Электрон тижорат: Қонунчилик, амалиёт ва таҳлил

/
Инсоният тараққиётининг бугунги босқичида ахборот ва интернет технологиялари иқтисодий юксалишнинг муҳим омили сифатида ҳаётимизнинг барча соҳаларига жадал суръатларда кириб келмоқда. Бу, ўз ўрнида, электрон тижоратнинг ҳам ривож топиб, глобал иқтисодий фаолликнинг асосига айланишига замин яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, электрон тижоратни ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Шу боисдан электрон тижоратни ривожлантириш ва иқтисодиётни ахборотлаштириш жараёнига мослаштириш борасида қабул қилинган қонунлар, Президент ва ҳукумат қарорлари, яратилган технологик асослар туфайли сўнгги йилларда электрон тижорат бозори шаклланиб, унга хизмат қилувчи механизмлар тизимли равишда такомиллашиб бормоқда.
Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон тўловлар тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар мазкур йўналишдаги ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим асоси сифатида хизмат қилмоқда. Электрон тижорат соҳасининг бугунги ривожланиш босқичи давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2015 йилда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан бевосита боғлиқдир. Ушбу қонун электрон тижоратнинг технологик ва телекоммуникацион ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга маҳаллий хўжалик субъектларининг самарали фаолияти учун қулай шароит яратиш борасидаги тизимли ишларнинг такомиллашувига олиб келди.
Қонун қабул қилиниши билан электрон тижоратнинг келгусидаги истиқболи билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш борасида бир қатор амалий тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ҳукумат қарорига асосан ўрта муддатли истиқболда электрон тижоратни ривожлантиришнинг, рақобат муҳитини кенгайтиришнинг, янги инфратузилма ўсишининг ва қўшимча иш ўринлари яратишнинг йўллари, шаклларини белгилашнинг, шунингдек, электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгиловчи концепция қабул қилинди.
Шу маънода янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилишини ўрганиш, амалиётга қўллашдаги мавжуд тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда соҳага доир қонун ҳужжатларида учраётган бўшлиқларни тўлдириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан саналади.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Электрон тижорат соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги семинар айни шу мақсадга қаратилди.
Семинарда электрон тижорат соҳасида давлат ваколатли органи ҳисобланган Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари, электрон тижорат соҳасидаги етакчи хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва малакали экспертлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда тизимли ва тадрижий давлат сиёсати олиб борилгани натижасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, жисмоний шахслар ва тижорат банклари ўртасида тезкор алоқа ўрнатилиб, масофавий бошқарув орқали банк ҳисоб рақамларини бошқариш, замонавий электрон иловалар ва тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи янги ахборот технологиялари кенг жорий қилингани, бу эса, ўз навбатида, телекоммуникация инфратузилмасининг кескин ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ахборот-коммуникация технологияларининг иқтисодиёт соҳасига кенг жорий этилиши ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасида товар ва хизмат кўрсатишдаги алоқаларнинг янги ривожланиш босқичини бошлаб берди. Айни пайтда Ўзбекистонда электрон тижоратни хўжалик технология жараёнларига фаол жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш, мижозларнинг интернет глобал тармоғи ва мобиль алоқа воситалари орқали интерактив хизмат кўрсатишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Иқтисодий интеграциялашув ва глобаллашув шароитида хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, кичик бизнес вакиллари ва тадбиркорларнинг ўз фаолиятида электрон тўлов ва электрон тижоратни жорий этиши уларнинг рақобатбардошлигини ошириш билан бирга миллий иқтисодиётда юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришишларига сабаб бўлмоқда.
Дарҳақиқат, янги қонун электрон тўловлар тизимини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Чунки шу асосда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини юқори даражада рақамлаштиришга кенг йўл очилди. Бу савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатларни камайтириш, электрон тижорат субъектларининг бир-биридан узоқлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри шартномавий муносабатларни ўрнатиш, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга кўмак беради.
Шу ўринда электрон тижоратни ривожлантириш, янги таҳрирда қабул қилинган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун талабларини амалиётга самарали равишда татбиқ этиш борасида бир қатор масалалар алоҳида эътибор талаб қилаётганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, электрон тижоратда шартномаларни электрон тарзда тузишда ҳануз қоғоз шаклидан фойдаланиш ҳолатлари мавжуд. Бунинг асосий сабаби аҳолининг кўпчилиги, шу жумладан, жойлардаги тадбиркорлар ҳам электрон тижорат ҳақида етарли маълумотларга эга эмас. Электрон тижоратда шартномалар тузилганидан сўнг уни амалиётга татбиқ қилиб, шартнома бўйича реал вазиятда уни ижро этиш, хусусан, ҳисоб-китоб ишларини амалга оширишда турли тушунмовчиликлар мавжуд. Фойдаланувчилар учун турли соҳа ва йўналишларга ихтисослашган, профессионал савдо платформаларига эга ахборот воситачилари сонини кўпайтириш ва қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Шу боисдан жамоатчилик ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, соҳа учун ахборот технологиялари ва тижорат ишларидан бохабар мутахассисларни тайёрлаш, маркетинг ишлари сифатини ошириш, товарларни харидорларга етказиб берувчи курьерлик хизматлари ташкил этиш, бизнес томонидан тижорат ишларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шу орқали харидорларга ишончли ва кафолатланган хизматларнинг таклиф этилиши соҳа ривожига ижобий туртки бўлади.
Шунингдек, тадбиркорларнинг электрон тижорат имкониятларидан фойдаланиш ва уларнинг электрон иқтисодий фаоллигини ошириш учун керакли рағбатлантирувчи давлат дастурларини ишлаб чиқиш зарурати ойдинлашмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Концепцияда электрон тижоратни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга оид бир қатор тадбирлар комплекси белгиланган бўлишига қарамай, ушбу вазифаларни ўз вақтида ижро этиш ва шу орқали самарадорликка эришишга эътиборни кучайтириш ҳам бугунги кун талабидир.
Шу ўринда “Адолат” СДП ҳам мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига кириши лозим, деб ҳисоблайди. Депутатлик корпусимиз бундан кейин ҳам АКТни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тарафдори бўлиб қолаверади. Биз фуқароларга интерфаол давлат хизмати кўрсатиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратамиз.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда электрон тижорат соҳасини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш, аввало, соҳага оид қонун ҳужжатлари, белгиланаётган талаблар ва яратиб берилган имкониятлар билан кенг жамоатчиликни таништириш, тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, бу ўринда давлат, бизнес ва нодавлат сектори ўртасида самарали ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”...
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунлардан улкан сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юр...
01 янв 1970
Халқимизнинг қўлга киритган энг муҳим бойлиги бу, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик десак, асло муболаға бўлмайди...