Яшиллик бағрида яшаган инсон

/
Бу камтарин инсоннинг бошқаларга ўхшамайдиган бетакрор фазилатлари, она табиатни, ундаги яшил олам мўъжизаларини асраб-авайлаш йўлидаги беқиёс хизматлари, дўстларга, ҳамкасбу шогирдларга муносабати ҳақида илгари ҳам мақола ёзганман. Ҳар гал у киши билан ҳамсуҳбат бўлганимда Баён ота “Дарахт эккан, ўрмонзор, боғ барпо этган, табиатдан фарзандлик бурчини аямаган инсоннинг умри узун, ризқи бутун бўлади”, деган гапни таъкидлашни хуш кўрарди.
Табиатнинг яшил манзараларидан завқ олмаган, вужудида тетиклик ҳис этмаган инсоннинг ўзи йўқ. Чунки биз — ҳаммамиз табиат фарзандларимиз. Тириклигимиз, ўсиб-улғайишимиз, кўкрагимизни тўлдириб нафас олишимизу теварак-атрофимиздаги пок ранглардан кўзларимиз қувнаб, дилимиз яйраб туриши табиат ва унинг ҳаётбахш сеҳри-қудрати билан изоҳланади. Баён ака табиатнинг ана шу мўъжизакор сеҳру қудратини ҳаммадан кўра теранроқ илғай олган, шу боис бутун умрини, илму ҳунарини табиатни эъзозлашга, унинг бойликларини кўпайтиришга бахшида этган инсонлардан.
Азим Самарқанддан Ургут туманига йўл олсангиз, қадимий Дарғом анҳорининг ўнг ёқасида шовуллаб турган ям-яшил арчазор, ёнғоқзору пистазорларга кўзингиз тушади. Ўнлаб гектар майдонда ҳимояланадиган ўрмон мақомини олган мазкур майдон “Дарғом” давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонасига қарашли жаннатмонанд ерлардир.
Баён ота Хуррамов умрининг асосий қисмини ана шу хўжаликда кўчат етиштириш, ўрмонзор, боғлар барпо этиш билан ўтказди. Нафақат Самарқандда, балки республикамизнинг Хоразм, Навоий, Жиззах сингари вилоятларида бунёд этилган ўнлаб гектар мевали ва манзарали ўрмон-боғлар, анвойи гулзорлар Баён ота раҳбарлик қилган хўжалик аъзоларининг сидқидил меҳнатлари натижасидир. Жамоа етакчисининг бевосита изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва тадбиркорлиги туфайли ўтган вақт мобайнида “Дарғом” кўчатчилик хўжалигида элликдан ортиқ нодир, манзарали гул ва дарахт турлари экиб кўпайтирилди ҳамда маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилди. Бугун ана шу турфа гул ва дарахтлар Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғларига, кўча ва хиёбонларга зеб бериб турибдики, бундай манзарадан шаҳар қиёфаси янада кўркамлашиб кетган.
Инсоннинг табиат ва жамият олдидаги бурчи ҳақида салмоқли, маънодор сўзларни топиб айта оладиган ва ўз сўзига амал қиладиган Баён ота Хуррамовни Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасида, Самарқанд вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасида кўпчилик мутахассислар яхши танирди, уни устоз дея ҳурмат қилишарди. Бундай шарафга Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини тамомлаб, олий маълумотли агроном дипломини олган Баён Хуррамов соҳадаги 42 йиллик самарали меҳнати туфайли эришганди. Аввалига у Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Яккабоғ ўрмон хўжаликларида мутахассис, Самарқанд ўрмон хўжалигининг “Дарғом” участкасида бўлим бошлиғи, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаб, ўрмонларни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшди.
Умрининг сўнгги йилларида у раҳбарлик қилган “Дарғом” кўчатчилик хўжалигининг майдони 317 гектарни ташкил этганди. Бу ерда эндиликда ҳар йили 200 минг турдан зиёд гул ва дарахт кўчатлари етиштирилади. Ўрмонлардан эса ўнлаб тонна доривор ўсимлик ва мевалар йиғиштириб олинади. Бу ишларнинг ҳамма-ҳаммаси одамлар эҳтиёжи, халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги, табиат кўркамлигини таъминлаш, асраб-авайлаш учун амалга оширилади. Бу анъанани ҳозир Баён аканинг ҳамкасблари, шогирдлари, фарзандлари давом эттириб, элга сидқидилдан хизмат қилишмоқда.
Етмиш беш йил умр кўрган Баён ота Хуррамов касбига фидойилиги туфайли одамларга керакли инсон бўла олди. Уларнинг ташвиш-эҳтиёжларига “лаббай” деб жавоб бера олди. Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ниҳол эккан, боғ-роғлар яратган инсоннинг умри узоқ бўлади, деган ҳикматли сўз Баён отанинг ҳаётида ўз ифодасини топди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий база мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда биз, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқдамиз....
01 янв 1970
“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди....
01 янв 1970
Наманган давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....