, сессияга масала киритишда депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш, ушбу йўналишларда депутатларга режа ва дастурларни ишлаб чиқишда услубий ёрдам кўрсатиш ҳудудий партия ташкилотларининг муҳим вазифаларидан эканлиги қайд этилди.
Семинар давомида мамлакатимизнинг ҳудудларидаги маслакдошлар билан бир қатор мавзуларда суҳбатлашдик. Наманган вилоятининг туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда БПТлар офисларининг моддий-техник таъминоти, дастурий ҳужжатлар ва тарқатма материаллар билан таъминланганлиги, ҳужжатларнинг юритилиши ҳақиқатан ҳам намунали ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Албатта, туман, шаҳар кенгашлари учун семинар ўтказиб, бу ерда ўрганган ижобий тажрибаларимизни ўз ҳудудимизда татбиқ этамиз. Мана шундай мулоқотлар умумий ишимизнинг юксалиши учун хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Дилафрўз ТЎХТАСИНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси:
— Партия Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилаётган бу каби амалий семинарлар биз учун айни муддаодир. Чунки, партия кадрларининг билим ва малакасини ошириш олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири саналади. Шу боис бугунги йиғилишда партия фаоллари ҳамда БПТ етакчилари учун ташкил этиладиган сиёсий ўқувларнинг изчиллигини таъминлаш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишга жиддий ёндашиш, кадрлар захирасини шакллантириш, партия ташкилотларида ҳар ойнинг бир кунини ҳуқуқий саводхонлик куни, деб эълон қилиш зарурлиги билдирилди.
Семинар жараёнида кўтарилган яна бир масала менга маъқул тушди. Намангандаги анжуманда партиявий ишларни янада такомиллаштириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар, шаҳар ҳамда туман кенгашлари ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ўзаро мусобақалар ташкил этишга келишиб олинди. Масалан, биз Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги партиядошларимиз билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик. Шу ернинг ўзида партиявий-ташкилий ва мафкуравий ишларнинг бир қатор йўналишлари бўйича тажриба алмашдик. Келгусида бундай ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаймиз. Ўз навбатида, партиявий фаолиятда ижобий кўрсаткичлар бўйича соғлом рақобатга киришамиз.
Семинар-тренинг якунида партиявий фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, партия ташкилотлари олдида турган энг долзарб вазифалар белгиланди ва бундай семинарларни бошқа ҳудудларда ҳам ўтказишга келишиб олинди. Партия фаоллари сиёсий билим ва маҳоратларини ошириб, янги иш услубларини ўз фаолиятларига татбиқ этишни мақсад қилиб қўйдилар.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
9 МАЙ — ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда давом этаётган ислоҳотлар биз, халқ вакилларининг зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқд...
01 янв 1970
Сайлов — кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳис...
01 янв 1970
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.