Долзарб масалалар ҳал этилмоқда

/
Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллиги ортган сари маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият ҳам кучаймоқда. Бугун сайловчилар орасига кириб бормаган, фуқаролар билан ҳамнафас бўлишга интилмаган халқ вакили элнинг ишончини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда бу институт энг ишончли ва кучли жамоатчилик идорасига айланиб бораётганини таъкидлаш жоиз.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ҳақида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Депутатлик гуруҳи 8 нафар депутатни бирлаштирган ҳолда вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан ҳудудларда ҳал этилиши лозим бўлган қатор долзарб масалалар ўрганилиб, депутатлар фаол муносабатларини билдираётгани эътиборга молик. Шу билан бирга, фаолиятга танқидий нуқтаи назардан ёндашиб ишлаш ҳам назардан четда қолмаяпти.
Шу ўринда бир мисол. Ўтган 2015 йилнинг биринчи чорагида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига атиги 8 та депутатлик сўрови киритилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 26 тани ташкил этди. Уларнинг аксариятида партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган йўналишлар асосида тиббиёт, таълим соҳаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, саноатни ривожлантириш, коммунал хизмат сифатини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадлари кўзда тутилган.
Сайловчиларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, молия муассасалари томонидан ажратилаётган кредитларнинг мақсадли йўналтирилиши ва транспорт хизматига доир муаммолар ҳам ҳал этилмоқда. Депутатларнинг бу борадаги фаолияти ҳар ойда мониторинг қилиб борилаётгани фаолиятда аниқликни таъминлаб, самарадорликни оширмоқда.
Мисол учун, халқ депутатлари вилоят Кенгашига Андижон шаҳридан сайланган депутат Бахтиёржон Комилов фаолиятига назар ташлайлик. Депутат Б.Комилов сайловчилар билан 18 маротаба учрашув ўтказди. Ҳудудлардаги бир қатор муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига киритилган депутатлик сўровлари ва уларнинг натижалари ҳам депутатнинг назоратида бўлмоқда. Айниқса, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш унинг доимий эътиборида. 16 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун бизнес-режа тузиш ва молиявий кўмак олишларига амалий ёрдам берилди. Натижада 40 нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳасидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар табиий газ таъминотига оид масалада қилган мурожаати Б.Комиловнинг тегишли ташкилотларга киритган депутатлик сўрови билан ижобий ечимини топди. “Исломобод” маҳалласи аҳолисининг электр энергияси таъминотига доир масала юзасидан қилган мурожаати асосида Андижон шаҳар электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборилди. Натижада бу масала ҳам ижобий ҳал этилди.
— Сайловчилар орасига кириб борган сари уларда бизга бўлган ишонч ортаверади. Шу боис учрашувлардагина эмас, ҳамма вақт уларни эшитишга ҳаракат қиламан. МФЙларда ҳафтанинг аниқ бир кунида фуқароларни қабул қилиш соати ташкил этилган. Бу ҳам ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб бориш ва тарғибот ишларини йўлга қўйишда қўл келмоқда.
Таълим ва тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, ўқувчилар маънавиятини юксалтириш уларнинг тарбиясида муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, ўқувчиларнинг ижтимоий тенглигини таъминлаш ва уларнинг мактабда кийиниш маданиятига риоя этиши муҳим ҳаётий масалалардан бири саналади. Шундан келиб чиқиб, 2015 йилда депутатлик гуруҳи аъзолари алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқди. Мавзунинг долзарблигини инобатга олиб, дастлаб бу масала халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссиясига тақдим этилди. Ушбу масала мазкур комиссия билан ҳамкорликда 2015 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган қўшма йиғилишда атрофлича кўриб чиқилди. Ш.Валиева, М.Ахунов ва Х.Мирзааҳмедовларнинг ўз сайлов округи ҳудудларида бажарилган ишлар бўйича ҳисоботи кўпчилик томонидан маъқулланди. Андижон шаҳридаги 3-,7-,29-,35-умумтаълим мактабларида олиб борилган кенг қамровли тарғибот тадбирлари натижасида бир хил мактаб формасига эришилганлиги қувонарли ҳол, албатта.
Соғлом она ва бола йилида депутатлар томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини юксалтиришга бўлган эътибор янада ортди. Жойларда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб борилмоқда. Хусусан, биринчи чоракда Андижон ва Асака туманларида бажарилган ишлар билан бирга камчиликлар ҳам борлиги кузатилди. Айрим умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ёш авлодни соғлом ва баркамол вояга етказишда муҳим ўрин тутадиган мавжуд спорт объектларидан самарали фойдаланилмаётгани қайд этилди. Тозалик ва ободонлаштириш ишларини ташкил этишда маҳалла фаолларининг масъулиятини янада ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.
– Аҳолининг репродуктив саломатлиги, оналар ва болаларга бўлган эътиборни ошириш мақсадида партиядош тиббиёт ходимлари билан тарғибот тадбирларини йўлга қўйдик, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Зуҳрахон Комилова. — Маҳаллаларда оналар ва ўсмир қизлар иштирокида “Саломатлигимиз ўз қўлимизда” шиори остида давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди. Ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳар бир депутат ўз сайлов округида доимий назорат ўрнатгани ҳам ижобий самара бермоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Коррупция дунё миқёсидаги глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказ...
01 янв 1970
Ўзбекистон  “Адолат” социал-демократик партиясидан  халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига сайланган депутат Улуғбек Қурязо...
01 янв 1970
Партиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш сиёсий кучнинг қуйи бўғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ушбу таянч тузилмалар сони кўпайишига эришиш...
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....