Гаров шартномаси фуқаролар манфаатига хизмат қилмоқда

/
Марғилон шаҳрида яшовчи Хайрулла Рустамов ўз тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдосини ривожлантириш мақсадида айланма маблағларни тўлдириш учун 20 миллион сўм кредит сўраб, банкка мурожаат қилди. Шу боис кредит таъминоти сифатида 25 миллион сўмга баҳоланган шахсий “Нексия” русумли автомашинасини гаровга қўйди. Унинг нотариал идорамизга мурожаатига кўра, амалдаги қонунлар талабига мувофиқ мазкур гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланди. Натижада тадбиркорга белгиланган миқдордаги кредит маблағи ажратилди.
Албатта, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Юртдошларимиз закалат, ипотека ва ҳуқуқлар гарови тарзидаги гаров турларини тасдиқлаш мақсадида нотариал идорамизга мурожаат қилишади. Фуқаролик кодексининг 271-моддасига биноан, гаров шартномаси ёзма шаклда тузилиб, шартномада гаров нарсаси ва унинг баҳоси, моҳияти, миқдори ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати кўрсатилган бўлиши керак. Унда гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида эканлиги ҳам кўpсатилиши шарт.
Яна бир мисол. Ўзбекистон туманида яшовчи Элёрбек Пўлатов Фарғона шаҳрида бунёд этилган янги, замонавий лойиҳадаги уйлардан бирини 15 йил муддатга йиллик 9 фоиз устама тўлаш шарти билан имтиёзли ипотека кредити аосида сотиб оладиган бўлди. Гаровга эса ўша уйнинг ўзи қўйилди. Шу мақсадда Элёрбек гаров (ипотека) шартномасини тасдиқлаш юзасидан нотариал идорамизга мурожаат қилди.
Ипотека шартномаси тасдиқлангач, у ўзи истаган уйнинг соҳибига айланди.
Қонунга мувофиқ, ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек, нотариал тасдиқланиши кеpак бўлган шартномага кўра олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши шаpт.
Ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.
Нотариус давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги битимларни бошқа шахсга ўтказилаётган ёки гаровга (ипотекага) қўйилаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина тасдиқлаши лозим.
Бундан ташқари, нотариус битимда иштирок этаётган юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек, у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини текшириши шарт. Қолаверса, гаровга қўйилаётган мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳам текширилиши зарур. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан тадбиркорлик субъектлари мурожаат этса, тегишли маълумотномалар нотариус томонидан идоралараро сўров орқали “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасидан ва тегишли давлат нотариал идорасидан олинади.
Муҳими, қонуний тартибда тузилган гаров шартномалари фуқаролар манфаатига хизмат қилмоқда.
Фазлиддин ПОЛВОНОВ,
Фарғона шаҳар 5-сон давлат нотариал идораси нотариуси

— Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, уни сотиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
С.Толибов,
Хазорасп тумани

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 280-моддасига мувофиқ, ундирувга қаратилган гаровдаги мол-мулкни сотиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кимошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.
Гаровга қўйувчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда кимошди савдосида сотишни бир йилгача муддатга кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкни гаровга қўйиш билан таъминланган мажбурият бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчларига таъсир қилмайди ҳамда қарздорни кредиторнинг кечиктириш даври мобайнида кўпайган зарари ва неустойкани ундиришдан озод қилмайди.
Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўйувчи билан келишуви натижасида белгиланади.
Саволга Шовот туман 1-сон ДНИ нотариуси
Рўзимбой ТЎРАЕВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида Тошкент вилояти ҳудудида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилди....
01 янв 1970
Партиялараро рақобат тобора кучаяётгани, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортаётгани ҳам масъулият билан ишлаш...
01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш, илм-фаннинг юксак чўққиларини эгаллашлари учун кенг шарт-шароитлар яратилган....
01 янв 1970
Бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов тўлиқ тўланган бўлса-да фуқаро хизматга яроқсиз деб топилса, тўланган пулни қайтариб олса бўладими? Бунинг тарти...