Хоинлик — кечирилмас гуноҳ

/
“Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган “Хоинлик” номли кўрсатувни томоша қилар эканман, беихтиёр маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асаридаги ҳикматли жумлалар ёдимга тушди: “Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор...”
Қаранг-а, баъзи бир кимсалар ўз киндик қони тўкилган Ватанига хоинлик қилиш даражасига бориб етса, бу қилмиши учун биз уларни ҳайвонга қиёсласак, мантиқан тўғри бўлмас экан. Зеро, ҳаттоки ақлсиз жонивор ҳам бундай разилликка жаҳд қилмас экан.
Одатда, эллик ёшли инсон деганда кўз олдимизда ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, оқни қорадан ажрата оладиган, ёшларни тўғри йўлга чорлайдиган киши гавдаланади. Бироқ Шарифжон Асроров шу ёшида ҳам бировга насиҳат қилиш у ёқда турсин, ҳали ўзи бу дунёда яшашдан мақсади нима эканлигини яхши англаб етмаган кўринади. Унинг ўтган умри давомида қилган қилмишлари, жиноятлари бунга яққол мисол бўлади. Ш.Асроров шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддалари билан 5 маротаба озодликдан маҳрум этилган. Яхшиликни, одамгарчиликни тушунмайдиган бу қабиҳ кимса унга қайта ва қайта тубанлик ботқоғидан чиқиш ва тўғри йўлга қайтиш учун берилган имкониятларни суиистеъмол қилади. Ватанига хиёнат қилиш, халқи юзига оёқ қўйишдан қайтмаган Шарифжон Асроровнинг ҳаёт йўлига назар ташласангиз, юриш-туриши шундай бўлган одамдан яна нимани кутиш мумкин, деган хулосага келасиз.
Янада ажабланарли томони, Ш.Асроров уч марта оила қурган. Дастлаб Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан, кейин Тожикистон Республикасидан уйланган. Бир қарашда аҳамиятсиздек кўринган бу жиҳат аслида хоинлик учун муҳим восита бўлиб хизмат қилган. Маънавий қашшоқлик, манқуртлик домига ғарқ бўлган, моддий манфаат учун ҳар нарсага тайёр бу кимса ҳар сафар ғаразли мақсадни кўзлаб турмуш қурган. Бўлмаса онгли инсон бир марта хато қилдими, бундан хулоса чиқаради. Минг афсуски, Шарифжон Асроров кўриб-билиб эгри йўлда юришда давом этади. У жосуслик жиноятини Тожикистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлайдиган қариндошлари билан ҳамкорликда амалга оширади.
— Бунақа Ватан хоинларининг юртдан чиқиши шу юртда яшаётган бизларга ҳам уят, — дейди кўрсатув иштирокчиси, партиядошимиз, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибаев. — Ичимиздан чиққан сотқин бизнинг сиримизни билиб, қаерда нима бор эканини кимгадир бориб чақиши бу — ўтакетган разиллик. Бундай нафс қулига айланган кимсалар элини, юртини, фарзандини, ота-онасини ўйламайди. Уларга фарқи йўқ. Ҳаром иш бундайларга одат бўлиб қолган. Ўзини билган одам бундай гумроҳлардан нафратланади. Эрта бир кун эл уларнинг тобутини кўтармайди.
1996 йилдан буён қўшни давлат махсус хизматлари фойдасига жосуслик қилиш билан шуғуллана бошлаган Шарифжон Асроров аввалига хоинлар сафини тўлдириши мумкин бўлган номзодлар ҳақидаги маълумотларни етказиб бера бошлайди. 2001 йилга келиб эса, у мамлакатимиз чегараларини қўпол равишда бузиб ўтиб, юртимизнинг чегара ҳудудларида, хусусан, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган ҳарбий қисмлар, стратегик объектлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳокимият биноларининг манзиллари, уларда фаолият олиб бораётган ходимлар сони, иншоотлар қай тартибда қўриқланиши ҳақида батафсил маълумотларни қўшни давлатдаги ҳамтовоқларига етказиб туради.
Ш.Асроров шу ёшида халқ орасида шарманда бўлмаслиги, бундай оғир иснодга қолмаслиги ҳам мумкин эди-ку?! Ахир уни ота-онаси дунёга келтирганда мард, жасур инсон бўлиб вояга етиши, кексайганда уларга мадор бўлиши ҳақида орзу қилмаганмиди?! Нега орадан шунча йиллар ўтиб, юрагини муз қоплаган, инсонийликдан бегона, ҳаётда аниқ мақсади йўқ, пул учун ҳар қандай разилликка тайёр одам пайдо бўлди?
— Бундайларнинг дўстиям, шеригиям иблис бўлса керак, — дея фикрини давом эттиради Т.Матибаев. — Ҳалол инсон ҳеч қачон жосуслик кўчасига кирмайди. Ўзини ўйламаса ҳам фарзандларини ўйлайди. Ота-онасини ўйлайди. Хоин кимсалар муқаддас ислом динимизда ҳам қаттиқ қораланади.
Дарҳақиқат, иродаси заиф, маънавий қашшоқ одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Шарифжон Асроров ҳам тубанлик ботқоғига ботган кимса. Унинг учун оила, оталик бурчи, нон-туз еган жойнинг қадр-қиммати зиғирчалик аҳамиятга эга эмас. Уни нафс балосидан бошқа нарса қизиқтирмайди. Ахир виждон азоби қийнаганда хоин, сотқин деган тавқи лаънатга қолишдан чўчиган бўларди.
Ажабо, хоин кимсалар ўйламаяптики, улар фарзандлари, авлодлари, набираларига Ватан хоинининг ўғли, қизи, набираси деган нафратни, оғир юкни мерос қилиб қолдириб кетади. Шунчалар ҳам пасткашлик бўладими?
Энг ёмони, Шарифжон Асроров ўтган йиллар мобайнида қўшни давлатдаги ҳамтовоқларига доимий равишда маълумот етказиб келган. Боз устига бу ишга нафақат ўзи, балки таниш-билишларини ҳам жалб этишга ҳаракат қилган. Сирнинг катта-кичиги бўлмайди. Бугунги таҳликали замонда арзимасдек туюлган маълумот эртага катта фожиага олиб келиши мумкин. Ахир чегара ҳудудларимиз муҳим стратегик аҳамиятга эга. Орамизда биттагина хоин бўлса ҳам халқимиз хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли ҳар биримиз масалага фаол фуқаролик позициясидан туриб ёндашишимиз, лоқайдлик, бепарволикни четга суриб, дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз лозим. Шунда фуқаролик позициясини унутган Шарифжон Асроровга ўхшаган сотқинларга ўрин қолмайди.
Жиноятга жазо муқаррар. Буни хоин Шарифжон Асроровнинг тақдири мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Замон ва макон танламайдиган бир ҳақиқат бор. Хоин асло кечирилмайди. Бу йўлга кириб, эл-юрт нафратига учраган кимса доимо лаънатланади, ўзидан хоин деган ном қолдиради. Негаки, унинг қилмиши бевосита халқ тинчлигига, юрт осойишталигига дахл қилади.
Зеро, она Ватаннинг қадрига етмаган, ўз ота-боболари, аждодлари хокини топташга ҳаракат қилаётган разил кимсалар умри хору зорликда ўтиши муқаррар.
Зарафшон ҚАЛАНДАРОВА,
«Adolat» мухбири
Gracelin 17:41, 03 февраля 2017
A piece of erudtiion unlike any other!

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий қонунимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда....
01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади... 
01 янв 1970
Олий суд ОАВ томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган....
01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...