Иш қобилиятим пасайиб кетмоқда

/
— Яқинда янги «Электрон солиқ хизматлар» портали ишлаб чиқилгани ва тест режимида амалиётга жорий қилингани ҳақида матбуотда ўқиб қолдим. Хўш, бу қандай ўзгаришларга олиб келади?
К.Аллаёров, Хоразм вилояти
— Ҳақиқатан ҳам давлат солиқ хизмати тизимида янги портал ишга туширилди. Порталнинг бош саҳифаси очилганда солиқ органларининг виртуал ходими фойдаланувчиларга янги порталнинг имкониятлари тўғрисида қисқача тушунтиришлар бериб боради.
Кейинги имкониятларидан бири — «Электрон ҳукумат тўғрисидаги» қонун талабларидан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органларининг барча электрон давлат хизматлари — интерактив ва ахборот давлат хизматларига сараланган бўлиб, бунда керакли хизматларни тез ва осонлик билан қидириш мумкин. Бундан ташқари, уларни қидиришни янада соддалаштириш мақсадида, хизматлар йўналишларга ажратилган. Масалан: мурожаатларни ва ҳисоботларни юбориш, рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, маълумотномалар олиш каби хизмат йўналишларига ажратилган.
Шу билан бирга, ҳар бир тоифадаги солиқ тўловчилар учун, яъни жисмоний шахслар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли хизматларни битта ойнада тезгина гуруҳлаш имконияти мавжуд. Тест синовида жорий қилинган хизматлар алоҳида гуруҳга ажратилган.
Шунингдек, жисмоний шахслар, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида шахсий кабинетлар очилди ва ушбу кабинетларда солиқ тўловчи тоифасига тегишли барча электрон давлат хизматлари рўйхати тақдим этилади.
Шахсий кабинетларга кириш қисми ягона идентификациялаш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Шахсий кабинетларда солиқ тўловчиларни яна бир нечта янгиликлар кутмоқда. Хизматлар қулай навигацияли 4 та блокларга ажратилган: «Шахсий маълумотлар», «Ҳисоб-китобларнинг жорий ҳолати», «Солиқ органлари билан ёзишмалар» ҳамда «Фойдали маълумотлар» блоклари.
Солиқ органлари билан барча ёзишмалар ва хабарлар алоҳида блокда йиғилади. Шу билан бирга, шахсий кабинетда солиқ тўловчилар бюджет билан ҳисоб-китоблар тўғрисидаги долзарб маълумотларни куннинг исталган вақтида билиб олишлари мумкин.
Ҳар бир хизмат ойнаси ягона стандарт асосида ишлаб чиқилган. Бунда хизматни тез қидириб топиш учун хизмат иконкаси, хизматнинг номи, фойдаланиш йўриқномаси, хизмат бўйича масъул давлат солиқ инспектори тўғрисида маълумот, солиқ тўловчиларнинг фикрларини ўрганиш, таклиф ва эътирозларини кўриб чиқиш учун хизматга баҳо бериш ҳамда изоҳ қолдириш каби имкониятлар яратилган.
Бугунги кунда порталда давлат солиқ хизмати органларининг 26 та электрон давлат хизматлари амалиётган жорий қилинган. Бундан ташқари, 10 та янги хизмат тест синовида тақдим этилмоқда. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси ва жойлашган жойидан қатъи назар, барча хизматларлан фойдаланиш имконияти яратилган.
My.soliq.uz портали жорий ой давомида вужудга келган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида тест режимида ишга туширилди.
Янги портал бўйича таклиф ва эътирозларингизни mysoliquz@soliq.uz электрон манзилига ҳамда my.soliq.uz порталидаги «Алоқа» бўлимида жойлаштирилган манзилларга юборишингиз мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир хизмат бўйича фикр ҳамда таклифларингизни хизмат саҳифасида изоҳ кўринишида қолдириш имкониятига эгасиз.
Саволга Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга интерактив хизматлар кўрсатиш
шўъбаси бошлиғи Зулфия ХУДАЙБЕРГЕНОВА жавоб берди.
 
— Кейинги пайтда касалликка чалиниб, тез-тез даволанадиган бўлиб қолдим. Иш қобилиятим пасайиб кетмоқда. Куч-қувватимни кундан-кун йўқотиб бораяпман. Шунинг учун ногиронлик нафақасига чиқмоқчи эдим. Ногиронлик нафақасига чиқишим учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади? Ногиронлик қай тартибда тайинланади? Ногиронлар учун имтиёзлар яратилганми? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.
Дилноза Шукурова, Чилонзор тумани
— Ҳудудлардаги даволаш профилактика муассасасининг йўлланмаси билан тиббий-меҳнат эксперт комиссияси шифокорлари шахсни тиббий кўрикдан ўтказади. Бунда беморнинг касаллик тарихи, амбулатор дафтарчаси, кўрикка йўналтирилган тиббий ҳужжатларни ўрганиш йўли билан бемор организмининг барча тизимлари комплекс текширишдан ўтказилади. ТМЭК хулосаси тиббий текширишдан ўтганларга ўша куннинг ўзидаёқ маълум қилинади. Яъни, кўрик натижалари бўйича фуқарога ТМЭК раиси ва аъзолари томонидан имзоланган ҳамда муҳр билан тасдиқланган белгиланган шаклдаги ТМЭК маълумотномаси берилади.
Организм функцияларининг турғун бузилгани боис соғлиққа зарар етади. Шахснинг ҳаёт фаолияти чекланади. Яъни унда ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш, мустақил ҳаракатланиш, мўлжал олиш, муомала қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш лаёқати ва имконияти тўлиқ ёки қисман йўқолади.
Тиббий меҳнат эксперт комиссияси тиббий текширувларни ногиронликни илк маротаба олаётган беморларга қўйидаги тартибда амалга оширади:
— айнан бир касаллик билан боғлиқ ҳолатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кундан бошлаб, узлуксиз тўрт ойдан ортиқ вақтни ташкил этадиган узоқ муддат касал бўлган шахслар (сил касаллигига чалинган беморлардан ташқари);
— биринчи марта аниқланган сил касаллиги вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври касаллик аниқланган кундан бошлаб камида ўн ойни ташкил этганда;
— силга қарши муассасаларда ҳисобда турган сил касаллари асосий касаллик қўзғалганда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик белгиланган кундан камида олти ойни ташкил этганда қабул қилинади.
Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига қуйидаги имтиёзлар бор: стационар шифохонага ётганда бепул овқатланиш. Улар ер солиғи тўлашдан ҳам озод этилган. Реабилитациянинг техник воситалари (ҳасса, қўлтиқтаёқ, эшитув мосламалари, протез, махсус оёқ кийимлар, бандаж, корсет, кресло-коляска ва ҳоказолар) билан бепул таъминланадилар. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2003 йил 27 мартдаги 1229-сонли йўриқномасида бу ҳақда қайд этиб ўтилган.
Учинчи гуруҳ ногиронларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш, квота ва вакант иш ўринларига жойлаштириш, протез ортопедия буюмлари, реабилитациянинг бошқа техник воситалари билан таъминлаш масалалари амалдаги қонун ҳужжатларида қатъий белгилаб қўйилган.
Саволга Тошкент шаҳар, Учтепа туманлараро 104-ТМЭК эксперти Савелий НАГАЙ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Онам билан аёллар учун кийим-кечаклар тикиб, бозорга чиқармоқчимиз. Ўзимиз яшаётган турар жойда фаолиятни амалга оширсак бўладими?...
01 янв 1970
Участка сайлов комиссияларини тузиш қай тартибда амалга оширилади?
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ АБДУҒАНИЕВИЧ КАРИМОВНИНГ ХОТИРАСИНИ АБАДИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби сиёсий жараёнларда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда....