“Оқ ажал”нинг қора кулфати...

/
Инсониятнинг бугуни ва келажагига хавф туғдираётган трансмиллий жиноятчилик турларидан бири — наркотик моддалар савдоси ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, бугун ер юзида бир йил давомида наркобизнесда айланаётган ноқонуний пул маблағлари ўртача 800 миллиард АҚШ долларига тенг бўлмоқда.
Дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар 8 одамнинг бири тўйиб овқатланмаётган, 30 фоиздан зиёди эса тўлақонли равишда овқатланмаслик, организмида энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечираётган бир пайтда наркотик моддаларнинг зарари ва уни истеъмол қилишнинг оқибати ҳақида бот-бот тарғиб қилинишига қарамай, айрим кимсалар шу маблағларни эҳтиёжманд инсонларнинг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой, таълим олишлари ва тиббий хизматларига сарфлаш ўрнига, бу заҳри қотилни сотиши, ундан ҳам ёмони истеъмол қилишини оқлаб бўлмайди.
Гиёҳванд моддалар инсоният учун энг ижтимоий хавфли ва оғир оқибатларга олиб келадиган офатлигини кўпчилигимиз яхши биламиз. Бироқ, афсуски, енгил пул топиш, осон бойлик орттириш нияти ҳазорасплик Рустам Юнусов, Нозима Дарвишова, Шоҳида Сафарбоеваларни (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) бу нотўғри йўлдан қайтара олмади.
Воқеа қуйидагича рўй берган эди. Олди-сотди ишлари билан шуғулланиб келаётган, дўконлари ҳам ёнма-ён бўлган синфдош аёлларнинг ўзаро суҳбати бу гал тез ва осонгина кўп пул топиш мавзусида бўлди.
— Савдониям баракаси йўқ. Устига-устак харидор кам, — дея нолиди Нозима Дарвишова.
ўаразли режасини хаёлида пишитиб, ишончли шерик топа олмай юрган Шоҳида бу фурсатни қўлдан бой бергиси келмай, Нозимани аврашга тушди:
— Дугонажон, бунинг осонгина йўли бор, фақат менинг айтганимни қилсанг бўлди.
— Қандай йўл экан? — қизиқиб сўради Нозима.
— Ерга кўмилган хазинам бор. Уни сотишга ёрдамлашсанг, бойиб кетамиз. Ҳозир шошиб тургандим. Кун ҳам кеч бўлиб қолди. Эртага кўришганимизда батафсил айтаман. Келишдикми?
Нозима эртани интизорлик билан кутди. Дугонасининг қўнғироғи уни севинтирди. Шоша-пиша телефон гўшагини кўтарди. Уйига таклиф қилди ва меҳмонни кута бошлади. Шоҳида ҳам уни узоқ куттирмади. Уйига кириб, бир пиёла чой устида суҳбатлашаётган пайтда меҳмон ўз “совға”сини мезбонга узатди.
— Қуруқ келмай дедим-да. Танишларингга тезроқ ўтказ. Менга ўзим айтган нархни берсанг бўлди. Фойдаси сеники. Фақат тезроқ сот, қўлингда кўп ушлаб ўтирма, — дея хайрлашиб, тезда уйдан чиқди.
Нозима эса қўлидаги “героин” гиёҳвандлик моддасига тезроқ харидор топиши керак эди. Шу мақсадда қайноғаси Рустам Юнусов билан гаплашди. У эса харидор топишини айтиб, таниш-билишларига қўнғироқ қила бошлайди. Харидор ҳам узоқ куттирмай, топила қолди. У билан учрашув куни ва жойини белгилаб, айтилган вақтда 11 граммдан зиёд оғирликда бўлган “героин” гиёҳвандлик моддасини пуллашга ҳаракат қилди. Келишилган пулни қўлига ушлашга ушлади-ю, қувончи узоққа чўзилмади. Ички ишлар ходимлари ёнига келиб, ўзларини таништириши билан режаси барбод бўлганини тушуниб етди.
Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг адолатли ҳукми бу жиноий гуруҳнинг фаолиятига нуқта қўйди. Ҳукмга биноан Рустам Юнусов 8 йилга, Нозима Дарвишова 10 йил 6 ойга, Шоҳида Сафарбоева 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қинғир ишнинг оқибати шу. Бошқача якун топиши ҳам мумкин эмас.
Наргиза БЎРОНОВА,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Одам савдоси бугунги кунда дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бирига айланди. ...
01 янв 1970
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.  ...
01 янв 1970
Соат миллари тонгги тўртни қувлаб етган паллада ширин уйқуда ётган Шоира (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) шовқинда...
01 янв 1970
Судларнинг фуқароларимизни “отангга бор, онангга бор” қабилида овора қилиш ҳолатлари етарлича топилади....