Мардлар мангу яшайди

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ўз фаолиятида ўтган аждодларимизни хотирлаш ва биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилаётган кексаларни эъзозлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли жангларида олис Нурота туманининг тоғлар бағридаги 32 оиладан иборат мўъжазгина “Авазсой” маҳалласидан ҳам 25 нафар навқирон йигитлар юрт тинчлиги учун курашдилар. Шундан 13 нафари фашизм балосига қарши тенгсиз жангларда жонларини фидо қилишди. Она қишлоққа ғалаба билан қайтган Мусо Қозоқов, Аҳмад Чўлиев, ўайбулла Шодиев, Умрзоқ Турғунов, Урал Қобонов, Ўтаган Элибоев, Умар Сувонов, Исо Бозоров, Нори Ҳакимов, Ҳайдар Холбоев, Хўжа Қозоқов ва Давлон Ҳакимовлар ҳам бугун орамизда йўқ. Лекин мард ва жасур ўғлонлар жасорати қалбларда мангуликка муҳрланган. Улар қишлоқдошлари, қариндош-уруғлари ва ёш авлод хотирасида абадий яшайди. “Оқтепа” қишлоғидаги 25-умумтаълим мактабида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда бу яна бир бор яққол исботини топди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят кенгаши томонидан халқ депутатлари Нурота туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ҳамда мазкур мактаб жамоаси билан ҳамкорликда ташкил этилган маросим қишлоқда уларнинг хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди. Унда сўзга чиққанлар жасур ҳамқишлоқларининг Иккинчи жаҳон уруши ҳамда фронт ортидаги меҳнат жасоратини ёдга олиб, бунинг бугунги ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Жумладан, халқ депутатлари Нурота туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Ўктам Нормуродов мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ва уруш ортидаги меҳнат фронти қатнашчиларига, кексаларга кўрсатилаётган беқиёс эътибор ва ғамхўрликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича тўхталди. Мактаб ўқувчиларининг чиқишларида аждодлар жасоратининг адабий-бадиий талқини ўз ифодасини топди.
Тадбирда хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, қишлоқдаги қабристонда депутат Ўктам Нормуродов ташаббуси билан аҳоли иштирокида ободонлаштириш, қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу ерда миллий меъморий услубдаги дарвоза тикланди. Қишлоқ аҳли ўтганлар хотирасини катта ҳурмату эҳтиром билан ёдга олишди.
Тадбир қишлоқ ёшларидан ташкил топган саккиз жамоа ўртасидаги футбол бўйича хотира турнири билан давом этди.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбири
 
Инсон азиз, хотира муқаддас
Ўтганларни хотирлаш, биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилаётган ёши улуғ инсонларни эъзозлаш ва қадрига етиш элимизга хос эзгу фазилатлар сирасига киради.
Хотира ва қардлаш куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман кенгаши фаоллари тумандаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларига ташриф буюриб, эл-юртнинг тинчлиги, эрки ва озодлиги учун курашган фахрийларни байрам билан қутладилар, уларга ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар.
— Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ёшимизга ёш, кучимизга куч қўшди. Биз, нуронийларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар натижасида ҳаётимиз янада фаровон бўлиб бормоқда. Шу боис биз, кексаларнинг руҳимиз баланд, ҳамиша дуодамиз, юртимиз доимо тинч ва фаровон бўлсин, — дея тилак билдирди 93 ёшли отахон Али Боймуродов.
Ёши улуғ кексалар ёдида уруш йилларининг хотиралари, матонат лавҳалари муҳрланиб қолган. Шу боис ёшлар тарбиясида, уларнинг маънавий баркамоллигида ота-боболаримиз ўгит ва насиҳатлари юксак маъно-мазмун касб этади.
Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимиздаги энг муҳим байрамлардан биридир. Хотира, меҳр-оқибат, қадр-қиммат рамзи бўлган ушбу қутлуғ кунда ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасоратини ёдга оламиз.
Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз руҳини шод этиш, шиддатли жанг майдонларида жасорат кўрсатган ҳамюртларимизга ҳурмат-иззат кўрсатиш бизнинг бурчимиз ва бундай эзгу иш ҳар биримизга маънан куч бағишлайди.
Обиджон ЗИЁДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман кенгаши раиси ўринбосари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек,  “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Жорий йилнинг республикамизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш билан бир в...
01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимиз ҳудудларида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан фуқароларнинг манфаатлари, партиями...
01 янв 1970
Халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган аҳолини ташвишга солаётган мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқ билан доими...