Ер муносабатларининг ҳуқуқий асослари

/
Бундан етти йил муқаддам, яъни 2009 йилнинг 22 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур санани Бутунжаҳон Ер куни, деб нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Шундан буён ушбу сана жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари томонидан нишонланиб келинади.
Маълумки, бугун она сайёрамизда 1,5 миллиард гектар ерга қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 6-7 миллион гектар ер экин экишга яроқсиз ҳолга келади. Дунё бўйича суғориладиган ерларнинг деярли 40 фоизи турли даражада шўрланган.
Бугунги кунда сайёрамиз аҳолисига нисбатан ҳайдаладиган ер 10-20 йил аввалгидан камроқ тўғри келишини назарда тутсак, тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини икки карра, уч карра кўпайтириш яқин келажакда деҳқончиликнинг асосий вазифаси бўлиб қолиши лозимлиги яққол намоён бўлади.
Афсуски, бугунги кунда тупроқ қатлами емирилмоқда, яхши унумдор ерлар камайиб бормоқда, тобора жадаллик билан таназзулга юз тутмоқда. Ер ресурсларидан ҳар томонлама оқилона фойдаланмай, тупроқ қатламини турли емирилиш-эрозияланиш ва бошқа салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш чораларини кучайтирмай, қишлоқ хўжалиги билан алоқадор бўлган, мақсадли ерларни тежаб-тергаб ишлатиш йўлларини қилмай туриб, юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал этишнинг имкони мавжуд эмас.
Тупроқнинг унумдорлигини ошириш кўп жиҳатдан унга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлишга, уни яхшилашга қаратилган тадбирлар мажмуасига боғлиқ. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида интенсив фойдаланиладиган ерлар, асосан, суғориладиган майдонлар 4,28 миллион гектарга тенг. Бу ерлар ҳақиқатдан ҳам республикамизнинг “Олтин фонди”ни ташкил этади ва уларда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 95 фоизидан ошиқроғи етиштирилмоқда.
Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг 2,5 миллион гектарга яқини турли даражада шўрланган, бунга тупроқ хоссаларини ва грунт сувлар чуқурлигини ҳисобга олмасдан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш, ортиқча суғориш, коллектор-зовурлар тизими ёмон ишлаши сабаб бўлган. Грунт сувлари кўтарилиши сабабли баъзи ерлар ботқоқланиб кетган. Гумус тупроқ унумдорлигини белгиловчи муҳим омилдир, лекин кейинги йилларда тупроқда дегумификация жараёни туфайли, Ўзбекистоннинг пахтачилик туманлари тупроқларида 40-50 фоизгача гумус камайган, натижада тупроқнинг биологик фаолияти ёмонлашган. Шуларни эътиборга олган ҳолда, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини изчиллик билан жадаллаштириш, ер фондидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ҳар гектарининг унумдорлигини, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муаммолар ечимини ишлаб чиқиш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу борада тупроқ унумдорлигини сақлаш, йил сайин мунтазам ошириб бориш қишлоқ хўжалик мутахассислари зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва мелиоратив тизимлар қуриш, улардан фойдаланишга боғлиқ табирлар ўтказишга давлат томонидан катта маблағлар ажратилаётганлиги бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришиши, мустақил суверен давлат деб эълон қилиниши ва ҳуқуқий жамият қуриши, ўз ҳудудида ер муносабатларини тартибга солишда ва ривожлантиришда, ҳамма соҳаларда мустақилликка эришганлиги унинг қонунларини янгилаш ва такомиллаштиришга имкон берди. Мамлакатимиз аграр соҳада ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида бир қанча қонунлар ва уларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Жумладан, ер муносабатларини ҳуқуқий асосда ривожлантириш ва тартибга солиш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ер кадастри тўғрисидаги қонунлар ва бошқа қонунлар Олий Мажлис томонидан қабул қилинди ва тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида экани белгиланган.
Қонун ҳужжатларида ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоат назорати мавжудлиги эътироф этилган бўлиб, Ер кодексининг 84-моддасида ер назоратини амалга оширишда жамоат ташкилотлари давлат органларига кўмаклашиши белгилаб қўйилган, ушбу норма 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан мустаҳкамланди. Яъни, қонунда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг экологик назорат соҳасидаги ваколатлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фуқароларнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган.
Юртбошимизнинг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада барқарор ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини ошириш ва шу асосда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, шунингдек, мелиорация ишларини ташкил қилиш ва молиялаштириш механизмини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги вазифалар белгилаб берилди. Ушбу фармонга биноан, Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ҳамда “Ўзмелиомашлизинг” давлат компанияси ташкил этилди. Бу мамлакатимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда асосий омил бўлмоқда.
Президентимиз мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор берилаётганлиги, бу вазифа энг муҳим устувор йўналишлардан бири бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолиши тўғрисида сўз юритиб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги, мамлакатимизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нафақат қишлоқ меҳнаткашлари, балки бутун Ўзбекистонимиз аҳолисининг моддий фаровонлигини ошириш бебаҳо бойлигимиз бўлган еримизнинг унумдорлиги, унинг сифатини мунтазам яхшилаб бориш билан узвий боғлиқдир, деб таъкидлади.
Ўтган даврда бу борада кўрилган чоралар натижасида 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланганлиги, бу жами экин экиладиган майдонларнинг ярмидан зиёди эканлиги, олиб борилаётган ишлар туфайли сизот сувлари энг оғир даражада, яъни, 2 метргача юзада жойлашган ерлар қарийб 500 минг гектарга ёки учдан бирига камайганлиги, кучли ва ўртача шўрланган ерлар эса 100 минг гектарга ёки 12 фоизга қисқарганлиги, мелиорация тадбирлари амалга оширилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари эса 3-4 центнерга ошгани бу борада эришилган энг муҳим натижа эканлиги ва агарки бу рақамларни гектарларга кўпайтирадиган бўлсак, амалга оширган ишларимизнинг самараси янада яққолроқ намоён бўлиши тўғрисида фикрларини баён қилди.
Мухтасар қилиб айтганда, халқимизнинг фаровон ҳаёти, ризқ-рўзи манбаи ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожининг таянчи бўлган она еримизни асраб-авайлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни турли хил салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.
Алишер МАХМАТМУРОДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мактабларимизда янги ўқув йили бошланганига ҳам ўн кундан ошди. Ўзгаришлар бир олам. Уларнинг ҳаммаси яхшиликка......
01 янв 1970
Фарғона нафақат вилоятнинг, балки водийнинг марказий ва гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Маҳалла — халқимизнинг аҳиллиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлигини намоён этувчи маскан....
01 янв 1970
Тадеуш Доленга-Мостович қиссаси асосида суратга олинган “Табиб” фильмини қайта-қайта бўлса-да, барчамиз севиб томоша қиламиз....