Одам савдоси — аср муаммоси

/
Пойтахтимиздаги 2-сонли Тошкент юридик коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида “Одам савдосига қарши кураш ҳамда аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – соғлом ва адолатли жамият тараққиёти кафолати” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Партиянинг “Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбирда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳамкор ташкилот раҳбарлари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар одам савдосига қарши кураш борасида, авваламбор, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш, шунингдек, барча мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда фаолият юритишлари лозимлигини таъкидладилар.
Одам савдоси — инсон, унинг дахлсиз ҳуқуқлари, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига жиддий путур етказувчи сарҳад ва миллат танламайдиган иллат. Шу боис бу жиноят жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.
Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Бироқ, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар бу ҳуқуқнинг қўпол тарзда бузилишига олиб келмоқда.
Қайд этиш керакки, ўтган даврда мамлакатимизда одамларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш каби оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш борасида манфаатдор идоралар фаолияти мувофиқлаштирилди.
Сўнгги йилларда одам савдоси жинояти туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу иллатга қарши курашишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Аввало, одам савдоси жиноятига барҳам бериш учун етарли ҳуқуқий-норматив база шакллантирилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни талаблари асосида ташкил этилган ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси тадбирлари натижасида одам савдоси билан шуғулланувчи 400 дан зиёд шахс аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.
Тадбир давомида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази мутахассислари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти” мавзусида чиқишлар қилиниб, кўргазмали слайдлар намойиш этилди.
— Айрим фуқароларнинг содда, ишонувчанлиги, тез вақт ичида кўп маблағ топишга бўлган интилиши, ҳуқуқий билимга эга бўлмасликлари, дунёқараши торлиги ва саёзлиги, таъсирчан тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги натижасида ушбу жиноят қурбонига айланиб қолишаётганлиги афсусланарли, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Ойдин Абдуллаева. — Шу боис одам савдоси муаммосининг олдини олиш бўйича партиямиз томонидан умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ахборот семинар-тренинглари, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Интерфаол усулда ташкил қилинадиган мавзулар муҳокамаси, саҳна кўринишлари, слайдлар намойиши иштирокчиларни фаоллаштиришга, уларда қизиқиш уйғотишга ва мазкур масалага оид ҳаётда учрайдиган муаммоли вазиятларнинг ечимини топишга кўмаклашмоқда.
Давра суҳбатида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Тадбир доирасида иштирокчиларга одам савдоси муаммоси, чет элларга чиқиш ва хорижий давлатларда бўлиш қоидалари, у ерларда норасмий ва ноқонуний ишлашнинг оқибатлари, ушбу жиноятдан жабрланганлар учун йўналтирилган ахборотни ўзида мужассам этган буклетлар тақдим этилди.
Қизғин баҳс-мунозара ва жонли мулоқотларга бой бўлган тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга депутатлар, партия фаоллари, мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Даврон МАНСУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасида суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифа...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Жомбой туманидаги  Ёшлар истироҳат боғида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самар­қанд вилоят кенгаши ташаббуси б...
01 янв 1970
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Тошкент вилоятида қурилиб, фойдаланишга топширилган кутубхоналар сони яна битт...