Она тилига ҳурмат уни мукаммал ўрганишдан бошланади

/
Ўзбек халқининг ўзига хослигини, унинг миллий яхлитлигини кўрсатадиган ва ўзида миллат, халқ руҳини ифодалаган ҳолда дунёга танитадиган бебаҳо восита бу – она тилидир.
Шу боисдан ҳам истиқлол йилларида ўзбек тилини ўқитишга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, тил бойлигини ва адабий меросни ўрганишга улкан эътибор қаратиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳам нафақат мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида, балки таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми, миллий тилимизга давлат сиёсати даражасидаги эътибор намунаси бўлди.
Таъкидлаш лозимки, мустақиллик шарофати билан тилимизнинг нуфузи нафақат Ватанимизда, балки чет элларда ҳам ошиб бормоқда. Унинг жозибаси хорижликларни ҳам ўзига мафтун қилмоқда. Бизнинг тилимизда бошқа миллат вакиллари, айниқса, хорижлик меҳмонлар сўзлашганини эшитганимизда, қалбимиз ғурур ва ифтихор туйғулари билан тўлади. Бу, албатта, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Тарихга бир назар ташлайлик. Собиқ тузум давридаёқ Президентимиз Ислом Каримовнинг тенгсиз жасорати туфайли ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани халқимиз ҳаётида буюк тарихий воқеа бўлгани, шубҳасиз.
“Давлат тили ҳақида”ги қонун билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган илк тамал тоши бўлди. Чунки тил давлат суверенитети белгиларидан бири ва энг муҳимидир. Бу мақом мустақилликка эришилганидан сўнг Бош қомусимизда янада мустаҳкамлаб қўйилди. Шундан сўнг 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Энг муҳими, ушбу қонун кўп миллатли халқимиз манфаатларини кўзлаган ҳолда босқичма-босқич амалга киритилди ва бошқа миллат вакилларининг давлат тилини ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Умуман, “Давлат тили ҳақида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда бошқа кўплаб ҳужжатларда тилимиз равнақига доир вазифалар белгилаб берилди ва улар изчил бажариб келинаётир.
Ўтган давр мобайнида она тилимизнинг мавқеини ошириш, софлигини сақлаш, йўқолиб кетган сўзларни қайта тиклаш, бу борадаги қонунчилигимизнинг маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Марказда ва жойларда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг амалга оширилиши бўйича мувофиқлаштирувчи комиссиялар тузилиб, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тилида эълон қилиниши, давлат бошқаруви органлари, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг ҳужжатлари давлат тилида юритилиши, республиканинг маъмурий ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалари ва географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши таъминланди. Яна бир ютуғимиз шундаки, тарғиботлар натижасида жамиятимиз аъзоларининг тилга бўлган муносабати ўзгариб, тил маданияти юксалиб бормоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг яратилиши, унинг амалиётга татбиқ этилиши ҳам ана шу амалий ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди.
Хорижий давлатларда японча-ўзбекча, корейсча-ўзбекча, туркча-ўзбекча, инглизча-ўзбекча, немисча-ўзбекча каби луғатлар нашр этилаётир. Ўзбек тили нафақат мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, балки чет давлатлардаги илмий марказлар, нуфузли университетларда ҳам қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Шу ўринда мамлакатимизда сўнгги йилларда ёш авлодга хорижий тилларни ўргатиш бўйича ҳам махсус тизим йўлга қўйилгани, республикамизда 7 та нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари фаолият кўрсатиб келаётгани ҳам таълим тизимидаги ислоҳотларни жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга қаратилаётган эътибор намунасидир.
Эндиликда Президентимизнинг мазкур Фармони билан ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан оширишга алоҳида аҳамият қаратилаётгани замирида ҳам улкан мақсадлар мужассам.
Ушбу ҳужжат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиши белгиланди.
Албатта, бугунги глобаллашув жараёнида асосий масалалардан бири нафақат она тилни сақлаб қолиш, балки уни тараққий эттириш, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда бойитиб боришдир. Ўзбек тилшунослари, ёзувчилар, олимлар ва шоирларнинг умумий ҳаракатлари билан ўзбек тилини ривожлантириш бўйича узлуксиз жараён давом этмоқда. Бунинг натижасида китобсеварлар учун 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” нашр этилди. Мазкур китоб замонавий адабиётда фойдаланиладиган 80 мингдан ортиқ сўзлар ва сўз бирикмалари, илмий, техник, санъат, маданият ва бошқа соҳаларда ишлатиладиган атамалар, диалектизмлар ва тарихий сўзларни ўзида мужассам этган. Шу билан бирга, “Ўзбек-рус тили луғати”, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек мумтоз адабиёти луғати” каби бир қатор илмий-оммабоп китоблар чоп этилди.
Ахборот-коммуникация, компьютер технологиялари ва интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда ўзбек тили кенг татбиқ этиб келинмоқда. Атамаларни тизимлаштириш, уларни бир-бирига мослаштириш, замонавий ҳаётдаги янги тушунчаларни англатувчи сўзларни танлаш жуда муҳим саналади. Шу муносабат билан, ўзбек тилини илмий асосда ривожлантириш мақсадида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказилиб, кўплаб илмий-оммабоп китоблар, рисолалар, ўқув қўлланмалар, луғатлар нашр этилди. Шунингдек, “O’zbegim dasturlari” электрон нашриётлар таҳририяти билан ҳамкорликда 120 минг сўзни ўз ичига қамраб олувчи “Ibora” ўзбек-рус-инглиз электрон луғати яратилди.
Президентимиз Фармонида она тилимизнинг интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, унинг компьютер услубини, ўзбек тили ва дунёдаги етакчи хорижий тиллар асосида таржима дастурлари ва луғатлар, электрон дарсликлар яратиш билан боғлиқ илмий-методик ишланмалар, амалий тавсиялар тайёрлаш ва бу борада эришилган натижаларни амалиётга кенг татбиқ этиш вазифаси белгилангани бу борадаги изланишларни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади.
Бугун мактаб, коллеж, академик лицейлар ўқувчилари ва олий ўқув юрти талабалари учун янги авлод дарсликлари яратилиб, уларда тилимизни янгича асосда ўрганишга эътибор қаратилмоқда.
Фармонда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг янги ва самарали методлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш билан боғлиқ вазифалар ҳам ўз аксини топган.
Шунингдек, илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш бўйича қўйилаётган талаб ҳам бу борада алоҳида йўналиш юзага келишига замин ҳозирлайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, бугун ўзбек тилининг бой имкониятларини очиб бера оладиган малакали тилшунос кадрлар тайёрлаш, бу борада илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тилимизни ҳар томонлама ривожлантириш пировардида миллат мулки сифатида қадрланадиган она тилимизни ёш авлод онгига сингдириш ҳамда уларда она тилига ҳурмат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади. Ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш эса педагоглар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади.
Ўз навбатида, ушбу Фармон ижросини таъминлаш биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Алишер ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фарзандлар камоли, уларнинг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир....
01 янв 1970
Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши ан...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...