Сайловчилар ишончини оқлаш

/
ваколатлардан унумли фойдаланишда фаол бўлишимизни тақозо этади
Сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг қуйи ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди.
Шу маънода бугунги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари партиянинг ҳудудий ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янда кучайтириш, замон талабига мос янгича ёндашувлар билан ишлашни тақозо этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2014 йилги сайловларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бир неча номзодлари вилоятимизда сайловчилар ишончига эришиб, маҳаллий вакиллик органларига депутат бўлиб сайландилар. Шундай сўнг ўтган вақт ичида ҳар бир депутат ўз ваколатлари доирасида иш олиб борди. Сайловчилар ишончини нечоғлик оқлай олганимиз, ютуқ ва камчиликларни эса таҳлиллар кўрсатиб турибди.
Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг дастурий ғояларини, электорат манфаатларини маҳаллий вакиллик органларида туриб ҳимоя этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда. Аҳоли орасига чуқурроқ кириб бориб, электоратимизни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва уларга қонуний ечим топиш, амалдаги қонун ҳужжатлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.
Масалан, “Фарҳод” маҳалласи ҳудудидаги асосий кўчаларни ёритиш ҳамда боғча ва мактабга борадиган ички йўлларни таъмирлаш юзасидан тегишли органларга депутатлик сўрови юборилди. Ҳозирги кунда ушбу кўчаларга ўрнатилган янги чироқлар йўлларни чароғон этмоқда. Боғча ва мактабга борадиган йўлларни таъмирлаш масаласи ҳам эътиборга олинди. Депутатлик сўровига Ширин шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Эгамқул Холбўтаев томонидан юборилган жавоб хатида шу мақсадда 10 миллион сўм маблағ ажратилганлиги, тез орада бу муаммо ҳал этилиши ҳақида маълум қилинган. Яна бир мисол. Сайловчиларнинг депутатлик гуруҳимиз аъзоси Ойзода Эгамбердиевага “Амир Темур” маҳалласида истиқомат қилаётган коллеж ўқувчиларининг давомати талаб даражасида эмаслиги юзасидан қилган мурожаати асосида мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алисаид Ортиқовга депутатлик сўрови юборилди. Шунга мувофиқ, ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши бўйича мониторинг олиб борилди ҳамда пировардида ижобий натижага эришилди.
Фуқароларнинг депутатларга оғзаки мурожаатлари асосида ҳам бир қатор масалалар ўз ечимини топаётганлиги эътиборга молик. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари оғзаки сўровларга мувофиқ айрим масалаларни ижобий ҳал этишга муваффақ бўлишмоқда. Масалан, депутат Шуҳрат Солиевга “Амир Темур” маҳалласида яшовчи фуқаро Комила Ашурқулова иш топишда амалий ёрдам сўраб, оғзаки мурожаат этди. Бу мурожаат ижобий ҳал этилиб, ҳозирда К.Ашурқулова “Ширин садоси” газетаси таҳририятида фаолият юритмоқда. Шунингдек, “Ижодкор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Акром Низамов мурожаатида пластик картасидаги мавжуд маблағнинг бир қисмини зарурат туфайли нақд пул қилиб олишда кўмак сўраган. Ушбу мурожаат “Агробанк”нинг Ширин шаҳар филиали орқали ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳал этилди. Фуқаролар Малик Пўлатов ва Аҳмад Абдиев хонадонларида газ таъминотига доир айрим нуқсонлардан шикоят қилишган. Бу масала “Ширингазтаъминот” идораси томонидан тезда ўрганиб чиқилди ва унга ижобий ечим топилганидан фуқаролар мамнун бўлишди.
Маълумки, кейинги йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга бўлган эътибор янада ортди. Бу борада депутатлар ҳам фаоллик кўрсатаяпти. Депутат Нигора Расулова тегишли ташкилотлар ёрдамида Гулистон педагогика коллежини тамомлаган 3 нафар битирувчининг иш билан таъминланишига эришди.
— Бугунги кунда давлатимиз томонидан биз, ёшларга жуда катта имкониятлар яратилмоқда, — дейди ўз ишидан хурсандлигини билдириб Сарвиноз Бердиева. — Яқинда Гулистон педагогика коллежини тамомладим. Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши депутати Нигора Расулова шаҳардаги 2-мактабгача таълим муассасасига ишга жойлашишимга кўмаклашди. Келажакда устозларим ишончини оқлаб, жамиятда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан. Ҳозирда Ширин шаҳар партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли сифатида партиявий тадбирларда ҳам фаол қатнашиб келаяпман.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Депутатлик гуруҳимизнинг ҳар бир аъзоси фаолиятида депутатлик сўровлари асосида амалга оширилаётган ишлар салмоқли ўринни эгаллайди. Шунга қарамай, депутатнинг ваколатлари доирасидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, фаолиятимизга танқидий ёндашиш лозимлигини англаймиз. Хусусан, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан ҳудудий дастурлар ижросини бажариш юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда сусткашликларга ҳам йўл қўйилаётганлигидан кўз юммаслигимиз керак.
Депутатлик гуруҳимиз томонидан жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган йиғилишда камчиликлар жиддий муҳокама қилинди ва галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди. Шаҳар партия кенгаши фаоллари ҳам иштирок этган йиғилишда партиянинг қуйи бўғинлари билан яқин алоқада амалий фаолиятимизни такомиллаштириш чораларини кўриш хусусида атрофлича фикрлашиб олдик. Ўз-ўзини танқид руҳида ишлаш ва таҳлиллардан зарур хулосалар чиқаришимиз кераклигини чуқур англаб турибмиз. Чунки буни тезкор давр, сайловчи талаби тақозо этаётганини ҳар бир депутат унутмаслиги лозим. Бинобарин, сиёсий куч сайловдан сайловгача бўлган масъулиятли жараёнларда фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш, ўз мақсад ва вазифалари ижросини таъминлаш учун бор имкониятлардан фойдаланишга интилади. Бунда партиянинг ҳар бир тузилмаси, депутатлик гуруҳлари профессионал салоҳиятларини намоён қилиб, ташаббускорлик кўрсатишлари, эл-юрт манфаатлари учун ҳамиша амалий ишлар қилишга қодирлигини ўз фаолиятида намоён этиши зарур.
Матлуба РАҲМОНҚУЛОВА,
халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...
01 янв 1970
Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган учрашувлар ўз самарасини бермоқда....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам қи...
01 янв 1970
Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат дўконидан йогурт ва қатиқ сотиб олгандим. Уйга келиб, уни очиб кўрганимда таъми бузилгани, но...