Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси

/
Инсон, жамият ва давлат учун катта хавфга эга бўлган ва бир вақтнинг ўзида жамият ҳаётининг барча соҳаларига салбий таъсир ўтказадиган коррупция омиллари бугунги кунда нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва хавфсизлиги учун таъсир ўтказади, балки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларини бузади ва тадбиркорликнинг ривожланиши учун тўсқинлик қилади.
Коррупция билан курашиш Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида ҳам коррупция ислоҳотлар йўлидаги тўсиқ ва давлатимизнинг миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳоланади.
Коррупцияга қарши кураш, уни бартараф этиш кўп ҳолларда унга сабаб бўлувчи омилларни, ҳолатларни ва шарт-шароитларни аниқлашдан ва уларни бартараф этишдан, шунингдек, унга қарши комплекс курашдан иборат бўлади.
Мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар самарадорлиги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли, нафақат қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқлаштиришни таъминлаш, балки уларда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан суиистеъмолликларнинг амалга оширилиши, амалиётда коррупциянинг турли шакллари вужудга келишига олиб келувчи нормаларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ норма Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низомда белгиланган. Унга кўра, Адлия вазирлигига амалдаги қонун ҳужжатларида “оқ доғлар”ни, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш юзасидан вазифа юклатилган.
Бундан ташқари, 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлилни амалга оширади.
Шу ўринда, коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш вақтида адлия органлари ходимларига йўналиш ва қўлланма бўлиши учун 2011 йилда Адлия вазири томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти тасдиқланган.
Мазкур соҳадаги муносабатларни янада такомиллаштириш ва барқарорлаштириш мақсадида, шунингдек, Услубиётга янги даража бериш учун 2015 йил 25 декабрда Адлия вазири томонидан Услубиётнинг янги таҳрири идоравий-норматив ҳуқуқий ҳужжат сифатида тасдиқланди.
Услубиётни ишлаб чиқиш вақтида Европа Иттифоқи ва МДҲ мамлакатларининг ушбу соҳадаги ижобий ҳуқуқий тартибга солиш амалиёти батафсил ўрганиб чиқилди. Хусусан, ўрганиш давомида коррупцияга қарши экспертизанинг предмети, нормаларда ўз ичига олиши мумкин бўлган коррупциявий омилларнинг турларига алоҳида эътибор берилди.
Қабул қилинган Услубиёт мазмунида ҳуқуқни қўллаш жараёнида коррупцион кўринишларга олиб келиши мумкин бўлган коррупциявий омилларни аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларининг, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг тартибини белгилайди.
Партия давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ва эркин талқин этишга, тўрачилик, расмиятчилик, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдори.
(Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридан)
Услубиётда унда қўлланиладиган асосий тушунчалар, коррупцияга қарши экспертизанинг вазифалари, тамойиллари, лойиҳаларнинг коррупциявий омилларга эга бўлган нормалари, коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда қўлланиладиган ахборот, адлия органи ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва бошқа масалалар ёритиб ўтилган.
Услубиётга кўра, коррупцияга қарши экспертизанинг вазифалари сирасига лойиҳаларда коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этишга имконият яратувчи коррупциявий омилларни аниқлаш; коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этиш мумкинлигига доир қисми бўйича лойиҳани қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолаш; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупцион тусдаги хавфларнинг вужудга келиши имкониятларини прогнозлаштириш киритилган.
Коррупцияга қарши экспертиза қонунийлик, ҳуқуқни қўллаш нормаларининг шаффофлиги ва барқарорлиги, холислик ҳамда мустақиллик тамойилларига асосланади.
Коррупциявий омиллар деганда ҳуқуқни қўлловчиларга асоссиз равишда кўриб чиқишнинг кенг доирасини ёки умумий қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз қўллаш имкониятини белгиловчи, жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва (ёки) оғирлаштирилган талабларни, шунингдек, ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни ўз ичига олган лойиҳаларнинг нормалари тушунилади.
Услубиётда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган жами 22 та омиллар кўрсатиб ўтилган.
Мазкур омиллар асосида адлия органлари томонидан бир неча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида коррупцияга замин яратиши мумкин бўлган нормалар аниқланган.
Масалан, экспертизага тақдим этилган “Хусусий мулк ҳуқуқининг янада кучайиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши давомида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига таклиф қилинган янги моддада (Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) “мулкдорнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зиён етказиш” жумласи ўз ичига коррупцион омилларни олиши тўғрисида хулоса қилинган.
Коррупцияга қарши экспертиза ҳуқуқий экспертиза доирасида адлия органлари томонидан ўтказилади. Бундан ташқари, у ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи, шунингдек, лойиҳалар келишилиши лозим бўлган органларнинг юридик хизмати томонидан ўтказилиши мумкин.
Мазкур экспертиза ўтказилаётганда лойиҳанинг ҳар бир нормаси ёки қоидасининг, шунингдек, лойиҳа қоидаларининг бу соҳадаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги даражасининг таҳлили амалга оширилади. Шунингдек, экспертиза ўтказилаётганда ҳам расмий, ҳам норасмий ахборотдан фойдаланилади.
Лойиҳада коррупциявий омиллар аниқланган тақдирда, адлия органининг коррупцияга қарши экспертизаси натижаси ҳуқуқий экспертиза ўтказилиши натижалари бўйича тайёрланадиган хулосада акс эттирилади. Хулосада коррупцияга қарши экспертизани ўтказишда аниқланган коррупциявий омиллар улар аниқланган лойиҳанинг таркибий қисмларини ёритган ҳолда кўрсатиб ўтилиши лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, коррупциянинг олдини олишга қаратилган тизимли тадбирлар амалга оширилиши, шу жумладан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётининг тасдиқланиши Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши олиб борилаётган сиёсатни янада кучайтиришга ва халқаро ҳамжамиятда бу борадаги ўрнимизни оширишга олиб келади.
Искандар МУСУРМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилган товар моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 93 миллион сўмдан...
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...
01 янв 1970
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни &ldq...