Осуда ҳаёт кўрки

/
“Бугун муқаддас масканга айланиб қолган мана шу Хотира майдонида туриб, жаҳон тарихидаги энг қонли, мислсиз қурбонлар, мусибат ва офатлар олиб келган урушда эришган ғалаба кунини нишонлар эканмиз, орадан шунча йиллар ўтганига қарамай мамлакатимизда биронта одам йўқки, ўша даҳшатли урушни, унинг асоратларини эсидан, хаёлидан чиқарган бўлса, — деди Президентимиз 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида. — Шунинг учун ҳам бу қутлуғ айёмни, бир томондан, катта ғурур ва ифтихор билан, иккинчи томондан, кўзимизда ёш билан кутиб оламиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”.
Ғурур ва ифтихоримизнинг боиси шундаки, биз тиш-тирноғи билан қуролланган, ўнлаб мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятини ўзлаштирган хавфли душман устидан ғолиб чиқдик. Уруш даҳшатларини, фашистларнинг бераҳм босқинчилигини мен ўз кўзим билан кўрдим, ўз танамда ҳис қилдим. Жанг чоғи бир неча марта яраланиб, яна сафга қайтдим. Биргина бизнинг юртимиздан 420 минг нафар инсон жангларда ҳалок бўлди, 123 минг жангчи бедарак йўқолди. Мен фашистларни ёвуз босқинчи, деб биламан. Бир эслайлик: 1946 йилнинг 8 февралида, Нюрнберг судида бош айбловчи генерал Р.Руденко фашистлар томонидан 1710 шаҳар, 70 минг қишлоқ, 6 миллион бино, шу жумладан, 32 минг саноат корхонаси, 100 минг жамоа ва давлат хўжалиги, 40 минг касалхона, 84 минг мактаб, 43 минг кутубхонанинг кули кўкка совурилганини айтган эди. Шаҳарлар қайта тикланди, мактаблар қурилди. Аммо шафқатсизларча қириб юборилган 20 миллион нафар бегуноҳ жонни қайтариб бўладими?
Биргина бизнинг Қорақалпоғистондан 36 минг нафар сафдошимнинг сўнгги манзили Европа замини бўлди. Улар Москва, Киев, Минск, Варшава ва бошқа шаҳарлар, қишлоқлар учун бўлган беомон жангларда ҳалок бўлдилар. 20 нафар қорақалпоғистонлик қаҳрамонлик нишони, 6 нафари “Шуҳрат” орденининг тўлиқ соҳиби бўлди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, элдошим Ибройим Юсупов бир шеърида бундай деб ёзган эди:
Ғалаба кунини улар кўрмади...
Жон берди, Ватанин ёвга бермади,
Айтиб берар эдим ҳозир отма-от,
Халқободдан қанча одам келмади...

Мана, бугун, орадан 71 йил ўтгач, мен ҳам ўшанда Кегайлидан, Халқободдан, Қуанишжармадан қанча ботир қайтгани-ю қайтмаганини бирма-бир, отма-от айтиб бера оламан. Кейинчалик, урушдан анча йиллар ўтгач, академик С.Камолов ёзган бир маълумотни ўқиган эдим. Тарихчининг келтиришича, 1941 йили Қорақалпоғистонда 19937 бола туғилган бўлса, 1944 йили уларнинг сони 4 бараварга камайиб, фақат 1959 йилдагина аҳоли сони 1941 йилги даражага кўтарилган экан. Бугун Қорақалпоғистонда 1,7 миллион нафар аҳоли, турли миллат вакиллари истиқлол ҳавосидан бахтиёр нафас олмоқдалар. Устюртдаги гигант корхоналардан тортиб маҳалладаги оилавий бизнес вакили — оддий касаначининг ишигача, барча-барчасида унум бор, барака бор. Ҳеч кимдан кам бўлмаган, билимда, спортда, санъатда ҳеч кимга бўш келмаётган баркамол авлод шаклланмоқда. Барпо этилаётган янги уйлар, янги шаҳарчалар, янги йўллар, янги кўприклар, янгича ҳаёт ҳавасингизни келтиради, янада узоқроқ яшашга иштиёқ уйғотади. Бизнинг ажойиб шоиримиз Ажиниёз охун Қўсибой ўғли “Бу дунёнинг кўрки – одам боласи”, деб ёзган эди. Мустақил Ўзбекистонимизда ҳамма нарса ўша олам кўрки, яъни бешикдаги боладан тортиб юз ёшдан ошган қариягача гўзал ва мамнун яшашига қаратилган. Бундай аҳил, ҳамжиҳат, оғзибир юртнинг келажаги, албатта, буюк бўлади! Президентимизнинг сўзларини эшитиб ўтириб хаёлимдан ана шундай фикрлар кечди. Тинчлик ана шундай тансиқ неъмат эканлигини яна бир бор айтгим келди.
Қудайберген РАМБЕРГЕНОВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси,
Кегайли тумани, “Узумбоғ” овули

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз кейинги 25 йил ичида ўзига хос иқтисодий тараққиёт, ижтимоий юксалиш, маънавий тамаддун йўлини босиб ўтди....
01 янв 1970
Бекобод шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан 9 май — Хотира ва қадрлаш куниг...
01 янв 1970
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўтк...
01 янв 1970
Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити олиш бўйича алоҳида имтиёзлар...