Хотира ўтмишни келажак билан боғламоқ демак

/
Миллатнинг барҳаётлиги, келажаги, маънавий-ахлоқий мавқеи унинг ўтмиш тарихи билан боғлиқ уйғоқ хотираси, улуғ аждодлари қолдирган илмий-маънавий меросга муносабати, бу бебаҳо хазинадан баҳрамандлигига боғлиқ. Тарих сабоқларидан, миллий ва диний қадриятларидан, урф-одат ва анъаналаридан жудо қилинган халқ, шубҳасиз, таназзулга юз тутади. Мозийда ҳам, яқин ўтмишда ҳам бунга мисоллар кўп.
Миллий хотира бизнинг олис тарихдан хабардорлигимиз, аллома аждодларимиз ўгитларига амал қилишимиздан келиб чиқади. Ўтмишнинг бугун ва келажак билан боғлиқлиги, бир-бирини тўлдириши, эзгу амалларга пойдевор бўлиши, янги авлод тарбияси, улар дунёқарашининг тўғри шаклланиши ҳақида фикр юритилганда мана шу уйғунлик кўзда тутилади. Тарих унутиб бўлмайдиган ноёб хотира, аждодларнинг ибратли ишларини эслаш, тарихий воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб яшаш, ўтмишни келажак билан боғлаш деганидир.
Давлатимиз раҳбари истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ халқимизнинг асрлар давомида босиб ўтган ўтмиш тарихини, озодлик учун курашлари саҳифаларини чуқур ўрганиш, улуғ бобокалонларимиз ҳурматини жой-жойига қўйиш, ёш авлодни улар билан ҳақли равишда фахрланиш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор берди. Бу эътибор миллий истиқлол ғоясининг, маънавий тарбия ишининг, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, она Ватанга садоқат, аждодлар хотирасига, ота-онага, устоз-мураббийларга ҳурмат руҳини шакллантиришнинг бош мақсадига айланди, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида фидокорлик қилган, ҳалол меҳнати билан эл-юртда ҳурмат-эътибор қозонган табаррук кексаларни ҳар жиҳатдан эъзозлаш миллий қадрият даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши ва ҳар йили ушбу сана умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши бунинг ёрқин далилидир. Байрам тадбирларида халқимиз бугунги ёруғ ва фаровон кунларга етказганига шукроналар айтиш баробарида, ҳаётимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, осмонимизнинг мусаффолиги учун жангу жадалларда жон олиб, жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгади. Бугун ҳаёт бўлган, истиқлол самараларидан баҳраманд бўлаётган, бой ҳаётий тажрибаси билан ёш авлодга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган уруш қатнашчиларининг ҳурматини жойига қўяди.
Юртбошимиз сўзлари билан айтганда, “уларнинг умрини бир йил, бир ойга бўлса ҳам узайтириш, кўнглини олиш, дардига малҳам бўлиш йўлида қўлимиздан келган барча ишни қилиш бугунги авлод учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлмоғи даркор”.
Мамлакатимизда нафақат уруш қатнашчилари, фронт ортида қаҳрамонона меҳнат қилган кишилар, улар билан бирга кўпни кўрган нуроний отахон-онахонлар, устоз ва мураббийлар, ўз касбининг моҳир усталари, эл-юрт ардоғидаги табаррук инсонлар тўғрисида ҳам доимий ғамхўрлик қилинмоқда. Чеҳрасидан нур ёғилиб турган кекса авлод вакилларининг бебаҳо ҳаётий тажрибаси ёшлар учун ниҳоятда муҳим. Улар ҳаётимизнинг кўрки, пиру бадавлатлик рамзи. Президентимизнинг шу йил 18 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ уруш қатнашчиларига пул мукофотлари ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди.
Давлатимиз раҳбари 8 май куни пойтахтимиздаги Хотира майдонида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган фахрийлар, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни самимий табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун жонларини фидо қилган юртдошларимиз хотираси олдида бош эгиб таъзим қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарзлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. “Аслида, содда қилиб айтганда, тарих – бу хотира дегани, ўтган аждодларнинг шонли ишлари, қаҳрамонликларини эслаш, ўтмиш воқеаларидан тўғри хулоса чиқариб яшаш деганидир.
Шуларнинг барчасини инобатга олиб, биз бундан 17 йил олдин мамлакатимизда 9 май санасини Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиб, пойтахтимиз Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларда Хотира майдонлари барпо этиб, бу майдонларда Мотамсаро она ҳайкалини ўрнатдик. Бошқача айтганда, хотира ва қадрлаш деган, бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро боғланган иккита эзгу тушунча айни шу номда ўзининг ёрқин ифодасини топди”, — деди Юртбошимиз.
Давлатимиз раҳбари Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатда инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат бу уруш халқимиз бошига солган офат асло такрорланмаслиги, остонамизга яқин келмаслиги кераклигини, шу билан бирга, дунёда қарама-қаршиликлар тобора кескинлашиб, бу ҳолат тинчлик ва барқарорликка жиддий хавф ва таҳдид солаётганини эслатиб ўтди. Қўшни Афғонистонда 35 йилдан буён беқарор вазият ҳукм сураётгани ва ҳали-бери унинг охири кўринмаётгани, экстремизм, терроризм деб ном олган хатарлар, фашизм деган бало яна майдонга чиқаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундай мураккаб ва таҳликали вазият барча-барчадан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашни, лоқайд ва бепарволик кайфиятига берилмасликни талаб этади.
Бугунги кунимизнинг муҳим вазифаларидан бири — ўсиб келаётган ёш авлодга, азиз фарзандларимизга тинчлик бу — ҳаётдаги энг улуғ неъмат эканлигини тушунтириш, онг-шуурига сингдиришдан иборат. Негаки, дунё минтақаларида уруш оловини қайта ёқиш, бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш, қуролли, ирқий ва бошқа можаролар чиқариш, халқларнинг осуда ҳаётига раҳна солиш ва бундан моддий манфаат кўриш ҳаракатлари ҳозир ҳам йўқ эмас. Шу боисдан ҳам Юртбошимизнинг ҳамиша огоҳ бўлиш, аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига бефарқ бўлмаслик тўғрисидаги даъватларини доимо ёдимизда тутмоғимиз ва унга амал қилмоғимиз зарур.
Хотира ва қадрлаш — ҳар биримизнинг миллат равнақи, ҳаётимизнинг фаровонлиги билан бевосита боғлиқ эзгу ниятимиз ва амалий ишларимизда ҳам ўз аксини топади. Биз, шубҳасиз, буюк хотирага эгамиз, аммо келажакни хотира билан фахрланишнинг ўзи билангина яратиб бўлмайди. Тарих учун биздан ҳам, улуғ боболаримиз каби, буюк ишлар хотира бўлиб қолиши, бизнинг бугунги ишларимиз, эзгу амалларимиз ва ютуқларимиз ҳам келгуси авлодларни янги зафарларга руҳлантириши ва илҳомлантириши лозим. Шу маънода ушбу кунларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида “Ким эдигу ким бўлдик. Эртага қандай улуғ марраларни эгаллашимиз керак?”, “Биз — буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида ўтаётган ёшлар фестиваллари, авлодлар учрашувлари, китобхонлик байрамлари, ижодий маҳорат кўриклари катта аҳамият касб этмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Бу тадбирларда бугун вояга етган имон-эътиқодли, замонавий билимларни чуқур эгаллаган, истиқлол ғояларига садоқатли, мустақил фикрли, журъатли ёшлар Ватанимизнинг энг катта, ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган бойлиги эканлиги яққол кўзга ташланмоқда.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллатнинг барҳаётлиги, келажаги, маънавий-ахлоқий мавқеи унинг ўтмиш тарихи билан боғлиқ уйғоқ хотираси, улуғ аждодлари қолдирган илмий-маънавий м...
01 янв 1970
Никоҳдан ажрашмасдан туриб эр-хотин ўртасидаги мол-мулкни бўлиш мумкинми?
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам қи...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида...