Соғлом ва баркамол авлод — ёрқин келажак бунёдкори

/
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, 2016 йил 9 февралда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорда ҳам бу борада яқин йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган вазифалар белгиланган.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори муовини Камола СОЛИҲОВА билан кейинги йилларда мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу борада қабул қилинаётган Давлат дастурларининг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти хусусида суҳбатлашдик. Шунингдек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида профилактикасига жиддий эътибор қаратилиши кўзда тутилган чақалоқларнинг геморрагик касаллиги, унинг белгилари ва асоратлари мавзусига ҳам тўхталдик.
— Юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш масаласи ҳукуматимизнинг доимий эътиборида. Узоқ йиллардан буён тиббиёт соҳасида фаолият юритиб келаётганим боис она ва бола саломатлигига бўлган эътибор, шароит, имкониятлар борасида аввалги ҳолат билан бугунги кундаги вазиятни кўплаб мисоллар ёрдамида бевосита қиёслаш, солиштириш имкониятига эгаман. Марказимизга келган ҳар бир ёш, иқтидорли шифокорлар, мутахассислар, амалиётчиларга бу ҳаётий мисолларни сўзлаб беришга ҳаракат қиламан. Зотан, бугунги имконият, шароитлар бирданига яратилмагани, бунинг учун қанчадан-қанча саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини жонли мисоллар ёрдамида тушунтиришни ўзимнинг бурчим, деб ҳисоблайман.
Бундан 25-30 йиллар аввал ҳомиладор аёллар саломатлигини тўла-тўкис текширтириш учун, албатта, пойтахтга келган бўлса, эндиликда республикамизнинг барча вилоятларида скрининг марказлари фаолият юритаяпти. У ерда кўплаб аёллар ҳомиладорликнинг 12 ва 14-20 ҳафтасида текширувдан ўтишмоқда. Авваллари ҳатто вазни 1,5 килограмм атрофида туғилган болаларнинг ҳам яшаб кетишига ишончсизлик билан қараларди. Бугун эса тиббиётимиздаги шароитлар талаб даражасида бўлиши натижасида бир килограммдан кам вазнда туғилган чақалоқлар ҳам соғломлаштирилиб, бахтиёр ота-оналар сафи кенгаймоқда. Ёки айтайлик, болалар орасида туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги касаллиги оқибатида жажжи болажонларимиз дунёнинг энг бебаҳо неъматларидан бири — эшитиш қобилиятидан маҳрум бўлган тақдирда уларга тўлақонли ёрдам беришимизнинг иложи бўлмаган. Бугун эса саноқли давлатлардагина қўлланилаётган амалиёт бизнинг мамлакатимизда ҳам муваффақиятли амалга ошириб келинаяпти. Яъни, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказимизда 2014 йилдан бошлаб эшитиш заифлиги бўлган болаларда кохлеар имплантация операцияси йўлга қўйилиши тиббий муассасаларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этишга қаратилган муҳим ислоҳотларнинг натижасидир.
Шу ўринда статистикага мурожаат қилсак, Ўзбекистонда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар, “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилга нисбатан 1,8 марта камайганини таъкидламасдан бўлмайди. “Save the children” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олгани ҳам юқоридаги фикрларимизнинг исботидир.
Айни пайтда оналар ва болаларнинг соғлиғини таъминлаш борасида ҳали олдинда қилинадиган ишларимиз кўп. Жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар янада юқори даражага кўтарилади. Бу каби хайрли ишларни амалиётга татбиқ этишга оз бўлсада ҳисса қўшсак, ўзимизни бахтиёр ҳис қилган бўлардик. Зеро, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, баркамол авлод вакиллари мустақил фикрлай олади, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга бўлади. Бундай ёшлар эса мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодирдир.
— Камола Шавкатовна, Давлат дастурида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар ва болалар ҳамда ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилишга оид кўплаб масалалар қаторида чақалоқларнинг геморрагик касаллиги профилактикасини назарда тутувчи вазифалар ҳам белгиланган. Айтинг-чи, чақалоқларда геморрагик касаллик деганда нимани тушуниш мумкин? Унинг белгилари, асоратлари нималарда намоён бўлади?
— Баъзан К витамини етишмаслиги оқибатида эндигина туғилган чақалоқларда геморрагик касаллик ҳам учраб туради. Статистик маълумотларга кўра, чақалоқлар геморрагик касаллиги ҳар 1000 нафардан 2 нафарида учраши мумкин.
Бундай хасталикка чалинган чақалоқда илк ҳафтада кўп қон кетиш ҳоллари кузатилиб, амалиётда бу хасталикнинг уч хил, яъни эрта геморрагик касаллик, классик геморрагик касаллик, кечки геморрагик касаллик шакллари учрайди.
Эрта геморрагик бола туғилган куннинг ўзидаёқ, классик турида эса 1-7 кун оралиғида касаллик белгилари ўзини намоён қилади. Қон асосан организмнинг ошқозон-ичаклари, тери ҳамда бурун бўшлиғи орқали кетиши кузатилади. 2-12 ҳафта оралиғида касаллик белгилари кузатилиши эса кечки геморрагик касалликдан далолатдир. Бундай ҳолатда тананинг юқорида келтирилган қисмларидан бирида ёки бош мия ички қисмида қон қуйилиши кузатилиши мумкин.
Чақалоқларда геморрагик касаллик нафақат наслдан-наслга ўтади, балки бундай ҳолат турли хил кучли дори воситаларини қабул қилган ёки қийинчилик билан туғилган, хусусан, ҳомила гипоксияси, ҳомила ичи инфекцияси, асфиксия билан туғилган болаларда ҳам кузатилиши мумкин. Муддатига нисбатан эрта туғилган чақалоқлар, жигар фаолияти суст болаларда ҳам бу хасталик билан касалланишга мойиллик кучли бўлади.
— Чақалоқларда геморрагик касалликлар юзага келган тақдирда ота-оналарга болани парваришлашга оид қандай кўрсатма ва тавсиялар бера оласиз? Бу хасталикнинг олдини олиш учун бўлажак ота-оналар нималарга амал қилгани маъқул?
— Кечки геморрагик касаллик асоратлари ҳаёт учун хавфлидир. Бунда ота-оналар болада рўй бераётган ўзгаришларга дарҳол аҳамият бериши керак. Хусусан, болада тана сарғайиши бир ойдан кўп сақланиши, бола танасида кўкаришлар пайдо бўлиши, бурни ёки бошқа шиллиқ пардалардан қон кетиш аломати бўлганда дарҳол шифокорга мурожат қилиш зарур. Агар зудлик билан даволаниш бошланмаса, қисқа муддатда бош мияга қон қуйилиш хавфи юзага келиб, бу болада геморрагик инсульт ва кейинчалик ногиронликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, уй шароитида мушакка инъекция юборилган вақтда бу жойдан узоқ вақт қон кетиши ҳам хавотирланишга етарлича асос борлигини англатади.
Соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Она организмидаги ҳар бир ўзгариш болага ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу боис оилада ҳомиладорликни режалаштириш даврида бўлажак она ҳамда ҳомиладор аёлларни соғломлаштиришга муҳим аҳамият бериш лозим.
Ҳомиладорлик даврида бўлажак она ўзининг гемоглабин миқдорини меъёрий ҳолатга келтириб олса, туғилажак бола ҳомила ичи гипоксияга чалинишининг олди олинади. Бу ҳам болада тромбогеморагик ўзгаришлар пайдо бўлиши хавфини камайтиради. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун бўлажак она ўз вақтида шифокорга мурожат қилиши ва шифокор маслаҳатларига риоя этиши, ҳомиладорлар таомномасида гемоглабин миқдорини оширувчи маҳсулотлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Чақалоқларда геморрагик касалликнинг олдини олишда К1 витамини муҳим аҳамиятга эга. Бу витамин болаларда геморрагик касалликни, бош мияга қон қуйилиши (геморрагик инсульт) кўрсаткичини анча камайтиради. Шу боис К1 витамини чақалоқ дунёга келишидан кейин 6 соат оралиғида қўлланилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Витамин шифокор назорати остида қўлланилади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Давлат дастури асосида республикамизнинг деярли барча туғуруқ комплексларида К витамини қўлланиши йўлга қўйилмоқда.
Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида кўплаб касалликларнинг олди олиниши, миллатимиз генофонди янада яхшиланиши, юртимиз довруғини дунёга танитадиган, ҳар томонлама баркамол авлод шаклланишига ишонамиз.
«Adolat» мухбири
Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Судларнинг фуқароларимизни “отангга бор, онангга бор” қабилида овора қилиш ҳолатлари етарлича топилади....
01 янв 1970
Ислом манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди....
01 янв 1970
Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади....