Элободнинг обод масканлари

/
Қўнғирот нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг, балки мамлакатимизнинг энг шимолий тумани ҳисобланади. Унинг маркази Қўнғирот шаҳри бағрида олис ўтмиш ёдгорликлари, обидалари сақланиб қолмаган бўлса ҳам юртимиздаги тарихий қалъалардан бири, деб эътироф этилади. Шаҳар олисдан назар ташласангиз, кўм-кўк дарахтзор, боғлар бағрида намоён бўлади. Бу ерда кейинги йилларда маъмурий ва жамоат ташкилотлари учун кўплаб замонавий иншоотлар, бинолар қад ростлади.
Коллеж ва академик лицейлар, мактаблар, савдо шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари шаҳардаги бунёдкорликларнинг намуналари ҳисобланади. Шаҳарда келгусида ҳам икки-уч қаватли замонавий иншоотлар, бинолар қуриш, ҳам намунавий типдаги турар жойлардан иборат даҳалар, мавзелар барпо этиш режалаштирилган. Бу эса шаҳарнинг янгидан, гўзал тарзда қад ростлашига хизмат қилмоқда. Қўнғиротда айни пайтда, мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларидаги посёлкалар, овуллар, янги саноат корхоналарини сув, газ, электр билан узлуксиз таъминлаш мақсадида компрессор станциялар ишга туширилган. Шунингдек, бу шаҳарда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Қўнғирот темир йўл узели” ҳам жойлашган. Бу узелнинг паровоз, вагон таъмирлаш, темир йўлларни қайта қуриш корхоналари, темир йўл шифохонаси, санаторияси, болаларни соғломлаштириш масканлари шаҳар ҳаёти билан уйғунлашиб кетган. Қўнғирот мамлакатимизнинг шимолий темир йўл дарвозасига айланган.
Қўнғирот шаҳридан шимол томонда, 45-50 километр масофа узоқликда, Устюрт текислигининг юксак нуқталаридан бирида Қўнғирот сода заводи жойлашган. Завод давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш борасидаги таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йилнинг 2 мартидаги 79-сонли ва 2002 йилнинг 14 майидаги 158-сонли қарорлари асосида барпо этилиб, 2006 йилда ишга туширилди. Завод Хитойнинг “CITIC” компанияси билан ҳамкорликда бунёд қилинди. Сода заводининг айнан мана шу ерда барпо этилиши бежиз эмас. Завод яқинида кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш учун зарур ҳисобланган маҳаллий хомашё — ош тузи ва оҳактош ниҳоятда кўп. Ош тузи “Борсакелмас” туз конидан, оҳактош эса “Жамансой” оҳактош конидан ташиб келтирилади. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, хомашё захиралари заводни 100 йилдан ортиқ муддатга таъминлаши аниқланган.
Кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш жараёни ниҳоятда мураккаб. У кўп энергия талаб қилади. Айни пайтда, ишлаб чиқариш жараёни тўла автоматлаштирилган бўлиб, у компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Бошқарув тизимига дунёга машҳур “Honeywell” ва “Siemens” фирмаларининг компьютерлари ўрнатилган. Уларни маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган етук ва малакали ишчилар бошқаради. Бундай ҳайратомуз ишлаб чиқариш жараёнини кўриб Президентимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам”, деган сўзлари хаёлимизда айланади.
Заводда бугунги кунда 1400 дан ошиқ ишчилар фаолият юритаётган бўлса, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Сода заводи ишга тушган 2006 йилда салкам 13 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2010 йилга келиб умумий маҳсулот ҳажми 90 минг тоннага етди. 2013 йилда эса 96 минг тоннадан ошиқ кальцинацияланган сода тайёрланди. Эндиликда ялпи маҳсулот ҳажми режада белгиланган 100 минг тоннадан ошмоқда. Қўнғирот сода заводи нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда ягона бўлган улкан корхоналардан бири саналади. Заводни айланар экансиз, бу ердаги муҳташам иншоотлар, маҳобатли иморатлар, ишлаб чиқариш цеҳлари, лаборатория биноларини кўриб, халқимизнинг нафақат замонавий шаҳарсозлик яратишда, балки дунёга кўз-кўз қилса арзийдиган, халқаро талабларга жавоб берадиган йирик корхоналар барпо этишда ҳам қудратли бунёдкор кучга эга эканлигидан қалбингиз ғурурга тўлади.
— Қўнғирот сода заводини мустақиллик даврининг мўъжизаси, деб атагим келади. Бу мўъжиза — заводнинг маҳобатли иншоотлари, иморатлари, янги ишлаб чиқариш воситалари, дастгоҳлари, тайёр маҳсулотлари, шу ерда фаолият юритаётган ишчи-ходимлари тимсолида намоён бўлади, — дейди завод бош муҳандиси Аҳмад Бегдуллаев. — Президентимиз ғоялари, ташаббуси асосида завод хитойлик ҳамкорларнинг кўмагида халқимиз томонидан бунёд этилди. Бу бунёдкорлик нафақат Қўнғирот ва Қорақалпоғистон учун, балки республикамиз ҳаётида ҳам ниҳоятда улуғвор янгилик бўлди. Бугун маҳсулотларимизни мамлакатимиз корхоналаридан ташқари ўндан ортиқ давлатларга экспорт қилмоқдамиз. Маҳсулотларимиз харидорлари сафи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Буларнинг бари заводимиз ишчи-хизматчиларнинг қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.
Қўнғирот шаҳридан сода заводига боргунча Устюрт текислигининг бепоён даштларидан ўтиб борасиз. Атроф бийдай дала. На бир гиёҳ кўзга ташланади, на бир дарахт. Бу ерларга аввал инсон қадами текканига ҳам ишонгинг келмайди. Сувсизликдан қақраб ётган дашт бағрида ниҳоятда улуғвор завод барпо этилгани тасаввурингизга ҳам сиғмайди. Ана шунда узоқлардан заводнинг улуғвор иншоотлари кўзга ташлана бошлайди. Кейин гўзал турар жойлар барпо қилинаётган “Элобод” шаҳарчаси, кўм-кўк дарахтзорлар, гуллар барқ уриб очилиб ётган хиёбон намоён бўлади. Булар гўё эртаклардаги саҳролар бағрида пайдо бўлиб қоладиган афсонавий боғларни эслатади. Лекин бу айтаётганларимиз эртак эмас, ҳақиқат. Инсон қўли билан қисқа муддат ичида, 15-20 йил орасида бунёд этилган ҳаётнинг гўзал манзараси. Бугун ана шундай улуғвор иншоотлар инсониятнинг ақл-идроки ниҳоятда қудратли эканлигини, давримиз техника асри эканлигини ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ намоён этади. Қўнғирот сода заводини келгусида янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш вазифалари белгиланган. Кальцинацияланган содага ички ва ташқи бозорда талабнинг ортиб бораётганлиги сабабли мамлакатимиз Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорига асосан Қўнғирот сода заводи ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг тоннадан 200 минг тоннага кўпайтириш режалаштирилганди. Шундан сўнг заводни янада кенгайтириш, қўшимча цехлар барпо этиш борасида ҳамкорлик учун яна Хитойнинг “CITIC” компанияси билан шартнома имзоланди. Бу ишлар учун 81,2 миллион доллар маблағ ажратилди. Бугунги кунда завод ҳудудида қурилиш ишлари давом этмоқда. Демак, заводнинг кенгайиши, ишлаб чиқариш қувватининг ошиши янги иш ўринлари пайдо бўлишига, корхонанинг йириклашишига, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг хорижий мамлакатларга экспорт ҳажми кўпайишига замин яратади.
Мамлакатимиз харитасида Устюрт кенгликларидаги Элобод шаҳарчаси Ватанимизнинг мустақилликни қўлга киритиши ва Қўнғирот сода заводининг барпо этилиши билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлди. Шаҳарча атрофи ниҳоятда кенг, тоза ҳаво доимо уфуриб турадиган очиқ ялангликда бунёд қилинган. Унинг илк бинолари 1996 йилдан қурила бошланган. Сувсизликдан қақраган дашт бағрида бирор овул ёки посёлка барпо этиш осон кечадиган жараён эмас. Шунинг учун қурувчилар ишни бу ерга сув келтиришдан бошладилар. Қўнғиротдан тортиб келинган сув бу ерга ҳаёт бағишлади. Дастлаб бу ерда завод қурувчилари учун ҳар бири 96 ўринлик 6 та ётоқхона тикланди. Кейин кичик оилаларга мўлжалланган ҳар бири 24 секциядан иборат 4 та турар жой қурилди. Шундан сўнг талабларга мувофиқ 3 қаватли 18 хонадонли 8 та уй барпо қилинди. Шулар билан биргаликда болалар боғчаси, мактаб, даволаш профилактика маркази, савдо дўконлари, нон маҳсулотлари тайёрлаш цехи, ёпиқ бозорча ва бошқа ижтимоий инфраструктура объектлари ишга туширилди. Шаҳарча ана шу асосда шаклланди. У аввал завод қурувчиларининг яшаш масканига айланган бўлса, эндиликда корхона ишчилари учун қадрдон гўшага айланган. Шаҳарчада Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2005 йил 16 мартдаги 10-сонли қарорига мувофиқ Элобод посёлка фуқаролар йиғини ташкил этилди. Шу тариқа Элобод истиқлол даври шаҳарсозлигининг илк намуналаридан бирига айланди.
— Элобод дарахтзорлар бағрида барпо этилган, яшиллик қўйнига кўмилган шаҳарча, — дейди посёлка фуқаролар йиғини раиси Гулистон Хўжамберганова. — Унинг марказий йўлидан тортиб ҳар бир кўчаси, йўлаги атрофида ўзига хос эколандшафт тизими яратилган. Гуллар, гулзорлар эрта баҳордан то кеч кузгача атрофга ифор таратиб, турфа рангларда очилиб ётади. Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш борасида катта ишлар қилинмоқда. Кейинги икки-уч йил ичида ўнлаб оилалар учун намунавий лойиҳалар асосида уйлар қурилиб, эгаларига топширилди. Янги маиший хизмат кўрсатиш масканлари ишга туширилди. Шаҳарчамизда ҳар хил касб эгалари пайдо бўлди. Саломатлик, савдо марказлари, янги чойхоналар, меҳмонхоналар фаолият юритмоқда. Умуман, Элобод Устюрт даштининг марказига айланмоқда.
Элобод шаҳарчаси аҳолисининг ва Қўнғирот сода заводида ишлайдиган ишчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Шунинг учун бу ердаги иншоотларнинг кўпчилиги болалар ва ёшларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олиниб барпо этилган. Посёлкада 96 ўринли болалар боғчаси фаолият юритмоқда. Бир пайтлари бу ерда тарбияланувчилар сони 15-20 тадан ошмас эди. Эндиликда улар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Шаҳарча марказидаги мактаб 320 ўқувчига таълим беришга мўлжаллаб қурилган. Ушбу таълим маскани иш бошлаган дастлабки пайтларда баъзи синфларда икки-учтадан ўқувчи таълим олган. Бугунги кунда эса мактабда барча синфлар иккитадан ташкил этилган. 2008 йилда шаҳарчада яна бир таълим маскани — Кимё саноати касб-ҳунар коллежи очилди. Натижада элободлик ёшлар бошқа шаҳарларга бормасдан шу ернинг ўзида ўқишни давом эттирадиган бўлдилар. Мамлакатимиз раҳбари Элобод ёшларига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг етук инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча имкониятларни яратиб бермоқда. Заводни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 13 апрелдаги 49-сонли қарори асосида Қўнғирот сода заводи қошида Тошкент кимё-технология институтининг махсус сиртқи бўлими очилди. Бўлим аудиториялари замонавий компьютер техникалари, лаборатория қурилмалари ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминланди. Талабаларни ўқитиш учун Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат техника университети, Қорақалпоқ давлат университети ва бошқа олий ўқув юртларидан юқори малакали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди. Эндиликда бу ерда ҳар йили 4 та мутахассислик бўйича 65 нафар бакалавр, 5 та йўналиш бўйича 15 нафар магистр етишиб чиқиб, улар заводда фаолиятини давом эттирмоқда. Умуман, Элободда узлуксиз таълим тизими ва ёшларни иш билан таъминлаш жараёни тўла самара бермоқда.
— Элободда турли миллат ва элат вакиллари бир аҳил оиладай бўлиб яшашади. Улар орасида водийдан, Сурхон, Қашқадарё воҳасидан, Самарқанд, Бухоро, Хоразмдан ва бошқа жойлардан келиб яшаётган ва ишлаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бу ёшларнинг аксарияти шу ерда таълим олишган, оила қуришган, заводда ишлашмоқда. Ҳаётлари шу замин билан мустаҳкам боғланган, — дейди корхона бўлим бошлиғи Алишер Маматхўжаев. — Мана, мен, асли наманганликман. Фарзандларим бор. Элобод бизнинг ўз элимизга айланиб қолган. Лекин мен яна бир ҳақиқатни чуқурроқ англаб етдим. Яқинда оиламиз билан ота-онамни кўриш учун Наманганга бордик. Икки кундан кейин болаларим ўз уйимизга кетамиз, деб туриб олишди. Ўн кунлик сафаримиз уч кунда якунига етди. Элободга қайтдик. Ана шунда мен бу маскан болаларим учун чинакам Ватан эканлигини яққол ҳис қилдим. Бугун Элободнинг ҳар бир оиласида ана шундай жажжи ватанпарварлар вояга етмоқда.
2007 йилнинг 17 майида мамлакатимиз Президенти Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, Қўнғирот сода заводи ва Элобод посёлкасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Давлатимиз раҳбари завод қурилишига, бу ерда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнига, корхонани компьютерлар ёрдамида бошқарув тизимига, бошқарув жараёнини юртимиз йигит-қизлари, ёш малакали мутахассислар амалга ошираётганига юксак баҳо берди. Ҳақиқатан ҳам, завод нафақат Марказий Осиёда ягона, балки бутун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида ҳам катта нуфузга эга. Маълумки, бундай маҳсулот ишлаб чиқарадиган завод илгари фақат Россияда, Бошқирдистонда мавжуд эди. Унда тайёрланадиган кальцинацияланган сода 1-2 навлардан иборат эди. Қўнғирот сода заводида ишлаб чиқарилаётган сода эса олий нав саналади. Шунинг учун унинг маҳсулотига талаб катта. Президентимиз корхона билан танишар экан, завод ва ишчилар яшайдиган Элобод посёлкасини янада обод қилиш, замонавий бинолар, турар жойлар барпо этиш, шу заминга ҳаётини бағишлаган ёшлар учун барча шароитларни яратиб бериш, посёлка ва корхонани энг яхши йўл, алоқа хизмати — замонавий коммуникация тармоқлари билан боғлаш каби ниҳоятда муҳим ишларни амалга ошириш хусусида кўрсатмалар берган эди.
Бугунги кунда Юртбошимизнинг ана шу кўрсатмалари ҳаётда амалий ифодасини топмоқда. Шаҳарча яқинидан ўтадиган, барча талабларга жавоб берадиган, Қўнғирот—Бейнов замонавий магистраль автотрассаси барпо этилди. Бу йўл завод ва посёлкани нафақат Қўнғирот ва Нукус билан, балки мамлакатимизнинг барча шаҳарлари билан боғлади. Шаҳарчанинг иккинчи томонида эса Нукус—Қўнғирот—Бейновни бирлаштирган Оролбўйи темир йўл магистралида поездлар қатнамоқда. Шаҳарча яқинида қурилган “Кунхожа” темир йўл бекати ҳам элободликларнинг оғирини енгил қилмоқда, ҳам завод маҳсулотларини ташишда қулайлик туғдирмоқда. Посёлка бағрида кейинги йилларда шифокорлик пункти, савдо шохобчалари, янги намунавий турар жойлар бунёд қилинди. Элобод, ҳақиқатан ҳам обод, кўркам шаҳарчага айланмоқда.
— Бу адоқсиз дашт бағрида кўп юрганман. Устюрт кенгликларида фауна оламини ўрганиш учун илмий тадқиқотлар олиб борганман. Илгари Қўнғиротдан кейин 50-60 километрлик оралиқ масофаларда бирорта овул ёки қорақалпоқ чорвадорларининг ўтовларидан бошқа кўзга ташланадиган жой йўқ эди. Кейинги 15 йил ичида дашт бағрида сода заводининг барпо этилиши, кичик шаҳарчанинг қад ростлаши хаёлга сиғмайдиган орзунинг амалий ифодаси бўлибди, — дейди франциялик олим Серж Ле Геррек. — Агар мен бу завод ва шаҳарчани ўз кўзим билан кўрмаганимда, бу бепоён дашт бағрида бир қишлоқ бунёд этилибди, деса ҳам ишонмаган бўлардим. Завод ҳам, Элобод ҳам халқнинг қаҳрамонона меҳнати, ўз юртига муҳаббатининг ифодаси, ҳақиқий мўъжизанинг намунасидир.
Элобод посёлкасининг умумий ҳудуди 30 гектардан ошиқни ташкил этади. Бу ерда 540 оила бағрида 2300 нафарга яқин фуқаро ҳаёт кечирмоқда. Келгусида шаҳарчанинг ҳудуди ҳам, аҳолиси ҳам кенгайиши ва кўпайиши аниқ. Қўнғирот сода заводида маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш муносабати билан корхонада янги қурилиш ишлари олиб борилаётган экан, бу янги иш ўринлари юзага келишини таъминлайди. Қўшимча иш ўринларининг пайдо бўлиши Элободда янги турар жойлар, болалар боғчалари, мактаблар, коллеж ва лицейлар қурилишини талаб этади. Демак, шаҳарчада бунёдкорлик ишлари давом этади. Шаҳарчанинг ўз марказий кўчаси, хиёбони, майдони бор. Элободдан етишиб чиққан ёш санъаткорларнинг куй-қўшиқлари узоқларга таралади. Бундай пайтда уйқудаги дашт уйғонгандек таассурот уйғонади, кишида. Бугун шаҳарчада янги 2 қаватли савдо маркази, автостанция, бозор, муҳташам меҳмонхона қурилиши давом этмоқда. Келгусида эса улар ёнида замонавий спорт комплекси, истироҳат боғи, маданий-маиший хизмат кўрсатадиган янги шохобчалар ҳам қад ростлайди. Бошқача айтганда, Ватанимиз қўлга киритган озодлик, эркинлик, ўз ҳақ-ҳуқуқига эгалик дашт бағрида ана шундай бунёдкорликларга, яратувчиликларга йўл очиб берди.
Бугун Қорақалпоғистон замини саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш, шаҳарсозлик, аграр ва бошқа соҳаларда катта ўзгаришлар, улуғвор янгиланишлар қўйнида яшамоқда. Бу ўзгаришлар, янгиланишлар асосида эса халқимизнинг она Ватанимизга чексиз эҳтироми, сўнмас меҳр-муҳаббати ўз ифодасини топган.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Мўъжизалар юрти
Халқимизнинг орасида “Мўъжизалар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, у инсонлар томонидан яратилади”, деган гап юради. Улуғ шоирларимиздан бири эса халқимиз томонидан закийлик билан айтилган бу фикрни:
Тақдирин қўл билан яратур инсон,
Ғойибдан келажак бахт бир афсона,

дея гўзал мисраларда ифодалаган. Ҳақиқатан, бахт ҳам, мўъжиза ҳам ўз-ўзидан келмайди. Уни инсон ақл-заковати, меҳнати билан яратади. Бу ҳақиқат ҳаётда кўп бор амалий ифодасини топган. Бунга ҳар биримиз ўз умр йўлларимизда гувоҳ бўлганмиз. Юртимизнинг бугунги ҳаётидаги халқимизнинг ўз қўли билан яратган мўъжизаларидан бири Устюрт кенгликларида Қўнғирот сода заводи ва Элобод шаҳарчасининг қад ростлаши бўлди, десам, асло янглишмайман.
Бир тасаввур қилинг: кимсасиз дашт бағрида 5-6 йил ичида 100 гектардан ошиқ ҳудудда дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган, маҳобатли иншоотлар, самога бўй чўзган каскадларга, минораларга, 7-8 қаватли биноларга тенг цехларга эга улуғвор завод бунёд этилиши ва бу завод мамлакатимиз саноат тараққиётида ўзига хос ўрин эгаллаши халқимиз қўли билан яратилган мўъжиза эмасми?!
Ёки завод бағридаги цехларда дунёда маълуму машҳур янги, мураккаб технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, заминимиздаги хомашё — оҳактош ва ош тузидан энг олий навли кальцинацияланган сода ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ компьютерлар ёрдамида бошқариш, компьютерлар тизимини бошқариш эса миллатимиз вакиллари бўлган ёш йигит-қизлар томонидан амалга оширилаётгани халқимиз ақл-заковати билан амалга оширилаётган мўъжиза эмасми?!
Президентимиз заводимиз қошида Тошкент кимё-технология институтининг махсус сиртқи бўлимини ташкил этиш ҳақида таклиф билдирганида бу ишнинг моҳиятини чуқур англаб етмаган эдик. Кейин фаолиятимиз давомида шу нарса маълум бўлдики, фан билан ишлаб чиқаришни ўзаро уйғунлаштириш ҳаётий зарурат экан. Юртбошимиз бу таклифи билан фан ютуқларини ишлаб чиқаришга яқинлаштирган экан. Заводимизда ишлаб чиқариш жараёнида ўнлаб фан янгиликлари ҳаётга жорий қилиндики, бунинг натижасида катта ютуқларга эришдик. Булар ҳам мўъжизакор ишларнинг асоси ҳисобланади.
Ёхуд одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойда, бир қултум сув тиллога тенг бўлган масканда қисқа муддат ичида Элободдек шаҳарча қуриш, болалар, ёшлар учун мактабгача тарбия масканлари, мактаблар, коллежлар барпо этиш, аҳоли саломатлигини сақлаш учун тиббиёт масканлари яратиш, яна ҳам муҳими, завод ва шаҳарча атрофида, улар бағрида боғ-роғлар, яшил масканлар, гулларга бурканган хиёбонлар, майдонлар бунёд этиш замондошларимиз яратган мўъжизаси эмасми?! Мен ана шундай мўъжизалар ичида яшаётганимдан, уни яратишга хизмат қилаётганимдан ниҳоятда хурсандман. Ушбу завод ҳам, шаҳарча ҳам келгусида Устюртнинг мўъжизакор маскани бўлиб қолишига ишонаман.
Қаллибек САФАРОВ,
Қўнғирот сода заводи цех устаси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Cамарқанд — ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир”. ...
01 янв 1970
Далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилган товар моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 93 миллион сўмдан...
01 янв 1970
Астойдил ҳаракат қилинса фуқароларни ўйлантираётган ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. ...
01 янв 1970
Шифокорларнинг узлуксиз таълим олиши учун қандай имконият ва имтиёзлар берилмоқда?...