Умр манзаралари

/
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг қилган меҳнати, қолдирган изи вақт билан эмас, балки эл-юртга келтирган нафи, беминнат хизмати билан ўлчанади. Бундай фидойи инсонлар бир йил ичида бошқалар ўн-ўн беш йилда бажаролмаган юмушни қойил қилишади. Шу боис эл ичра танилган шахслар елкасидаги юк салмоғига қараб номи йиллар оша яшаб бораверади.
Жиззах, Сирдарё воҳасида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали ўзига ҳайкал қўйган зотлардан бири Эргаш Холматовдир. Ўн ёшида ота-онадан ажраб, амакиси қўлида тарбия кўрган бу инсон ўз умри мобайнида ҳаётнинг кўп синовларини бошидан кечирди. Агар бу кишининг ҳаёт йўлини ёритган мўъжиза нима деб сўрасангиз, ирода ва матонат сўзларини айтиш ўринли бўлар эди.
Албатта, Эргаш Холматов ҳаёти мобайнида жуда кўп муваффақиятларга эришди. Аммо бу муваффақиятлар осонлик билан қўлга киритилмади.
Ўтган аср қаҳрамони умр манзилларида жуда кўп зарбаларни қабул қилди ва ҳар сафар ўз кучига, эртанги кунга ишонч туфайли ғалаба қозонди. Ҳаёт — синов, дейдилар. Баъзан битта кутилмаган зарба туфайли таслим бўлиб, номи ўчган инсонларни кўп кўрганмиз.
Лекин Эргаш Холматов ҳеч қачон омадсизлик қурбон бўлмади, ҳали яхши кунлар олдинда деган умид билан яшади. Ўн тўққиз ёшида ҳарбий хизматга жўнади, бир йилдан кейин Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Қўлига қурол олиб душманга қарши отланди. Днепр соҳилларидаги ҳаёт-мамот жангларида оёғидан яраланди. Ўшанда у йигирма бир ёшда эди. Кимдир йигитнинг жароҳатини фожиага йўйган бўлиши мумкин. “Яхшиям, душман ўқи юрагимга эмас, оёғимга тегибди” деб шукрона билдирганида, жангчининг кўнглига Яратган эзгу ҳисларни ато этган бўлса, ажаб эмас.
1946-1948 йилларда олий мактабда сабоқ олди. Пойтахтдан Самарқандга келиб, вилоят қўмитасида тажриба орттирди. Қисқа муддатда Жомбой, Каттақўрғон, Пастдарғом туманларида биринчи раҳбар лавозимида ишлаш насиб этди. 1962 йилда чўлдаги янги давлат хўжалигини тузиш, янги рўзғорни оёққа қўйиш вазифаси топширилди. Шу ўринда озроқ мулоҳаза юритайлик. Кетма-кет учта туманда раҳбарлик қилган кадрни ҳали шийпони ҳам йўқ хўжаликка юборишса, қандай баҳо берилади? Табиийки, бунга четдан қараганлар амал курсиси борасида пасайиш деб баҳолашди. Аслида эса Эргаш Холматов учун чинакам фидойилик кўрсатиб ишлашга майдон яратилганди. Хўжалик қаддини ростлагач, уни қўшни “Самарқанд” хўжалигига ўтказишди.
Баъзан биз, журналистлар қаҳрамонимиз эришган муваффақиятларни кетма-кет санаш орқали ҳамду сано айтишга интиламиз. Йўқ, “Самарқанд” хўжалигидаги ютуқлар ўз-ўзидан рўй бермади. Сўлим ва хушманзара қишлоқни ташлаб келган одамлар туп қўйиб, палак ёзишлари учун ўзлари ишлаётган заминга меҳр қўйишлари керак эди. Ўша даврда бутун-бутун оилалар ёзда ишлаб, айни ҳосил йиғим-терими пайтида доимий яшаш жойларига кетиб қолишарди. Эргаш Холматов бундай йўл бизга тўғри келмайди, деди. Ахир кузда кетишни ўйлаган деҳқон ёзда ҳам кўнгил қўйиб ишламайди-да. Бунинг учун пахтакорларга уйлар қурилди. Одамлар қалбига йўл топилди. Натижалар секин-аста бўй кўрсата бошлади. У меҳнатдаги ютуқлари учун қаҳрамонликка сазовор бўлди.
Бундай муваффақият билан Эргаш акани табриклаганлар кўп бўлди. Айниқса, 1941 йилда ўзи билан бирга жанг қилган қуролдош дўсти Виктордан келган телеграмма оловли жангларни ёдига солди. “Қойил, дўстим хабар топибди-я”, дея ич-ичидан ғурурланиб қўйди. Қаранг-а, олдинда шундай кунлар бор экан. Дайди бир ўқ унинг ҳаётини якунлаб қўйиши мумкин эди.
Бир куни Тошкентдан Самарқандга йўл олган интуристлар автобуси Пахтакорда тўхтабди. Чўл бағрида “Самарқанд” номи билан аталган хўжалик борлигини тасодифан эшитиб қолишибди. Сайёҳлар таржимон орқали қадимий шаҳар номини олган хўжаликка кириб ўтиш истагини билдиришибди. Хўжалик раҳбари Эргаш Холматов сайёҳларга бу ерда қилинаётган ишлар ҳақида завқ билан гапириб берибди.
— Самарқанд — дунё назаридаги шаҳар, — дебди у. — У, шоирона ибора билан айтганда, Ер юзининг сайқали. Биз бу билан фахрланамиз. Ўз хўжалигимизда амалга ошираётган ишлар туфайли обод замин яратишни ният қилганмиз.
— Ниятингиз амалга ошсин, — дебди сайёҳлардан бири. Ҳамма бу гапга қўшилибди.
Бир қарашда ўша кунгача Эргаш Холматов фаолияти икки-уч одамнинг таржимаи ҳолини безайдиган даражада эди. Лекин қаҳрамонимиз бу билан кифояланиб қолмади. Янги очилган Бахмал туманига биринчи раҳбарлик вазифасига ўтказилди. Асосий фаолияти чўл хўжаликлари билан боғлиқ мутахассис олдида тоғли ҳудудда яна бир янги қўриқ очиш вазифаси турарди. Табиати дилтортар, тоғлари осмонўпар, одамлари меҳнаткаш бу заминда лалми буғдой, қирмизи олма, кўркам манзилгоҳлар яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Гўшт етиштиришда бошланган янги йўналиш изчил давом эттирилди. Усмат — ўаллаорол йўли тубдан қайта қурилди, Новқа зиёратгоҳи обод этилди.
Эллик тўққиз ёшга тўлганда, Эргаш Холматов ўз туғилган юрти Зоминга қайтди. Ким бўлиб дейсизми? Туманнинг биринчи раҳбари вазифасига. Ўттиз йилдан зиёд давр мобайнида Самарқанд вилояти, Мирзачўл ва Жиззах чўлларида, Бахмал туманида қилинган қизғин меҳнат Эргаш акани роса тоблаганди. У кишининг ташаббуси билан амалга оширилган эзгу ишларнинг рўйхати жуда узун. Шунча ишларни адо этиш учун бир одамнинг умри етганига ҳайрон қоласиз. Туман раҳбари лавозимидан кейин Зомин пахта тозалаш заводига директорлик қилишга тўғри келди.
Эргаш Холматов деганда, ҳаётнинг ҳар қандай мураккаб саволига жавоб топадиган, ҳамиша эзгу ва савобли ишларнинг тепасида турган, доно инсон намоён бўлади. У киши ҳаётда атиги олтмиш етти йил умр кўрди. Аммо, бу мўътабар инсон ҳавасга арзигулик умр йўлларини босиб ўтди?! Ҳақиқатан ҳам, умр мазмуни меҳнат билан ўлчанади, деганлари рост экан.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳоли, айниқса, аёллар билан суҳбатлашганимизда улар иш билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлаб, биздан жўяли бир гап эшитишни, аниқ жавоб айтишимиз...
01 янв 1970
Бекобод шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан 9 май — Хотира ва қадрлаш куниг...
01 янв 1970
Сайловчилар манфаатлари йўлида жонкуярлик билан иш олиб бораётган халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депу...
01 янв 1970
Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни тарғиб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади....