Парламент назорати механизми депутатлик корпусимиз ишини янги босқичга кўтаради

/
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. Яқинда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни миллий парламентаризм ривожининг янги босқичини бошлаб берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида мазкур янги қонунда белгиланган талабларни самарали жорий қилишда фракция олдида турган долзарб вазифалар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳуқуқий ҳужжат парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, парламент назоратини амалга оширишда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ўзаро муносабатларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтирувчи механизмларни жорий этиш имконини беради. Шунингдек, янги қонун парламент назорати тўғрисидаги нормаларни унификация қилиш, парламент назоратини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш имконини беради.
Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда унинг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари ҳамда депутатлар парламент назоратининг субъектлари сифатида белгилангани зиммамизга катта масъулият юклайди. Яъни, депутатлик корпусимиз қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашда кучли механизм бўлиб хизмат қиладиган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишидан манфаатдор.
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши ҳамда улар томонидан қонун ҳужжатларининг бажарилиши юзасидан назоратни кучайтириш тарафдори ҳисобланади. Партиямизнинг ушбу принципиал позициясидан келиб чиқиб, биз давлат бошқаруви органларининг фаолияти, қабул қилинаётган қонунларнинг, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш давлат дастурларининг сўзсиз ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоғимиз зарур. Фракциямиз парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва бошқарув органлари раҳбарларининг қонунчилик ижросининг бориши тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда тинглаш, депутатлик сўровларига батафсил жавоблар олишни парламентнинг кундалик амалиётига айлантиришда барча саъй-ҳаракатларини ишга солиши лозим.
Парламент назоратининг қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилиш ва парламент текшируви каби шаклларининг ҳуқуқий асосларини яратгани янги қонуннинг муҳим жиҳатларидан биридир. Айни шу жиҳат асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартириш, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғояларини илгари суришга доир депутатлик корпусимиз қонунчилик фаолиятининг асосий мезонини амалга оширишда етакчи механизм бўлиб хизмат қилади.
Қонунда Олий Мажлис палаталари назорат функцияларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва усуллари мустаҳкамланиб, мамлакатнинг энг муҳим иқтисодий ҳужжати – Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишга доир нормалар белгилангани ҳам биз учун аҳамиятлидир. Ушбу жараёнда биз партиямиз дастурий ғояларидан келиб чиқиб, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатишда янада фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади.
Бир сўз билан айтганда, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун нафақат Олий Мажлис ва депутатлик корпуси ишини янада фаоллаштириш учун кучли омил, балки ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг муҳим қисми сифатида мамлакат парламентининг роли, ваколатлари ва назорат функцияларини кучайтиришга қаратилган ишларнинг навбатдаги босқичидир.
Шунингдек, йиғилишда “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар ва бу соҳада фракция олдидаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш тарафдори сифатида муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлаш, муқобил энергетикани жорий этиш ва рағбатлантириш юзасидан махсус дастурни қабул қилиш ва энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, аҳоли ўртасида энергия ресурсларига нисбатан тежамкорона муносабатда бўлишни тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб боришни мақсад қилган.
Ўтган йиллар мобайнида партия Сиёсий Кенгаши ташаббускорлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва қатор ҳудудий кенгашлар фаоллари томонидан бутун мамлакатимиз миқёсида инновацияга асосланган иқтисодиётнинг тараққий топишига эришиш йўлида самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Улар қаторида “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси томонидан ишлаб чиқилди. Ҳозирда ушбу қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ва қабул қилинишига эришиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Даврон ТАНГИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши юртимизда ҚТЭМ соҳасини тараққий эттиришнинг қонуний, илмий ва амалий йўналишларини белгилаб беради ҳамда мамлакатимиз миллий хавфсизлигининг ажралмас қисми бўлган экологик ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш имконини яратади.
Айни пайтда Қонунчилик палатасида тузилган ишчи гуруҳи томонидан қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг бу борадаги салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланмоқда. Чунки Ўзбекистон иқлими ва географик жойлашуви жиҳатидан муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқаришга жуда қулай. Шунинг учун ҳам қонунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан умумий электр тармоғига олинадиган электр энергиясини узатиш механизми ва тартибини белгилаш, муқобил энергетикани ривожлантириш жамғармасини шакллантириш каби масалаларнинг ҳуқуқий механизмларини акс эттириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, илмий жамоатчилик ҳамда экспертларнинг таклифларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини соҳада бозор муносабатларини “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида юритишни белгиловчи ҳуқуқий нормалар билан тўлдириш, соҳадаги илмий салоҳият, таълим, “ноу-хау” тизимидаги тренинглар ва малака ошириш масалаларини ҳам қамраб олишга эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда илғор хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибаларига ҳам таянилмоқда.
Албатта, мамлакатимиз иқтисодиётида юксак аҳамиятга эга муқобил энергия турларини ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган Президентимизнинг “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳам мустаҳкам асос бўлмоқда.
Йиғилиш сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Саховат — инсонлардаги энг олий фазилат ҳисобланади. Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоллари ана шу қадриятни доимо амалга оширишга ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, мамлакатлар та...